Мақолалар

Онаизоримиз, хаста беморимиз

Чоп этилди Oktabr 16, 2020 Онаизоримиз, хаста беморимизda fikr bildirishni o'chirish

Бир қизиқ одатим бор. Тўғриси, табиатимда бу одатнинг қачон пайдо бўлганини билмайман. Қаерга борсам, ўша ернинг тупроғига қарайман: ўзимизнинг тупроғимизга ўхшармикан? Менимча, бу туйғу ҳеч кимга бегона бўлмаса керак. Чунки Яссавий ҳазратлари айтганларидек, аслимиз, наслимиз , ўзимиз – тупроқмиз…

“Салмоғи Қуванинг анорича бор” (А.Орипов) сайёрамиз олимларнинг таърифича, гравитацион (тортиш), иссиқлик, магнит ва электр майдонларига эга. Ернинг гравитацион кучи Ой ва сунъий йўлдошларни Ер орбитасида тутиб туради. Ернинг сферик (думалоқ) шаклда бўлиши, Ер усти рельефининг кўп хусусиятлари, дарёлар оқими, музликлар силжиши ва бошқа жараёнлар ҳам гравитацион майдон оқибатидир.

Ер юзаси, гидросфера, шунингдек, атмосфера ва Ер пўстининг ер юзасига яқин қатламлари географик қобиқ ёки ландшафт қобиғи деган умумий ном билан аталади. Ҳаёт географик қобиқ пайдо булган бўлиб, географик қобиқни тубдан ўзгартириб юборган. Ернинг ҳаёт ва биоген маҳсулотлар тарқалган соҳаси биосфера деб аталади.

Узоқ йиллар Ер – Коинот маркази деб қаралди. Фақат XVI асрга келиб, сайёраларнинг юлдузлар фонидаги сиртмоқсимон ҳаракатларини тушунтириш асосида поляк астрономи Н.Коперник Ер Қуёш атрофида айланувчи оддий сайёралардан бири эканини исбот қилди… (Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясидан).

Бу таъриф бир неча бўлимдан иборат ва бир китоб бўладиган даражада узун. Аммо у академик усулда, совуққон руҳда ёзилган. Зотан, илмнинг талаби ҳам шу ўзи. Лекин Ер тирик организм, у Ўзбекистон қаҳрамони Эркин Воҳидов  таърифлаганидек, онаизоримиз.

Бинобарин, отамиз Одам алайҳиссалом тупроқдан яралди. Ўшандан бошлаб биз, у зотнинг авлодлари ерда туғиламиз, ерда ўйнаб-ўсамиз, улғайиб кучга тўламиз, қариб-кексаямиз ва унга қайтамиз. Шўхлигимизни ҳам, урлигимизни ҳам, ғўрлигимизни ҳам ер кўтаради. Бироқ кўпинча ўзимизнинг нимадан пайдо бўлганимиз-у, нимага бурчли эканимизни унутиб қўямиз. Аллоҳ таоло ояти каримасида бандаларини ана шу гумроҳликдан огоҳлантириб: “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (Ҳуд сураси 61-оят), дея тупроқдан пайдо бўлганимизнинг хабарини бериб, уни обод қилиш ҳар биримизнинг бандалик бурчимиз эканини уқтириб қўйди. Яна инсон зотининг феълида нуқсони борлиги, шу сабабдан гоҳида жамият орасида фитна-фасодлар чиқиб қолишидан огоҳлантириб: “Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг” (Аъроф сураси, 56-оят) деган.

Динимизнинг ердаги неъматларга оқилона муносабатда бўлишга даъват қилишининг ҳам ҳикмати шу мазмундаги ояти карималар кўрсатмаларидандир. Масалан, дарахтларни ноўрин кесмаслик, қақроқ чўлларни обод қилиш, дарёлар, анҳорлар сувларини ифлослантирмаслик ва бошқа кўплаб эзгуликлар замирида ерни эҳтиётлаш масаласи ётибди. Боз устига ернинг тагида буюк аждодларнинг ҳоки ҳам ётибди. Шу нуқтаи назардан, ердаги неъматларга зиён етказиш – кишининг ўзининг жисмига зарар етказиш бўлса, яъни ҳавонинг, сувнинг ифлосланиши оқибатида турли касалликларга чалинса; ернинг бағрига зарар етказиш – аждодлар ҳокини оёқ ости қилиш бўлади ва банда бундан ҳам зарар кўради. Ахир аждодларининг ҳурматини қилмаган кимса ўниб-ўсиши мумкинми?!

Қисқачароқ қилиб айтганда, Одам авлодларининг она заминга муносабатида  инсоннинг ўзининг феъли намоён бўлади. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов (Охирати обод бўлсин). “Инсон қасидаси”да ёзганидек,

Онаизоринг –  замин, танҳо йўғу боринг –  замин,

Хаста беморинг –  замин, ўғлон ўзинг,  дармон ўзинг,

Бағрида ётқучи –  сен, неъматларин тотқучи сен,

Тиғ бўлиб ботқучи –  сен, пайкон ўзинг, қалқон ўзинг.

 

Кўҳна тарихдан аёнки, қачон, қайси юртда уруш бўлган, қон тўкилган бўлса, ўша худкушлик ортидан ўлат, вабо тарқалган. Қачон, қайси маконда халқнинг тарбияси бузилиб, ахлоқий меъёрлар четга сурилиб қолган бўлса, ўша жойда бедаво дардлар пайдо бўлган.

Бу нохушликларнинг акси ўлароқ, ерга меҳр берган, у билан тиллашган, ерни обод қилиб боғ-роғларга айлантирган кишилар эса жисмонан соғлом, маънан баркамол инсонлар бўлиб эл-юрт орасида ҳам ҳурмат-эътибор қозонганлар. Чунки чўлга сув олиб келган киши ўзи бошқариб келган сувнинг жилдирашини кўриб дили яйрайди, кўнгли кўтарилади, ўзи меҳр бериб қадаган ниҳолнинг қулоқ чиқарганини кўрганда эса севинчи янада зиёда бўлади. Эккан гуллари очилганда, дарахтлари осмонга бўй чўзганда хурсандчилиги минг чандон ортади…

Унинг ана шу хурсандчиликларининг  сабаби, Аллоҳ таолонингунга сизни ободлиги учун қўйди” ояти каримасига  амал қилганидир. Яъни Раббимиз Ўзининг амрига итоат қилган бандасини севинтириб, соғлом қилиб қўйди.

Ҳаётий кузатишларимиз натижаси бўлган ушбу хулосадан аён бўладики,  ерни севган, уни эъзозлаган, обод қилган бандани Раббимиз ноумид қўймас экан. Шундай экан, онаизоримиз бўлган заминни онамизни севгандек севайлик, унинг дардларига малҳам бўлайлик, ана ўшанда онаизоримиз, танҳо йўғу боримиз, хаста беморимиз  – замин биздан рози бўлади.

Дамин ЖУМАҚУЛ