Мақолалар

Шукр мақоми

Чоп этилди Noyabr 10, 2020 Шукр мақомиda fikr bildirishni o'chirish

«Албатта, Раббинг одамларга нисбатан фазлу марҳамат соҳибидир. Лекин уларнинг кўплари шукр қилмаслар»(Намл сураси, 73-оят).

Шукр куфрнинг зиддидир. Шукр қилувчи шокир дейилади.

Ибн Ажийба раҳимаҳуллоҳ шукрни бундай таърифлаган: “Шукр неъмат етганда бутун борлиғини неъмат берувчининг тоатига сарф қилиш ила қалбнинг ҳузурланишидир”.

“Шукр қалбнинг неъмат берувчи муҳаббабтига, аъзолар эса тоатига ғарқ бўлиши ва тил Унинг зикри ва мақтовидан тинмаслигидир” (Мадорижус соликин).

Неъматлар асосан уч қисмга бўлинади:

  • Дунёвий – соғлиқ, офият ва ҳалол мол каби;
  • Диний – амал, илм, тақво ва Аллоҳни таниш каби;
  • Ухровий – кўп неъматга қилинган озгина солиҳ амал учун берилган улуғ савобга ўхшаш.

Ўша неъматлар шукри уч турли бўлади: тил шукри, аъзолар ва қалб шукри.

● Тилнинг шукри неъматларга тил билан шукр айтишдир.

(Ва аммо Раббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла)(Зуҳо сураси, 11-оят).

Бундай гап ҳам бор: ким неъматни (берилганини) яширса, ношукрлик қилибди. Ким билдирса ва ошкор қилса, шукр қилибди.

● Аъзолар шукри Аллоҳ учун амал қилишдир. Аллоҳ таоло шукр амал қилиш эканига ишора қилиб бундай дейди: “Эй, Оли Довуд шукр қилинглар”, (Сабаъ сураси, 13-оят). Оятда “иъмалуу” “амал қилинглар” лафзи ишлатилган.

● Қалб шукри барча неъмат Аллоҳ таолодан эканини тасдиқлашдир. “Сизда қайсики неъмат бўлса, Аллоҳдандир” (Наҳл сураси, 53-оят).

Абдуллоҳ ибн Ғанном розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким тонг пайти “Аллоҳим, менга ёки Сен яратган биронтага етган неъмат албатта ёлғиз Ўзингдандир. Сенинг шеригинг йўқ. Сенга ҳамд ва шукр бўлсин”, деса, ўша куннинг шукрини адо қилибди. Ким уни кечқурун айтса, туннинг шукрини адо қилибди», дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).

Бандалар шокирликда уч даражага бўлинади:

Авомнинг шукри – фақат неъматларга шукр қилишдан иборат.

Хосларнинг шукри. Улар неъматга ҳам, жазога ҳам шукр қиладилар. Ва уни барча ҳолатда У Зотнинг фазли ҳамда инъоми деб билишади.

Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачон банданинг фарзанди вафот этса, Аллоҳ таоло фаришталарга: “Бандам боласининг жонини олдингизми? ” дейди. Улар: “Ҳа, дейишади. Аллоҳ: “Бандам нима деди? ” дейди. Фаришталар: “Ҳамд ва истиржо1 айтяпти”, дейишади. Аллоҳ: жаннатда бандам учун уй қуринглар ва уни “Ҳамд (мақтов) уйи”, деб номланглар”, дейди», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Хослар хосининг шукри. Бу неъмат ва азобни эмас, фақат неъмат берувчини кўришдан иборат. Яъни, унинг кўзига бирон неъматнинг ато этилгани ҳам, тортиб олинганию бирон мусибатнинг етгани кўринмайди. Қалби улардан каттароқ нарса – Аллоҳнинг муҳаббати билан тўла.

Шайх Шиблий айтади: “Шукр неъматни эмас, неъмат берувчини кўришдир”, деган.

Шукрнинг фазли

Шукр мақомотларнинг олийсидир. Чунки у тил, бадан ва қалбни ўз ичига олган. Шунингдек, сабр, ризо, ҳамд каби кўплаб қалб ва бадан ибодатларини ҳам қамраган. Шунинг учун Аллоҳ таоло шукрга амр қилган ва зидди куфр бўлгани учун ундан қайтарган. “Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг” (Бақара сураси, 152-оят).

Шукр пайғамбарларнинг улуғ сифатидандир.

«Албатта, Иброҳим Аллоҳнинг итоат қилувчи, ҳаққа мойил уммати эди. Мушриклардан бўлган эмас. Унинг неъматларига шукр қилувчи эди» (Наҳл сураси, 120–121-оятлар).

«(Эй) Нуҳ билан бирга кўтарганларимизнинг зурриётлари! Албатта, у ўта шукрли банда эди» (Исро сураси, 3-оят).

Шукр Аллоҳнинг азобидан асровчидир. Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади:

“Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади?!” (Нисо сураси, 147-оят).

Аллоҳ жалла жалолуҳу барчамизни шокир бандалардан қилсин.

1 Истиржо – “Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун”, дейиш. Маъноси – Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, Унга қайтамиз.

“Ҳоқоиқу анит тасаввуф” китобидан тайёрланди.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 12-сонидан