“УМДАТУЛ АҚОИД” АСАРИНИНГ ЭЪТИҚОД МУСАФФОЛИГИНИ САҚЛАШДАГИ АҲАМИЯТИ
Мовароуннаҳр диёри Ислом дини ривожига, дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар юрти ҳисобланади. Айниқса, минтақа олимлари томонидан исломий илмларда яхлит таълимотларга асос солиниши бу диёрнинг юксак нуфузини янада оширади. Жумладан, Ислом динининг энг муҳим соҳаси бўлган ақидавий илмларнинг тартибга солиниши ва ривожланишида мотуридия таълимоти алоҳида ўрин тутади. Имом Мотуридий асос солган бу ақидавий мазҳаб ислом илоҳиётининг асосий йўналишларидан бири сифатида эътироф этилади.
Ушбу таълимот доирасида кўплаб мовароуннаҳрлик олимлар ижод қилганлар. Шундай алломалардан бири, ислом илмларига беназир ҳисса қўшган ҳамюртимиз уламоларидан Абул Баракот Насафийдир. Манбаларда бу зотнинг насаблари Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий экани баён қилинади. Милодий XIII–XIV асрларда яшаб, ижод қилган насафлик олим тафсир, усулул фиқҳ, фуруъул фиқҳ ва ақоид фанларига оид кўплаб асарларни мерос қолдирган.
Жумладан, ақида илмига оид “Умдатул ақоид”, “Ал-эътимод фил эътиқод”, тафсир илмига оид “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”, фиқҳ илмида “Канзуд дақоиқ”, “ал-Мусаффо шарҳул мустасфо”, “ал-Вофий фил фуруъ”, “Шарҳул Ҳидоя” (Бурҳониддин Марғинонийнинг машҳур “ал-Ҳидоя” асарига шарҳ), усулул фиқҳ илмида “Манорул анвор”, “Кашфул асрор” (мазкур “Манорул анвор”га шарҳ) ҳамда “ал-Лаолий ал-фахиро фи улум ал-ахиро” асарлари шулар жумласидандир.
У киши қолдирган илмий мерос ҳозир ҳам ислом оламида муҳим аҳамият касб этишини қайд этиш ўринлидир. Олимнинг ақида илмига оид асарлари илм даргоҳларида бир неча асрлар давомида дарслик сифатида ўқитиб келинган.
Алломанинг шундай асарларидан “Умдатул ақоид” (“Ақида асослари”) ақида илмидаги аҳамияти алоҳида эътиборга молик манба ҳисобланади. Ҳожи Халифа “Кашфуз зунун” асарида: «“Умдатул ақоид” шундай китобки, инсонларнинг қалбидаги исломий ақидалар мусаффолигини сақлашда кифоя қилувчи энг муҳим ақидавий қоидаларни қамраб олган», – деб таърифлайди.
Мазкур асарга кўплаб шарҳлар битилган бўлиб, улар орасида Насафийнинг ўзи битган “ал-Эътимод фил эътиқод” (“Эътиқоддаги таянч”) номли шарҳ энг машҳур. У “ал-Умда” га ёзилган шарҳларнинг ичида алоҳида ўрин тутади. Зеро, муаллиф ўз ибораларидан кўзланган маъно ва мазмунни, дақиқ жиҳатларини бошқалардан кўра яхшироқ англаши табиий.
Мусанниф “ал-Эътимод”да ўзидан олдинги мутакаллимларнинг услубини сақлаган ҳолда фақат эътиқодга доир масалалар баёни билангина чекланиб қолмайди, балки бу масалалар бўйича соғлом эътиқодга путур етказувчи қарашлар, ғоялар ва даъволарни келтириб, уларнинг нотўғри эканини нақлий ва ақлий далиллар асосида исботлайди.
Ушбу асарнинг шу йўналишда олдинги даврда ёзилган бошқа китоблардан, хусусан, Имом Мотуридийнинг “Китоб ат-тавҳид” асаридан фарқи, Насафий масалаларни нисбатан содда, тушунарли тилда баён қилган. Бироқ китоб мундарижаси, мавзулар тартибида устозига хилоф қилмайди.
