Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Noyabr 10, 2020 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

САВОЛ: Бугунги кунда коронавирус эпидемияси сабабли юзга тиббий ниқоблар (маска) тақилмоқда. Намозни маска таққан ҳолда ўқиш мумкинми?

ЖАВОБ: Одатдаги ҳолатларда юзни ёпиб намоз ўқиш макруҳ. Лекин узрли сабаб бўлса, макруҳ эмас, жоиз бўлади.

Бу ҳақда Аллома Ибн Обидин шундай дейдилар: «(Намознинг макруҳларидан бири “талассум”дир) “талассум” намозда бурун ва оғизни ёпишдир. Макруҳлигининг сабаби мажусийларнинг оловга сиғинаётган ҳолатига ўхшаганидир” (“Раддул муҳтор”).

Ҳозирги кунда ниқоб тақиш муҳим эҳтиёт чораларидан бири бўлгани учун бегоналар билан жамоат бўлиб қолса, касалликдан сақланиш учун уни тақиш узрли сабабдир, макруҳ бўлмайди. Уйда ўзи ёки оила аъзолари билан намоз ўқиганда эса ниқоб тақмасдан ўқийди. Зотан, намоздан аввал ҳам оила аъзолари билан ниқобсиз муомала қилиб турган бўлади. Валлоҳу аълам.

САВОЛ: Саволим куйидагича, чет элдан туриб Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Новқатий, Маҳмуд Абдулмўмин исмли шахслар турли диний саволларга жавоблар ва фатволар беришмоқда. Биз улар билан кўриша олмасак, яшаш жойини билмасак, улардан тўғри йўл сўраш, берган фатволарига амал қилиб, эргашиш мумкинми? Жавобингиз учун аввалдан раҳмат.

ЖАВОБ: Ҳозирда ижтимоий тармоқда сиз номларини айтиб ўтганингиз каби шахслар диний мазмундаги дарслар, саволларга жавоблар бериш орқали жамиятимизда турли ақидавий ва фиқҳий ихтилофлар келтириб чиқаришга уринмоқда. Уларнинг асли ким, илмий салоҳияти, мазҳаби ва ақидаси қандай экани кўпчилик ёшларимизга маълум эмас!

Мисол учун, улардан “Абдуллоҳ Зуфар” номи билан танилган йигитни олайлик. У Миср Араб Республикасида бироз таълим олган. Кейин Миср ҳукумати томонидан таъқибга учраб, Швецарияга бориб, ўша ерда ўзбек тилида билимсизлик билан турли ихтилофларни қўзғашни бошлаган. Аслида унинг аудио ёзилган гап-сўзлари илмсиз эканини яққол исботламоқда. Оят ва ҳадисларни зоҳирий – юзаки маъносини олиб, мазҳабсизликка тарғиб қилиб, мужассима (Аллоҳ таолога жисм сифатини берувчи тоифа) ва хаворижларнинг ақидасига тарғиб қилаётгани кўпчилик илм аҳлларига сир эмас. Минг афсуски, сиз айтиб ўтганингиздек, бугунги кунда кўплаб ёшлар ўзларининг диний эҳтиёжларидан келиб чиқиб, унинг гап-сўзларини фарқлай олишмаётир.

Бу каби ҳолатлар фақат бизнинг замонда бўлаётгани йўқ. Аввалги даврларда ҳам гап-сўзга уста, аслида эса, илмсиз ва жоҳил кишилар одамларга “фатво” айтиб, ўзларини машҳур қилишга уринганлар. Уламоларимиз қадимдан “Шаръий саволларга жавобни эл-юрт олдида илми ва тақвоси ила танилган олимлардан олиш керак” эканини таъкидлаб келганлар. Машҳур тобеинлардан бири Муҳаммад Ибн Сийрин раҳимаҳуллоҳ “Шаръий илм бу – дин демакдир! Уни кимдан олаётганингизга эътибор беринг!” деганлар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса: «Ушбу илм – диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг! Мен етмишга яқин уламо суратидаги кимсаларнинг Масжиди Набавий устунлари олдида: “Расулуллоҳ ундай дедилар, бундай дедилар”, деганини эшитганман. Лекин уларнинг ҳеч биридан илмдан бирор нарса олганим йўқ!» деганлар.

