Яхши ниятнинг савоби тайин
Абдуллоҳ ибн Умарнинг ўғли Солим халифа Умар ибн Абдулазизга ёзган мактубида бундай деган: “Шуни яхши билингки, Аллоҳнинг бандага ёрдами банданинг нияти қадардир. Кимнинг нияти бутун бўлса, Аллоҳнинг унга берадиган мадади ҳам бутун бўлади. Инсоннинг нияти қанчалик озайса, Аллоҳнинг унга берадиган кўмаги шунча камаяди”.
“Амаллар ниятларга кўрадир” ҳадисини Ислом уламолари турлича изоҳлашади. Баъзилар “Амалларнинг саҳиҳ ё фосид, мақбул ё номақбул бўлиши ниятга боғлиқдир” дея ихтиёрий амалларнинг ниятга қараб баҳоланишини талқин қилишади. Ниятлар амалларни бир-биридан айиргани каби, амалнинг Аллоҳ учун холис ё бундай эмаслиги ҳам ниятга боғлиқдир.
Нияти бўлмаганнинг амали ҳам йўқ. Амалсиз сўз фойдасиздир. Сўз ва амал ҳам ниятсиз фойда бермайди. Сўз ва амал суннатга мос бўлганда ибодат саналади. Ният амалдан ҳам хайрлидир, чунки амал ният билан тирикдир. Хайр ниятда мужассам. Ният амалга ошмаган бўлса ҳам савоби бор. Ниятни фасоддан сақлаш амалдан ҳам хайрлидир.
Қалбнинг соғломлиги амал соғломлигидан, амалнинг соғломлиги эса ниятнинг эзгулигидандир. Қанча кичик амаллар борки, ният туфайли катта бўлади. Қанча катта амаллар борки ният туфайли кичрайиб кетади. Амал уч нарса билан тугал бўлади – тақво, собитлик ва ният… Аллоҳ инсондан фақат тўғри ният ва иродани хоҳлайди. Аллоҳнинг ризосини исташ эса ибодатларнинг аълоларидандир. Амалларнинг энг хайрлиси Аллоҳ зиммамизга фарз қилганларни бажариш, ҳалолга интилиб, ҳаромдан сақланиш, шуни астойдил ният қилишдир.
Ният бир ишни Аллоҳ ризоси учун қилишни қалбдан ўтказишдир. Иш қалб, тил ё бошқа аъзолар орқали бажарилади. Қалб билан қилинажак ишлар ният ва ўйларимиздир. Тил билан қиладиган ишимиз сўзимиздир. Вужудимиз билан қиладиган ишларимиз феъл ва ҳаракатларимиздир. Сўз ва ҳаракатимиз ниятга боғлиқ бўлгани учун яхши ният баъзан ибодатга тенг саналади. Масалан, йўлдаги тошни одамларга зарар бермасин, деган ниятда олиб ташлаш савоб иш. Бировнинг ҳақини ейиш имкони бўлганда Аллоҳдан қўрқиб, бу фикрдан қайтиш ҳам худди шундай савоб келтиради. Демак, қалбдан ўтадиган тушунчалар яхши ниятга айланган чоғи Аллоҳ наздида қадр топади. Зеро, Аллоҳ шакл-шамойилимизга эмас, қалбимизга, ниятимизга қарайди.
Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,
Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 12-сонидан