Мақолалар

Ўзлигини ва ўзгаларни унутган жоҳил

Чоп этилди Noyabr 3, 2020 Ўзлигини ва ўзгаларни унутган жоҳилda fikr bildirishni o'chirish

Маълумки, оқил ва руҳан соғлом шахсда худкушлик кузатилмайди. Ўз жонига қасд қилиш ўта мутаассибона хатти-ҳаракат, жаҳолат натижаси ҳисобланади.

Ўз жонига қасд қилишнинг психологик ва ижтимоий сабабларидан бири мутаассибона хатти-ҳаракат десак, тўғри бўлади. Мутахассисларнинг фикрига кўра аксарият ҳолларда мутаассибларнинг ўз-ўзини ўлдиришгача бориши нафақат руҳан иродасизлик, балки ўзидан батамом кўнгли қолиши, жисмоний ва ақлий имкониятлари “қаҳрамони”нинг имкониятлари билан тенг келмаслиги натижасида содир бўлади. Яъни, шахсий “мен”и батамом ўзга шахснинг “мен”и билан қоришиб кетади. Натижада ўзлиги, индивидуаллигини йўқотишгача боради. Мутаассибнинг ўзлигини қайта тиклашига умиди қолмайди. Чунки “ўзганинг
ҳаёти” билан яшаш унинг онгини вайрон этиб, тубдан ўзгартириб юборади. Кўп ҳолларда бузилган онг муаммоларни ҳал қилиш йўли сифатида худкушликка туртки беради.

Руҳиятшунослар мутаассибнинг қиёфаси ҳақида баҳс юритишар экан, зомби ва манқуртлик феноменларига тўхталиб ўтадилар. Мутаассиблик Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” романида манқуртлар ҳақидаги қиссада аниқ ифодаланган. Қозоқ ривоятларига кўра золим кимсалар асирлар мияси устида махсус азоб-уқубатли операцияларни ўтказиш, хотираларини бутунлай ўчириб юбориш орқали уларни тирик мурдага айлантиришган. Манқурт ўзининг кимлиги, қайси уруғ ёки қабиладан экани, лоақал исмини ҳам унутган. Болалиги, ота-онасини эслолмаган. Бир сўз билан айтганда, манқурт ўзини инсон сифатида англолмаган. У тилсиз махлуққа тенг бўлиб, шунинг учун мутлақо итоаткор эди. Топширилган вазифани кўр-кўрона бажарарди. Хўжайинининг истаги манқурт учун ҳамма нарсадан устун.

Манқурт ва зомби қиёфаси мутаассиблик қиёфасига яқин бўлиб, уларнинг онг тузилиши бутунлай ўзгартирилган. Гипнотик ҳолатга тушиб қолиш, ўйламасдан уриш, ўлдириш, эгасига мутлақ итоаткорлик – мутаассибликда ҳам кузатилиши мумкин. Лекин ораларида бироз фарқ ҳам бор. Ҳар ҳолда, мутаассиб бирон-бир ғоя, эътиқод учун курашади, хатти-ҳаракатини англашга, уни таҳлил қилишга қодир. Лекин бир нарса номаълум: ким хавфлироқ? Ўз қилиқларини англаб етмаётган зомби ёки манқуртми, ё бўлмаса, онгли равишда жиноятга қўл ураётган, ўзини ғоявий, мафкуравий, “олий” манфаатлар билан оқлаётган мутаассибми?

Мутаассиб – ҳаёт йўлини бутунлай эгаллаб олган, унинг учун ягона мақсадга айланган бузғунчи “ғоя”нинг қулидир. Ўзини илоҳий кўрсатмаларнинг ягона ижрочиси сифатида тасаввур этади. Гўёки, ҳақ йўлда эканини кўрсатиш учун бошқаларни адашганликда айблайди, ўзга маслакдагиларни жамиятдаги қийинчиликларнинг ёлғиз айбдори сифатида баҳолайди. Шахсий фожиаларига сабаб “айбдорлар” устидан аёвсиз ҳукм ўқишга тайёр туради ва кўпинча уни амалга оширади.

Мутаассиб учун бегона ва ғайридинларга ҳурмат билан қараш ва уларни шахс сифатида баҳолашнинг иложи йўқ. Одамларни ўлдиришни худди эътиқод, ғоя маъқуллаган эзгу ишдек тушунади. «Уларга: “Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!” – дейилса, улар: “Албатта, биз чин ислоҳчилармиз”, – дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар» (Бақара сура, 11–12-оятлар).

Мутаассиб террорчи ундан ҳам ёмон. Одамларни ўлдиришдан маълум «фойда»ни кўзлаб қўлига қурол олади, чунки унинг учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ. Жаҳоннинг кўпгина мамлакатларидаги террорчи гуруҳлар жоҳил, нодон ва иродасиз, ҳатто у ёки бу жиноятни нима мақсадда қилаётганини ҳам англамайдиган мутаассиблардан тузилади.

Бир қарашда туппа-тузук кўринган ушбу шахслар кундалик ҳаётда, ёлғиз ўзи мутлақо ювош ва беозор туюлади. Лекин бир зумда қонхўр қотил, тажовузкор намойишчи ва ниҳоят, ҳар қандай ваҳшиёна ишга қодир террорчига айланиши мумкин. Айниқса, гуруҳ таркибида бошқаларга қўшилиб уйларга ўт қўйиш, ҳеч бир сабабсиз ўзгаларга ҳужум қилиш, талончилик ёки тинч одамларни оммавий ўлдиришда қатнашишлари мумкин. Ҳатто ўйлаб ҳам ўтирмай, ўз жонларига қасд қилишлари ҳам мумкин.

Террорчилик фаолиятида қатнашаётганларнинг аксарияти ирода ва инсофидан маҳрум мутаассиблардир. Улар оломон психологиясига кўмилиб кетган ва ўзига хос «пода»га айланганлардир. Ақл-идрок ва тафаккур қобилияти ўз ўрнини зўравонлик ҳамда тажовузга, фавқулодда қизиққонлик ва ўжарликка бўшатиб берган. Бундай кимсалар фитналарга осонгина берилишади. Уларда бағрикенгликдан асар ҳам йўқ, ҳеч қандай қонунларни тан олишмайди.

Омманинг психологиясига кўр-кўрона бўйсуниш катта гуноҳ ва хато иш эканидан Қуръони каримда огоҳлантирилган. У инсонга ақл-идрок ва онгдан иложи борича тўла фойдаланиш ва ҳақни ёлғондан ажрата олиш учун берилганини таъкидлайди: «(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)» (Исро сураси, 36-оят).

Қайд этилган фикрлар жаҳолат оғир оқибатларни келтириб чиқаришини кўрсатади. Шундай экан, одамлар онги ва қалбида маърифатнинг мутлақ устувор бўлишига эришиш, кишилар тафаккурини бойитиш, уларда соғлом ва собит эътиқодни шакллантириш учун кураш, бу йўлдаги назарий ва амалий ишларнинг ҳозиржавоблигини таъминлаш, таъсирчанлигини ошириш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолаверади. Зеро, Юртбошимиз ўринли таъкидлаганларидек: “Одам мустақил фикри, собит эътиқоди, ўзи таяниб яшайдиган ҳаётий-миллий қадриятлари, шаклланган дунёқараши ва мустаҳкам иродага эга бўлиши ҳар турли мафкураларнинг босими, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишдаги тазйиқларига бардош беришининг асосий шарти ҳисобланади”.

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар
ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Жозиба ЖАМОЛ қизи тайёрлади

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 9-сонидан