Коинот нима?
Коинот – макон ва замондаги бепоён борлиқ, чексиз моддий олам. Ҳар хил жисмларни, уларнинг тизимларини, моддаларнинг ҳаракати жараёнида вужудга келадиган космик объектларни (Ерга қараганда бир неча млн. марта катта) ўз ичига олади. Оламда содир бўладиган турли ҳодисалар ўзаро боғлиқ ва бир-бирини тақозо этади. Улар фазо ва вақтга боғлиқ ҳолда ривожланади. Бу алоқаларга бўйсунадиган қонуниятларни ўрганиш табиатшуносликнинг вазифаси. Модданинг коинотда, макон ва замонда тақсимланиши, турли космик жисмлар ва уларнинг тизимлари астрономияда, Коинотнинг умумий тузилиши, ўтмиши ва келажагига оид масалалар космологияда ўрганилади.
Коинотдаги моддаларнинг асосий таркиби плазмадан иборат. Бироқ коинотда ўта зич табиатли (қора туйнук), шунингдек, асосан, айниган газлардан иборат бўлган объектлар (нейтрон юлдузлар) ҳам бор. (Википедиядан қисқартиришлар билан олинди).
Космик маконга берилган расмий таъриф бундай: “Самовотнинг атмосфера чегараси ташқарисидаги нисбатан бўш жойларига ўрнашган осмон жисмлари”. Нима бўлганда ҳам, коинот – юлдузлар, сайёралар ва уларнинг йўлдошлариаро бир бўшлик эмас. Коинот – юлдузлараро материя, космик нурлар ва электромагнит нурланиш деб аталадиган водород молекулаларидан иборатдир.