Мақолалар

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ МУБОРАК КЎКСЛАРИ ЁРИЛИШИНИНГ ҲИКМАТЛАРИ

Чоп этилди Noyabr 10, 2020 РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ МУБОРАК КЎКСЛАРИ ЁРИЛИШИНИНГ ҲИКМАТЛАРИda fikr bildirishni o'chirish

Биринчи ҳикмат. Шайхулислом Абулҳасан Субкий раҳимаҳуллоҳдан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўкслари ёрилиши ва юракларидан қора қоннинг олиб ташланиши ҳамда фариштанинг: «Бу шайтоннинг сендаги насибаси эди», дегани ҳақида сўрашганида бундай жавоб берган: «Инсоният қалбида бўладиган, шайтон васвасаларини қабул қилиш учун яратилган қон ул зотнииг муборак қалбларидан бутунлай чиқариб ташланган. Шундан кейин у зотнинг қалбларига шайтон васваса қила олмаган. Аслини олганда, ундан олдин ҳам у зотга шайтон васваса қилишига ҳеч қандай имкон йўқ эди. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи Набий алайҳиссаломни шайтон васвасасидан муҳофаза қилиб қўйган. «Ундай бўлса, шайтоний қонни у зот алайҳиссаломда яратиб, яна олиб ташлашдан мақсад нима эди?» деб сўралса, биз бунга қуйидагича жавоб берамиз: «У зотдан олиб ташланган қон Аллоҳ таоло барча инсонни яратиш пайтида қўшиб яратадиган табиий қон эди. Бинобарин, Пайғамбаримиз алайҳиссалом буюк Расул бўлишлари билан бирга, оддий инсон ҳам эдилар. Шундай экан, у зотнинг таналарида бундай қоннинг мавжуд бўлганига ажабланмаса ҳам бўлади. Аллоҳ таолонинг амри билан у зотнинг таналаридан ушбу қоннинг чиқариб ташланишига келсак, бу билан Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг шайтон васвасасидан бутунлай холи эканликларини билдиришни ирода қилган. Валлоҳу аълам».

Иккинчи ҳикмат. Шайх Абу Муҳаммад ибн Абу Жамра айтади: «Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўксларидан шайтоний насибани олдириб ташламай туриб ҳам у зотнинг қалбларини имон ва ҳикматга тўлдириб қўйишга қодир эди. Лекин шунга қарамай, кўкслари ёрилишидан Аллоҳ таолога бўлган ишончлари янада зиёда бўлиши мақсад қилинган. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай оғир ҳолатни бошдан кечиришлари келажакдаги машаққатли синовларга бардошли бўлишга замин яратган».

Учинчи ҳикмат. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ кўкс ёрилиши ҳодисасининг бир неча марта юз берганини шундай изоҳлайди: «Биринчи, учинчи ва тўртинчи марта кўкс ёрилишининг ҳам ўзига хос ҳикмати бор. Биринчи марта содир бўлишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болалик чоғларида шайтондан муҳофаза қилиниб, комил ва бенуқсон ҳолда вояга етишлари назарда тутилган. Учинчиси, рисолат келган пайтда бўлиб, бундан ваҳийни пок қалбга жо қилиш орқали Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳурматга лойиқ эканликларини билдириш кўзда тутилган. Тўртинчиси эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Меърож кечаси осмонга кўтарилишларидан олдин содир бўлган. Бундан Аллоҳ таоло билан мулоқот қилишга тайёр бўлишлари мақсад қилинган».

Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Кимки Aллoҳ шиoрлaрини ҳурмaт қилсa, aлбaттa, (бу) қалбларнинг тaқвoсидaндир» (Ҳаж сураси, 32-оят).

Ушбу ояти каримадаги «шиорлар» сўзининг араб тилидаги шакли «« – »شعائرшаъоир» бўлиб, унинг луғавий маъноси «белгилар», «аломатлар»дир. Истилоҳда эса жумла маъносининг оқимига қараб, «Каъбатуллоҳ», «ҳаж амаллари», «қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар», «Аллоҳнинг буйруқлари» ёки «Аллоҳнинг қайтариқлари» деган маъноларда ишлатилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари ёрилиши ҳодисаси ҳам Аллоҳ таолонинг нишоналаридан бири ҳисобланади. Шу эътибордан Пайғамбар алайҳиссаломнинг умматларидан «шаққус содр» воқеасига имон келтириш, бу воқеа хусусида билиб-билмасдан ҳар хил ножўя сўзларни сўзламаслик талаб қилинади.

