Покланганлар нажот топади
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: « …ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур» (Шамс сураси, 9-оят).
Муқаддас динимизда поклик, ободлик ибодат мақомидадир. Бу ўринда поклик дейилганда ҳам жисмоний, ҳам маънавий покликни тушунишимиз лозим. Киши таҳорат, ғусл билан жисмини кирлардан покласа, қалбини ҳасад, кибр, адоват, очкўзлик каби иллатлардан поклаш билан маънавий покликка эришади.
Шунинг учун мусулмонлар пок бўлишларини таъминлашда энг майда-чуйда “икир-чикир”ларгача эътибор берилган. Пайғамбар алайҳиссалом суннатлари орқали бу соҳадаги йўл-йўриқ ва кўрсатмалар тарғиб қилинади.
Абдуллоҳ ибн Абу Авф розийаллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳим, ифлос либос кирдан тозалангани каби мени ҳам муз, дўл ва совуқ сув билан поклагин!» дер эдилар. (Имом Аҳмад ривояти).
У зот инсоннинг танаси пок ва озода бўлишини кўп уқтирганлар. Айниқса, намознинг калити саналмиш таҳоратга жиддий аҳамият қаратганлар. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Таҳоратни мукаммал қил. Панжалар орасига сув етказ ва рўзадор бўлмасанг, бурунга сув олишда муболаға қил” (Имом Абу Довуд ривояти).
Биз ҳам муносиб уммат бўлиб, ободликда бардавом ҳолда унинг тажаллийсини хонадонимиз, ҳовли-жойимиз, кўчамиз, маҳалламиз, бир сўз билан айтганда, юртимиз жамолида акс эттиришимиз лозим. Бугун диёримиз бўйлаб тозаликка, ободликка, саранжом-саришталикка жиддий эътибор қаратилаётган бир пайтда, айрим кимсалар томонидан кўча-куйларга, бекатларга ташлаб юборилаётган турли қоғоз парчалари, писта пўчоқлари, егулик ва ичимликдан бўшаган идишлар кишининг дилини хира қилади. Бу нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун аввало ўзимизнинг онгли инсон эканлигимизни, Аллоҳ таоло бизга ақл, фаҳм-фаросатдек бебаҳо неъматларни бежиз бермаганини англаб етишимиз шарт.
Баҳодир УСМОНОВ,
Янгийўл туманидаги “Пусур оқсоқол” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 12-сонидан