Демак, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги номаълум, келиб чиқиши ҳам номаълум кимсалардан илм, фатво олинмайди, уларга қулоқ солинмайди. Чунки фатво бу диндир! Шариатимизга кўра эса, уни ким етказаётгани муҳимдир. “Ҳадис айтди, оят келтирди, демак унга эргашиш керак”, дейилмайди. Балки, фатво беришга лойиқми ёки йўқми, ишончли уламолардан таълим олганми, динда холисми ёки ғаразли мақсади борми? Шуларга қаралади. Валлоҳу аълам!

САВОЛ: Қуръони каримни электрон шаклидаги арабча матнини таҳоратсиз ўқиса бўладими?

ЖАВОБ: Қуръони каримни электрон шаклидаги арабча матнини таҳоратсиз ўқиса бўлади. Фақат ўша электрон мослама (телефон, планшет, компьютер в.ҳ.)лар экранини таҳоратсиз ушламаслик керак бўлади. Замонамиз уламолари электрон воситалар экранида оят, турли зикрлар, Аллоҳ таолонинг ёки Пайғамбаримизнинг исмлари кўриниб турса, унинг эҳтиромини сақлаш лозимлигини таъкидлашмоқда. Валлоҳу аълам.

САВОЛ: Қурбон хайитида қурбонлик қилаётган кишининг бирор кишидан қарзи бўлса, қурбонлиги ўтмайдими?

ЖАВОБ: Қурбонлик – нисоб миқдорида маблағга эга кишига вожиб. Қурбонлик қилмоқчи бўлган киши қўлидаги маблағдан қарзларини ажратиб ташлайди, қолган пули нисобга етса, қурбонлик қилади, бўлмаса, йўқ. Қурбонлик қилмоқчи бўлган киши аввало қарзини бериб қутулгани мақсадга мувофиқдир. Лекин ҳали тўлаш муддати келмаган қарзлари бўлса, бу қурбонликнинг қабул бўлишига монеъ бўлмайди. Валлоҳу аълам.

САВОЛ: Мусулмон одам ит, илон, типратикан каби хайвонлар шўрвасини ичса бўладими?

ЖАВОБ: Ит, илон ва типратикан гўшти ҳаром ҳисобланади. Мусулмон одам бундай нарсалардан сақланиши керак. Агар оғир бемор бўлиб, тажрибали мусулмон шифокор унинг касалига «Ушбу ҳайвонлардан бирининг шўрвасини истеъмол қилишдан бошқа чора йўқ», деса, охирги чора сифатида зарурат миқдорича истеъмол қилишга баъзи уламолар рухсат беришган. Валлоҳу аълам.

САВОЛ: Намозни тиззани ёпадиган шортикда ўқиш мумкинми?

ЖАВОБ: Шортик тиззадан тахминан бир қарич ва ундан кўпроқ тушиб турса, у билан намоз ўқиш жоиз. Калта шим (шортик)да намоз ўқиганда белни ёпса, тизза очилиб қолиши, тиззани ёпганда эса бел очилиб қолиши табиий. Ваҳоланки, тиззанинг ўзи ҳам аврат аъзо ҳисобланиб, тўртдан бир қисми очилиб қолиши намозни бузади. Шунинг учун ҳар бир намозхон ўзига қулай бўлган ва аврат аъзоларини мукаммал ёпадиган кийимда намоз ўқиши динимиз талабидир. Валлоҳу аълам.

САВОЛ: Закот берган инсон қурбон ҳайитида қўй сўйдириши ҳам керакми?

ЖАВОБ: Ҳа, ҳанафий мазҳабимизга кўра, закот беришга қодир мусулмон қарздор ёки камбағал бўлиб қолмаган бўлса, Қурбон ҳайитида жонлиқ сўйиши вожиб ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 12-сонидан