Мақолалар

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМГА АТО ЭТИЛГАН КОМИЛ АҚЛ

Чоп этилди Noyabr 12, 2020 МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМГА АТО ЭТИЛГАН КОМИЛ АҚЛda fikr bildirishni o'chirish

Комил ақл кўплаб фазилатларни қўлга киритишга ҳамда барча ножўя хатти-ҳаракатлардан сақланишга сабаб бўладиган улуғ неъмат ҳисобланади. Комил ақл ўз эгасини барча яхшилик ва фазилатлар сари етаклайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга (соғлом) ақл ато қилинган бўлса, албатта нажот топади», деганлар».1

Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳ таолодан неъмат ўлароқ, энг мукаммал ақл ато этилган эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Нун. Қaлaм вa (у билaн) ёзилaдигaн нaрсa (битик)лaргa қaсaмки, (Эй Муҳaммaд,) сиз Раббингизнинг нeъмaти бoис мaжнун эмaссиз!» (Қалам сураси, 1–2-оятлар).

Аллоҳ таоло бирон нарса билан қасам ичса, ўша нарсанинг қадри Аллоҳ наздида улуғ эканлиги билинади. Мазкур оятда Аллоҳ таоло бундай улуғ нарсалар билан қасам ичиш ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг етук ақл ва мукаммал илм соҳиби эканлари ҳамда мушриклар айтган мажнунлик сифатидан буткул пок эканларига ишора қилмоқда.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни кўплаб неъматлар билан сийлаган. У зотга барча пайғамбарлик ва рисолатларни ўзида мужассам этган ҳамда уларнинг барчасига якун ясаб берадиган пайғамбарлик ва умумий рисолат инъом этган. Барча илмларни қамраб олувчи Қуръони карим фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгагина нозил қилинганидан ҳам у зотнинг ақллари барчанинг ақлидан устун ва афзал эканлигини билиш мумкин. Буюк тобеин Ваҳб ибн Мунаббиҳ шундай деган: «Олдинги китоблардан етмишга яқинини ўқиб чиққан бўлсам, уларнинг барчасида қуйидаги маълумотга дуч келганман: «Инсониятнинг барчасига ато этилган ақл-фаросат Пайғамбар алайҳиссаломга берилган ақлий салоҳият олдида бир дона қум заррасининг бутун Ер юзидаги қумлар олдидаги ҳолатига ўхшайди. Албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг ақл жиҳатидан энг устуни, фикр жиҳатидан энг афзали эдилар».2

Қуйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ақлий салоҳиятлари комиллиги, фикр доиралари кенглиги очиқ-ойдин намоён бўлган ўринларни зикр қиламиз.

1. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳиллик ва гумроҳлик ботқоғига ботган инсонларга пайғамбар қилиб юборилдилар ҳамда қисқа фурсат ичида уларни бутун дунё ўрнак оладиган даражадаги ақл-фаросатли, салоҳиятли, маданиятли инсонлар қилиб тарбияладилар.

Ҳеч шубҳа йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни Аллоҳ таоло ўргатган таълимотлар ва нозил қилган ваҳийлар ёрдамида бажарганлар.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига зино қилишга рухсат сўраб келган йигитга берган жавоблари.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўша йигитга: «Бировлар онанг биланми ё синглинг биланми, ёки қизинг биланми, зино қилишига рози бўласанми?» деганларида у: «Йўқ, асло», деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Худди шунга ўхшаб, бошқалар ҳам бунга рози бўлмайдилар», дедилар. Бу гаплардан қаттиқ таъсирланган йигит: «Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, бундан кейин асло зино қилмайман», деди.

3. Қурайшликлар Ҳажарул асвадни жойига қўйиш масаласида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳакам этиб сайлаганларида, ҳамма рози бўладиган адолатли ҳукм чиқарганлари.

Қурайшликлар Каъбани қайта тиклашаётганда Ҳажарул асвадни жойига ким қўйиши борасида тортишиб қолишди. Низо кучайиб, иш шу даражага бориб етдики, ҳатто қабилалар бир-бирларига қарши урушга тайёрлана бошлади. Сўнгра тўпланиб, бир-бирларини инсофга чақиришди ва Каъбанинг эшигидан биринчи бўлиб кирган кишини ўзларига ҳакам қилиб тайинлаш ва у чиқарган ҳукмга рози бўлишга қарор қилишди. Эшикдан биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. У зотни кўришлари билан: «Бу Амин-ку! Унинг ҳакам бўлишига розимиз», деб хурсанд бўлишди. Бўлиб ўтган воқеани Пайғамбар алайҳиссаломга айтиб беришгач, у зот: «Менга бир мато келтиринглар», деб буюрдилар. Мато келтирилди. У зот Ҳажарул асвадни матонинг устига қўйдилар-да: «Ҳар бир қабила аъзолари унинг четидан ушлаб, баравар кўтарсин», дедилар. Ҳамма келиб, матонинг четидан ушлади, тошни қўйиладиган жойгача кўтариб боришди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Ҳажарул асвадни олиб, жойига ўрнатдилар. Шундай қилиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг оқилона тадбирлари туфайли низо барҳам топиб, қурилиш давом этди.

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманларга нисбатан ҳушёрликлари, уларнинг макр-ҳийлаларига қарши турли эҳтиёт чораларини кўришлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайд ибн Собитга яҳудийларнинг ёзуви ва тилини ўрганишни буюришлари душманларнинг макр-ҳийлаларидан сақланиш мақсадида қилинган муҳим чора-тадбирлардан бири бўлган. Яна шундай тадбирларига Бадр ва Аҳзоб ғазоти кунлари душманнинг сони ва қурол-аслаҳалари ҳақида маълумот келтириш учун одам жўнатганларини ҳам мисол қилиш мумкин.

5. Гўзал муомала ва оқилона сиёсат орқали турли табақадаги кишиларнинг кўнглини топишлари.

Пайғамбар алайҳиссалом умматларининг қалбини ўзлари келтирган ҳақ дин томон мойил қилиш учун бетамиз, пасткаш ва жоҳил кишиларни ҳам хушмуомалалик билан қарши олганлар. Бу эса уларнинг кўнглини юмшатиб, қалбларида Пайғамбар алайҳиссаломга муҳаббат ва самимиятни пайдо қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида: «Инсонлар билан хушмуомалада бўлиш садақадир», деб марҳамат қилганлар.

6. Саҳобалар орасидан дин асосларини моҳирона баён қилиб бера оладиган одамларни танлаб олиб, уларни подшоҳ ва амирларга юборишлари.

Пайғамбар алайҳиссалом Ислом қувватланганидан кейинги даврда турли подшоҳлар ҳузурига элчилар жўнатиб, уларни Исломга даъват этганлар. Бунинг учун юборилган элчидан сўзга усталик, зукколик ва ҳушёрлик талаб этилган. Чунки бир оғиз сўз ҳам подшоҳнинг фикри ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин эди.

 

1 Имом Табароний «Мажмаъуз-завоид» номли китобида айтади: «Мазкур ҳадиснинг биргина ровийсини ҳисобга олмаганда қолган барча ровийлари сиқо (ишончли)дир».

2 «Мавоҳиб»нинг шарҳида зикр қилинган.

Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг «Икки олам сарвари» китобидан
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ таржимаси

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 13-сонидан