Мақолалар

Нафас – ҳаётимиз асоси

Чоп этилди Noyabr 9, 2020 Нафас – ҳаётимиз асосиda fikr bildirishni o'chirish

Солиҳлар: “Ўзини билган киши Раббисини танийди”, дейишади. Дарҳақиқат, инсоннинг ўзи – катта мўъжиза. Аллоҳ таоло одамни мукаммал қилиб яратганини Қуръони каримда баён қилган: “Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик” (Тин сураси, 4-оят).

Биргина нафас олишимизнинг ўзи – катта неъмат. Нафас олиш яшашнинг асосидир. Усиз ҳаёт йўқ. Соғлом инсон бир дақиқада ўртача 16 марта, бир соатда 960 марта, бир кунда эса 23040 марта нафас олади. Агар буни литрга қиёслак, бир кунда 360 литр атрофида ҳаво ютамиз. Бир йилда қанча бўлишини ҳисоблаб кўраверинг. Маълумки, биз кислород ютиб, карбонат ангидрид чиқарамиз. Демак, биз ҳар нафас олиб-­чиқарганимизда Аллоҳнинг неъматидан истеъмол қиламиз. Зеро, биз ҳар нафас, ҳар лаҳза Аллоҳнинг ёрдамига муҳтожмиз.

Яқинда коронавирус инфекциясига чалиниб, шифохонага тушиб қолган италиялик 93 ёшли чол тузалиб, касалхонадан чиқаётганида ундан сунъий нафас олдириш жиҳозининг бадалини талаб қилишади. У ўкиниб йиғлай бошлайди. Шифокор:

– Нега йиғлаяпсиз, пулингиз етмаса, бирор чораси топилиб қолар, – дея овутади. Ҳалиги одам:

– Йўқ, пулим бор, маблағим ҳам етарли. Менга алам қилаётгани – 93 йилдан буён Аллоҳнинг ҳавосидан нафас оламан ва бунинг бадали (ҳақи) ни мендан ҳеч ким сўрамади. Ваҳоланки, бугун биргина сунъий нафас олдирувчи жиҳоз учун кунига 500 евро тўлашга мажбурман. Аллоҳдан қанчалар қарздорман, биласизми?! Бу (неъмат) учун бир бор бўлса ҳам шукр айтмабман, – деб яна йиғлайди…

Биргина нафас олишни ёки сувни тасаввур қилинг­а. Агар сув сотилганида, пулимиз етармиди?! Ҳаво сотилганида­-чи, ҳолимиз нима бўларди? Субҳоналлоҳ, Раббимиз нақадар буюк ва нақадар қудратлидир.

Саъдий Шерозий раҳматуллоҳи алайҳ “Гулистон” китобида бундай ёзган: “Миннат азиз ва жалил бўлган Аллоҳга хосдир. Унга итоат қилиш қурбатга сабабдир. Унга шукр қилишда неъмат зиёда бўлади. Ичкарига кирган ҳар бир нафас тирикликка ёрдам этувчидир (ҳаётни чўзгувчидир). Нафас юқорига чиққанданда (нафас чиққанда) вужудга ором берувчидир. Шу шаклда ҳар бир нафасда икки неъмат бор. Ҳар бир неъматга шукр вожибдир”.

Ҳаво бор-­у, лекин уни ютолмасак (нафас ололмасак) ёки ҳаво ютсаг-­у, аммо уни чиқаролмасак нима бўлади?! Демак, ҳар бир нафас олишда ҳам, чиқаришда ҳам Аллоҳнинг иноятига муҳтожмиз. Шундай экан, манманлик нечун, кибру ҳаво нимага керак?!

Неъматнинг шукри, энг аввало, ўша неъматни Аллоҳ рози бўладиган амалларга, динимиз амр этган шаклда ишлатишдир.

Олимжон РАҲИМОВ,
Андижон шаҳридаги “Ал-Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 11-сонидан