Тўртинчи ҳикмат. Суҳайлий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари айнан олтин жомда ювилганига сабаб, эҳтимол, олтиндан қасд қилинган маънога муносиб бўлиши назарда тутилган. Чунки араб тилида – «заҳабун» лафзи «олтин» маъносини билдиради. Бу калима араб тилидаги «кетказиш», «кетиш» маъносини англатадиган «– »ذَ َ ه ٌ ا «заҳобун» ўзагидан олинган. Шундан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло бу олтин жом билан Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ёмонликларни кетказишни ҳамда ул зотни том маънода поклашни истади. Ҳақиқатда ҳам, таркиби ва хусусиятларига кўра олтин барча ашёлар ичида тоза ва мусаффо эканини кўриш мумкин».

Бешинчи ҳикмат. Ибн Абу Жамра раҳимаҳуллоҳ айтади: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг қалблари жаннатдан алоҳида сув олиб келиб ювилмади, балки ердан чиқадиган Замзам суви билан ювилди. Чунки Замзам сувининг асл келиб чиқиши жаннатдан бўлган ва у кейинчалик ер юзида қарор топган. Бу сув ер юзида қолгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баракалари ҳам ер юзида қолиши ирода қилинган».

Бошқа бир олим айтади: «Замзам суви Исмоил алайҳиссаломга ато қилинган бўлиб, у киши Замзам сувига ва муборак қадамжонинг соҳиби бўлишдек улкан шарафга эга эдилар. Кейинчалик бундай шарафга эгалик қилиш у зотнинг авлодларидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга насиб этди. Пайғамбар алайҳиссалом ёшлик чоғларидан Замзам сувини ичиб вояга етдилар. Қалблари ва ҳаттоки бутун таналари бу сувга тўлалигича қонган эди. Шунга қарамай, қалблари замзам суви билан ювилишида Исмоил алайҳиссаломдан мерос бўлиб қолган шарафга фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лойиқ кўрилганларига ишора бор. Ҳақиқатда ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳидан кейин бу шарафга тўлиқ эгалик қилганлар».

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Шaксиз, биз улaрнинг (сизни мaсxaрa қилиб) aйтaётгaн сўзлaридaн дилингиз сиқилишини билурмиз» (Ҳижр сураси, 97-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари бир неча марта ювилиб, мусаффо этилди. Натижада қалблари шундай ҳолатга келдики, мушриклар у зотга ҳар қанча азият берсалар ҳам, уларни кечириб юбордилар. Ҳатто Уҳуд куни бошлари ёрилиб, тишлари синганда ҳам: «Аллоҳим, қавмимни мағфират қил, чунки улар нима қилаётганларини билмаяптилар», деб дуо қилдилар.

Олтинчи ҳикмат. Китоб муаллифи Саййид Муҳаммад Ҳасаний айтади: «Шу ўринда «Кўкс ёрилиши» воқеаси ҳақида шахсий фикримни айтиб ўтмоқчиман. Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари раҳматга тўла эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «(Эй Муҳaммaд,) Биз сизни (бутун) oлaмлaргa aйни рaҳмaт қилиб юбoргaнмиз» (Анбиё сураси, 107-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг раҳматлари барча нарсани қамраб олади. Чунки ул зотнинг раҳматларининг манбаи Аллоҳ таолонинг барча махлуқотларини қамраб олувчи комил раҳматдир. Лекин Аллоҳ таоло саноқли кишиларнигина (яъни шайтонни, унинг гумашталарию дўстларини ҳамда тақдирига бадбахтлик битилганларни) ўз раҳматидан маҳрум этди. Шундай экан, улар учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг кенг қамровли раҳматларидан ҳам ҳеч қандай насиба йўқдир. Мана шу эътибордан олиб қаралганда, Пайғамбар алайҳиссалом кўксларининг ёрилиши ва ундан шайтоний насибанинг олиб ташланишини шайтоннинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг раҳматларидан бенасиб қолиши деб ҳам тушуниш мумкин. Валлоҳу аълам».

Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг «Икки олам сарвари» китобидан
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ таржимаси

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 12-сонидан