Ёт ғояларга қарши иммунитет
Мусулмон одам умр неъмати азизлиги, ундан унумли фойдаланиш зарурлиги, охиратда унинг ҳар лаҳзасидан сўралишини бир зум бўлса-да, унутмаслиги керак. Шу боис ҳар бир инсон ҳаётини мазмунли ўтказишга ҳаракат қилиши, вақтини беҳуда нарсаларга сарфлашдан сақланиши лозим.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз” (Нисо сураси, 114-оят).
Сир эмас, ҳозирда ёшларнинг аксарияти телефон ёки интернет билан машғул бўлиб қолган. Уларнинг баъзиси интернет имкониятларини суиистеъмол қилиб, ёлғон хабар, сурат ва видеолавҳалар тарқатиш ё мулоқотнинг турли кўринишларида гаплашишни ўзига хобби қилиб олган. Уларнинг мақсади бирор номаъқул натижага эришиш, мақтаниш, одамлар орасида машҳурлик ёки шунчаки эрмак учун, холос. Аммо бундай ишлар ҳеч қандай яхшиликка олиб бормайди.
Киши интернетдан фойдаланаётганда, аввало, Аллоҳ таоло бандаларини доим кўриб тургани ва ҳамма нарсадан воқиф эканини ҳис қилиши лозим. Шунингдек, интернетдан нима мақсадда фойдаланаётганини аниқлаштириб олиши керак. Бу борада кўнгилсиз ҳолатлар юз бермаслиги, айниқса, беҳуда, яширин мулоқотлардан сақланиш учун интернетдан фойдаланиш одобларига риоя қилиши керак.
Айрим ғарб давлатларидан кириб келаётган, миллий қадриятларимизга буткул ёт бўлган бузғунчи ғоя ва қарашлар, кишилар онгини заҳарловчи ахборотлар ёшларни нотўғри йўлларга бошлайди. Шу боис глобаллашув даврида хилма-хил шаклда намоён бўлаётган жаҳолат ва унинг оқибатларини олдиндан англаш учун ёшлар доимо зийраклик ва ҳушёр бўлиш зарур.
Айниқса, ғаразли кучлар интернет орқали бузғунчи ғояларга эргаштириш, улар билан бир сафда туриб “курашишга” даъват қилаётганини ёшлар фаҳмлаши лозим, заҳарли мафкуралардан ўзларини ҳимоя қила оладиган даражада билимга, соғлом қараш ва мустаҳкам эътиқодга эга бўлишлари керак.
Шундай экан, интернет воситаларидан нотўғри ва беҳуда фойдаланиш оқибатида содир бўладиган иллатлардан сақланишимиз, асоси йўқ, ёлғон хабарларга алданмаслигимиз ва бу борада доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз даркор. Бунга ҳар биримиз масъулмиз.
Бунда ёшларимизнинг интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига рухсат беришда шошмаслигимиз лозим. