Савдода айб сабабли молни қайтариш ихтиёри
Бу мавзу Ислом иқтисодида савдо олди-берди муомаласида молнинг айби чиқса, тарафларнинг ҳуқуқлари тўғрисида.
Молни сотиб олган киши унда айбни кўрса, ихтиёри бўлади. Истаса, қайтариб беради, истаса, тўлиқ қийматига олади.
“Мухтасарул виқоя”да бундай дейилади: “Харидор сотиб олган нарсасида савдогарлар “баҳосини пасайтиради”, деб айтадиган айбни топса, унинг рад қилиш ёки тўлиқ баҳоси эвазига олиш ҳаққи бор.
Қиймат ва нархини туширмайдиган нарса айб ҳисобланмайди.
Савдода харидор сотиб олган нарса саломат бўлиши керак. Одатда сотилаётган нарса янги ва камчиликсиз бўлади. Харидор сотиб олган нарсасида нуқсон чиқса, унда иккита танлов ҳуқуқи бор: Нуқсон сабаб молни қайтариб бериш ёки ўша нуқсонга рози бўлиб, уни олиш. Аммо молнинг нуқсони учун савдогардан пулнинг бир қисмини қайтаришини талаб қила олмайди. Чунки унда бу ҳуқуқ йўқ, фақат қайтариб бериш ёки рози бўлиб олиш ҳаққигина бор. Агар сотувчи айбини айтгандан сўнг келишув бўлса, харидор кейинчалик ўша айбни рўкач қила олмайди. Чунки айбига рози бўлиб олган ҳисобланади.
Абдул Мажид ибн Ваҳб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менга Аддо ибн Холид розийаллоҳу анҳу: “Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ёздириб берган мактубларини ўқиб берайми?” деди.
“Ҳа”, дедим. У менга бир мактуб чиқарди, унда:
“Ушбу Аддо ибн Холид ибн Ҳавза Муҳаммад Расулуллоҳдан сотиб олган нарса. Ундан бир қул (ёки чўри) сотиб олди. Беморлиги йўқ, бузуқлиги йўқ, ифлослиги йўқ, мусулмоннинг мусулмонга сотгани”, деб ёзилган эди» (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).
Уламоларимиз ушбу ривоятдан сотилаётган нарса айблардан холи бўлиши лозимлиги ҳақидаги ҳукмни чиқаришган (“Кифоя”, 90-бет).
Демак, ушбу саҳоба розийаллоҳу анҳу Аллоҳнинг расули – пайғамбаримизга ҳадди сиғиб “тилхат” ёздириб беришларини сўраган. У зот алайҳиссалом бу талабни бажариб берганлар. Бу воқеадан қуйидаги хулосаларни олса бўлади:
- Савдода тилхат ёздириб олиш жоизлиги;
- Саҳобалар Пайғамбаримиз билан мулоқотда эркин бўлишгани;
- Набийимиз алайҳиссалом барчанинг ҳуқуқларини таъминлаганлари.
Нуқсонли молни яхшисининг ичига аралаштириб сотиш жоиз эмас.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дон сотаётган одамнинг олдидан ўтаётиб, қўлларини унинг ичига тиқдилар. Қўллари намга тегди. Шунда у зот: “Эй дон эгаси, бу нима?” дедилар.
У киши: “Ёмғир теккан эди, эй Аллоҳнинг Расули”, деди.
“Буни одамлар кўриши учун таомнинг устига қўйсанг бўлмасмиди? Ким алдаса, мендан эмас”, дедилар» (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Ўша дон буғдой бўлган. Нам теккан буғдой айбли бўлади. Чунки сув теккан буғдой узоқ турмайди, уни дарров тегирмонга солиш керак ёки экиш керак. Шунинг учун ҳам у қуруғига нисбатан айбли деб баҳоланади.
Манбалар асосида Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 11-сонидан