Мақолалар

“Нега қорига кўп пул берасиз?”

Чоп этилди Oktabr 22, 2020 “Нега қорига кўп пул берасиз?”da fikr bildirishni o'chirish

Бухорода ишлаб юрган вақтларим бир киши меҳмонга келди.  Етти пирга зиёратга чиқдик. 150 км йўлда табиийки ҳар хил мавзуда суҳбатлашиб бордик. Машина магнитафонида машҳур артистлардан бирининг қўшиғи янграб қолди.

– Ўтган йили шунинг концертига қўлдан 100 минг сўм (2010 йил унча пулнинг қадри баланд эди) га билет олиб тушдим, – деди ҳамроҳим. Индамадим.

…Одатда зиёратгоҳларда қуръон ўқилгандан кейин турган қутига пул ташласам, қуръон ўқиган қорига ҳам пул бераман. Ҳамроҳим эътибор бериб турган  экан, навбатдаги зиёратгоҳдан чиқишимизда:

– Қутига ташласангиз бўлди-да, кейин кўп пул беряпсиз, одатда мен майда пулларни бервораман, – деди. 

Ғалати аҳволга тушдим. Бировнинг эҳсонини гапириш одобдан эмаслигини айтай дедиму, меҳмон-ку хафа қилмай деган мулоҳазага бордим:

– Йирик пулларни концертларнинг билетига сарфлайсизми? – Ҳамроҳим қизариб кетди. – Аллоҳнинг каломини ўқияпти домла, ҳақингизга дуо қилганда эътибор бердингизми, қанақа чиройли муножот қилди, – дедим. 

– Ўртоқ, диндан тарбия олмаганимиз панд беради-да. Узр, тавба қилдим, – деди боши эгик ҳолда. 

– Мен ҳам шунақа, сизга ўхшаб йўл-йўлакай таълим олганман. Менда ҳам шунақа хатолар бўлиб туради, шунинг учун мўминлар бир-бирига ойнадурлар, дейишган экан пайғамбаримиз, – деб уни ноқулай вазиятдан чиқардим. 

Кейинги зиёратгоҳга кирганимизда ўртоғим қуръон тиловат қилинган вақтда пиқ-пиқ йиғлаб ўтирди.

Аллоҳ ҳаммамизнинг иймонимизни саломат, эътиқодимизни мустаҳкам қилсин.

Баҳриддин Асрор