Мақолалар

Баййина сураси

Чоп этилди Noyabr 12, 2020 Баййина сурасиda fikr bildirishni o'chirish

«Аҳли китоблар ва мушриклардан иборат кофир кимсалар, то уларга Ҳужжат келгунича, (куфрдан) ажралувчи бўлмадилар. (У Ҳужжат) Аллоҳ (томони)дан (юборилган) пайғамбар (Муҳаммад, уларга) покиза саҳифаларни (Қуръонни тиловат қилур). У (саҳифа)ларда қимматли ёзувлар (аҳкомлар) мавжуддир. Аҳли китоблар фақат уларга Ҳужжат (пайғамбар) келганидан кейингина бўлиниб кетдилар. Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни мукаммал адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу Тўғри (ҳаққоний) диндир. Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан иборат кофир кимсалар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар. Ана ўшалар халойиқнинг энг ёмонидирлар. Албатта, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар – айнан ўшалар халойиқнинг энг яхшисидирлар. Парвардигор ҳузуридаги уларнинг мукофотлари остидан анҳорлар оқиб турадиган мангу жаннатлардир. Улар ўша жойда абадул-абад қолувчидирлар. Аллоҳ улардан рози бўлур, улар (Аллоҳдан) рози бўлурлар. Бу (мукофот) Парвардигоридан қўрққан киши учундир» (Баййина сураси, 1–8-оятлар).

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳуга: «Аллоҳ таоло сенга: «Аҳли китоблар ва мушриклардан иборат кофир кимсалар…» сурасини ўқиб беришимни буюрдиˮ, деб айтдилар. Шунда Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳу: «Мени исмим билан атадими?!» деб сўради. Набий алайҳиссалом: «Ҳа», деганларида, Убай йиғлади (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Олимлар айтишадики: «Набий алайҳиссалом одамлар у зотнинг тавозели эканларини билишлари учун Убайга ўқиб бердилар. Бу эса ҳеч кимнинг ўзидан қуйи даражадаги одамга қироат қилиб беришда кибрланмаслиги учун таълимдир». Яна айтиладики: “Убай розийаллоҳу анҳу Расул алайҳиссаломнинг лафзларини жуда тезлик билан қабул қиларди. Лафзларини ўрганиб, худди улардан эшитгани каби ўқиб, ўзгаларга ҳам ўргатиши учун унга ўқиб беришни истадилар”. Бу ерда Убай розийаллоҳу анҳу учун улуғ фазилат бор. Зеро, Аллоҳ таоло Расулига Убайга ўқиб беришни буюрди.

«Аҳли китоблар», яъни яҳудий ва насронийлар. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: “Ясриблик яҳудийлар: Қурайза, Назир ва Бану Қайнуқо”, деб айтган. “Ва мушриклардан” Макка ва унинг атрофидаги ҳамда Мадина ва унинг атрофидаги мушриклар . Яъни, улар Қурайш мушрикларидир.

“Ажралувчи”, яъни куфрларидан тўхтовчи, ундан айрилувчи бўлишмади. “То уларга Ҳужжат келгунича”, уларга баёнат, яъни Муҳаммад алайҳиссалом келгунича. Айтиладики: “Мушриклар умриларининг охирига қадар мақсадларига етишолмай, ҳатто оламдан ўтиб кетишди”. Бошқа бир ўринда: “Ажралувчи”, яъни, ўткинчи – Расул алайҳиссалом келгунига қадар уларнинг муддатлари ўтиб кетмади”. дейилади. Яна бир ўринда: “Ажралувчи” тарк этувчи, яъни: “ҳужжат келгунича” улар дунёларидан ажралувчи, тарк этувчи бўлишмади. Ибн Кайсон раҳимаҳуллоҳ: “Китоб аҳли нубувват келгунига қадар китобларида зикр этилган Муҳаммад алайҳиссаломнинг сифатларини такр этувчи бўлишмади. Пайғамбарлик келгач эса, у зот алайҳиссаломга ҳасад қилишиб, рисолатларини инкор этишди”. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи каби: “Ўзларига таниш зот (Муҳаммад) келганда, (уни инкор этиб) кофир бўлдилар” (Бақара сураси, 89-оят).

(У Ҳужжат) Аллоҳ (томони)дан (юборилган) пайғамбар (Муҳаммад, уларга) покиза саҳифаларни (Қуръонни тиловат қилур). Набий алайҳиссалом Аллоҳ таоло нозил этган саҳифаларни тиловат қилур. “Покиза”, яъни алдов ва адаштиришдан холидир. Қатода розийаллоҳу анҳу: “Буткул ботилдан йироқ”, деб айтган. Бир ўринда: “Ёлғон, шубҳа ва куфрдан холи”, дейилади.