Мисол учун, Насафийнинг имон мавзусини ёритишда бошқа муаллифлар каби мавзуни имонга таъриф бериш билан бошламайди, балки аввал имоннинг фарзлиги, заруратини исботлаб, ўқувчи диққатини тортганидан сўнг, унга таъриф бериш ва шунга доир масалалар баёнига киришади.
Маълумки, Ислом динида имон ва куфр мавзуси ҳар доим ҳассос, нозик масала бўлиб келган. Диний манбаларда кишининг дунё ва охиратдаги бахту саодатига имон, бахтсизлигига эса имонсизлик сабаб бўлиши таъкидланади. Шунинг учун Ислом тарихида турли фирқалар ўртасида имон ва куфр масаласидаги баҳс-мунозаралар алоҳида аҳамиятга эга бўлган.
Абул Баракот Насафий ҳам асарида бу мавзуга алоҳида ўрин ажратиш билан чекланиб қолмайди, балки имон масаласида турли фирқалар ва олимларнинг фикрларини баён этиб, уларни таҳлил қилади, зарур ўринларда раддиялар билдиради. Жумладан, олим тақлидий имоннинг дурустлиги, имоннинг зиёда бўлиши ва камайиши каби мавзуларда мўътазилийлар, ашъарийлар, зоҳирийлар, хорижийлар, карромийлар, муржиъийларнинг нотўғри қарашларини танқид қилади, бунинг учун асосли далиллар келтиради.
Тарихда кузатилгани каби бугунги кунда ҳам имоннинг моҳиятига нотўғри қарашлар турли диний-ижтимоий беқарорликларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, хорижийлар, мўътазилийлар фикрича, шаръий талабларга амал қилишни имоннинг шарти деб ҳисоблаш эътиқоди замонавий сохта салафийлар, ҳизбут таҳрир каби оқимларга ҳам хосдир. Бу эътиқоднинг асосий хатари ҳатто бутун бир мусулмон жамиятини кофирга чиқаришда намоён бўлади.
Насафий бу қарашнинг мутлақо хато эканини Қуръони каримнинг қуйидаги оятларидан аниқ далиллар келтириш билан исботлайди:
“Улар ғайбга имон келтирурлар ва намоз ўқирлар…” (Бақара сураси, 3-оят);
“Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қиларлар” (Тавба сураси, 18-оят);
“Албатта, имон келтирган ва солиҳ амал қилганларга, уларга, остидан анҳорлар оқиб турган жаннат бор” (Буруж сураси, 11-оят).
Насафий фикрича, мазкур оятларда аввал имон келтириш зикр қилиниши, сўнгра амалга доир ишлар имондан алоҳида келтирилиши амалнинг имондан айри, унинг шартларига кирмаслигига далолат қилади.
Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, буюк алломаларимизнинг имон-эътиқод масалаларига дахлдор муҳим таълимотларини яхши билмаслик бугун баъзи бир ёшларимиз орасида бошқа мазҳабларга тақлид қилиш, ақидада адашиш каби салбий ҳолатлар вужудга келишига ва оқибатда мусулмонлар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлишига сабаб бўлаётгани сир эмас.
Мотуридийлик таълимотининг соф ислом ақидасини мустаҳкамлашдаги улкан ҳиссасини холис баҳолаш зарурки, бу йўналишда ёзилган асарларда ушбу соҳадаги зарарли қарашлар ҳар бир фирқага қарши далиллар асосида исботлаб берилди. Бунинг натижасида турли хилдаги оқимлар кўпайишининг олди олинди. Имом Мотуридийнинг мўътадиллик руҳидаги таълимоти адашган оқимлар ғояларига муносиб жавоб бўла олганига тарих гувоҳлик беради.
Муҳаммадюсуф ХУШВАҚОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги
Малака ошириш маркази ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 13-сонидан