Мақолалар

Дуо-илтижони, истиғфорни кўпайтирайлик

Чоп этилди Noyabr 3, 2020 Дуо-илтижони, истиғфорни кўпайтирайликda fikr bildirishni o'chirish

Кўпни кўрган ота-боболаримиз дуоларида доимо Яратгандан тинчлик-хотиржамлик ва офиятни сўрайди. Бу хайрли тилак қон-қонимизга сингиб кетган. Бир қарашда оддийгина кўринадиган бу сўзлар замирида инсонларни икки дунё саодатига элтувчи маъно борлигини ҳар доим ҳам англайвермаймиз.

Бугун бутун дунё бўйлаб ёғилган коронавирус балоси кўпчиликни сергак торттириши, елдек ўтиб бораётган умрини бир сарҳисоб қилишга, яшаш қайғусидан бош кўтариб, инсон нима учун яратилган, деган саволга жавоб қидиришга мажбур қилаётгани айни ҳақиқатдир.

Ушбу синовнинг ҳам ўзига хос ҳикмати бор. Улардан бири дунёда минглаб одамлар ёстиғини қуритаётган коронавирус балоси бизга тинчлик, хотиржамлик, саломатлик ва офият каби неъматларнинг ҳақиқий қиймати ва қадрини англатди.

Юртимизда ушбу касаллик тарқалишининг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича ҳукуматимиз томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Касаллик нисбатан жиловланган бўлса-да, уни юқтирган беморлар сони ҳам, қурбонлар ҳам ортмоқда.

Демак, касалликдан ҳимояланиш тадбирларини қилсак-да, у бизга зиён етказса, буни тақдири азалдан, Яратганнинг синови, деб қабул қилишимиз керак. Талваса ва ваҳимага берилиш ҳеч кимга фойда келтирмайди. Карантин даврида қўйилган чекловларга бўйсуниб, қонун-қоидаларга амал қилиш, аввало, инсонийлик бурчимиздир.

Ислом инсон ҳаётини муҳофаза қилишда саломатликка катта эътибор қаратади. Динимиздаги ҳар қандай арконга киришишдан олдин таҳорат олиш фарз қилингани бежиз эмас. Зотан, таҳоратнинг ўзи ҳам буюк ибодат. “Таҳорат” сўзи тилимизда покланиш, озодалик каби маъноларни беради. Поклик ва озодалик эса саломатлик гарови экани ўз тасдиғини топган. Ҳазрат Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саломатлик ва хотиржамлик буюк неъмат эканини марҳамат қилганлар.

Хўш, ҳозирги мураккаб вазиятда нима қилишимиз керак?

Аввало, бутун дунё аҳли коронавирус балосига қарши курашаётган бир пайтда ҳар бир инсон ўзи ва оиласини муҳофаза этиш орқали ушбу балони даф қилишга ҳисса қўшмоғи шарт. Ўзини муҳофаза қилиш йўли ва усуллари эса ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали тушунтирилмоқда. Биздан эса ана шу кўрсатмаларга амал қилиш талаб этилади, холос.

Шунингдек, бундай пайтда ибодатларни кучайтириш, ўзи, оиласи ва халқини бало-офатлардан омон сақлашини сўраб, дуо қилиши, истиғфорни кўпайтириши лозим. Зеро, бугун халқимиз миллионлаб истиғфор айтаётгани, ибодатда қоимлиги, муҳтожларга меҳр-шафқат кўрсатаётгани, садақа-эҳсонга ошиқаётгани қалбимизга хотиржамлик бағишламоқда.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Улар имон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур! Имон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганларга тубо – хушнудлик ва гўзал қайтар жой бор” (Раъд сураси, 28 – 29-оятлар).

Аксарият юртдошларимиз вазиятни тўғри англаган ва баҳолаган ҳолда, Аллоҳдан нажот кутмоқда. Шу билан бирга, карантин чекловларини тан олгиси келмаётган, тартиб-қоидаларга бўйсунишни истамаётган, гоҳ эркалик, гоҳ қайсарлик қилаётган ҳамюртларимиз ҳам йўқ эмас. Улар нафақат ўзи, балки оиласи, яқинлари ва атрофидагиларни хавфга қўймоқдалар.

Албатта, башарият бошига бундай синовларнинг берилиши тарихда кўп бор кузатилган. Бугунги муаммолар ҳам вақти келиб бартараф бўлади. Бугунги ҳолатдан тегишли хулосалар чиқарган ҳолда, тинчлик, хотиржамлик, офият ва саломатликнинг қадрига етишни ўрганайлик, яшаш фақат нафс амри ва жиғилдон истагини муҳайё қилишдан иборат эмаслигини тан олайлик. Зеро, қалб ва руҳ хотиржамлиги ва шукроналиксиз бахтга эришиш имконсиз.

Азимжон АЛИМЖОНОВ,
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги
“Мулла Қосим” жоме 
масжиди имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 9-сонидан