“Аҳли китоблар фақат уларга Ҳужжат (пайғамбар) келганидан кейингина бўлиниб кетдилар”. Яъни, мушриклар Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилгунларига қадар у зот ҳақида ёмон гап айтишмади. Амин деб чақиришди. Рисолат келгач, душманга айланишди.

“Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни мукаммал адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу Тўғри (ҳаққоний) диндир”.

Ушбу оят уч масалани ўз ичига олади. Биринчиси: “Ҳолбуки, улар фақат… буюрилган эдилар”. Таврот ва Инжилдаги нарсага, яъни “ягона Аллоҳга ибодат қилишга” буюрилгандилар. Шунингдек, бу оят ибодатда ниятнинг вожиб эканига далил. Албатта, ихлос – қалб амали. У билан фақат Аллоҳ таолонинг юзи (розилиги) исталади.

Иккинчиси: “Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида”, яъни Ислом динидан бошқа барча динлардан воз кечдилар. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу бундай дерди: “Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида”, яъни Иброҳим алайҳиссаломнинг динидагилар”. Саид ибн Жубайр: “Ислом динига мойил бўлиш”, деб тафсир қилган.

Учинчиси: “Намозни мукаммал адо этишга”, ўз вақтида ўқишга, “ҳамда закот беришга”, ўз ўрнида беришга буюрилганлар. “Мана шу Тўғри (ҳаққоний) диндир”, яъни улар буюрилган дин – тўғри диндир. Зужож раҳимаҳуллоҳ: “Тўғри миллат динидир”, деб айтган.

“Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан иборат кофир кимсалар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар. Ана ўшалар халойиқнинг энг ёмонидирлар». Имом Қушайрий раҳимаҳуллоҳ: «Араб тилидаги “бария” лафзи “баро” сўзидан олинган бўлиб, ўзбек тилида “тупроқ” маъносини беради. Фаришталар ушбу лафзга кирмайди», деб айтади.

“Халойиқнинг энг ёмонидирлар”, яъни халқнинг энг ёмони. Бир жамоа олимлар: “Улар Расул алайҳиссаломнинг давридаги энг ёмон халқдирлар”. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзининг акси: “Сизларни оламлар узра афзал қилганимни эслангиз” (Бақара, 47-оят).

“Албатта, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар – айнан ўшалар”. Имон билан солиҳ амал орасини жамлаганлар. Улар мана шу “халойиқнинг энг яхшиси”, деб сифатланган. “Халойиқнинг энг яхшисидирлар” барча замондаги халқларнинг ёки асрларидаги халойиқнинг энг яхшисидирлар. Ибн Абу Хотим Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Жоним измида бўлган Зотга қасам, қиёмат куни Аллоҳ таоло наздида мўмин банданинг ўрни, малоиканинг ўрнидан улуғроқ бўлади. Истасангизлар, Парвардигорнинг: “Албатта, имон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар – айнан ўшалар халойиқнинг энг яхшисидирлар” оятини ўқинглар», деди. Ибн Мардавайҳ Ойша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилади. Онамиз: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таолога яратиқларнинг энг мукаррами қайси?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: «Эй Ойша, Аллоҳ таолонинг: “Албатта, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар – айнан ўшалар халойиқнинг энг яхшисидирлар”, оятини ўқимадингми?!» деб айтдилар.

“Парвардигорлари ҳузуридаги уларнинг мукофотлари”, яъни савоблари. “Парвардигорлари ҳузуридаги”, Яратувчи ва Подишоҳлари ҳузуридаги. “Жаннатлар”, яъни бўстонлар. “Жаннатлар остидан”, яъни, жаннатнинг ўртасидан.

“Остидан анҳорлар оқиб турадиган мангу жаннатлардир. Улар ўша жойда абадул-абад қолувчидирлар”. У ердан кетишмайди ва ўлишмайди ҳам. “Аллоҳ улардан рози бўлур”, яъни амалларидан рози бўлур. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ҳам шу фикрда. “Улар (Аллоҳдан) рози бўлурлар”, яъни улар ҳам Парвардигорнинг уларга берган савобидан рози бўлишади. “Бу (мукофот)”, яъни жаннат. «Парвардигоридан қўрққан киши учундир», яъни дунёда Парвардигорга тақво қилиб, азобидан қўрқиб, маъсиятлардан тийилган кишиларга Аллоҳ таолонинг розилиги ва мукофоти бўлсин.

“Тафсири Қуртубий”ва “Фатҳул Қодир” асарлари асосида Тошкент шаҳридаги
“Раҳимжон ҳожи ота” 
жоме масжиди имом ноиби
Муҳаммад Зариф Эргаш ўғли тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 13-сонидан