Иқола
“Иқола” сўзи луғатда “бўшаш”, “бўшатиш” маъноларини англатади.
Шаръий истилоҳда икки шартномачининг ҳақларига риоя этиб шартномани бузишдир. Иқола никоҳдан бошқа келишувларда қўлланилади. Асосан савдо келишувини бузишда ишлатилади. Савдо келишуви битгандан кейин сотувчи ё харидор уни бекор қилмоқчи бўлса, икки томоннинг розилиги билан амалга ошади. Бир томон савдони бекор қилдим, деса, иккинчи томон розилигини билдирса, ўша иқола бўлади. Иқоланинг тўғри бўлиши томонларнинг розилиги, яъни ижоб ва қабулдир. Бу савдо ташкилотлари тузган шартномасини бекор қилишда ҳам амал қилади.
Иқола мандуб амал ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким мусулмоннинг (савдодаги) қайтишини кечирса, Аллоҳ унинг қоқилиши ни кечиради”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можа ривояти).
Харидор сотиб олган молини сотувчига қайтариб олиб келди ва: “Молингизни олиб, пулимни берсангиз”, деди. Шунда харидор рози бўлса, ҳадисда мақталганлар қаторида бўлади.
Лекин сотилган нарса сигир, қўй ёки эчки каби ҳайвон бўлиб харидор қўлида туғса, иқола қилиб бўлмайди.
Икки кишининг шериклик мулки бор бўлиб, уни сотишди. Кейин улардан бири харидор билан келишиб, ўша молни ўзига олмоқчи бўлди. Шунда олдинги шеригининг розилигини олиши керак. Чунки шариатга кўра, сотиб олиш ҳуқуқи биринчи бўлиб эски шерикка берилади.
Молга айб етмаган бўлса, келишилган нархдан кўпига ёки озига иқола қилишни шарт қилиш ботилдир. Аммо молга айб етган бўлса, олдинги қийматидан камини беришни шарт қилса бўлади. Масалан, кийим юз мингга сотилган. Харидор қайтариб келди. Сотувчи, нуқсон етибди, саксон минг эвазига қайтариб оламан деса, бўлади.
Сотилган нарса ҳалок бўлса, иқола қилиб бўлмайди. Лекин мол эвазига олинган нарсанинг ишлатиб юборилиши ёки йўқ бўлиши иқолани бекор қила олмайди.
Сотилган нарсанинг бир қисми йўқ бўлган бўлса, қолганини иқола қилса бўлади.
Аввалги нарх мислининг эвазига иқола қилиш тўғри бўлади. Яъни, савдо сўмда бўлган эди. Лекин иқолани ўша нархга тенг миқдорда бошқа валютада қилишни шарт қилса, бўлади.
Манбалар асосида
Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 12-сонидан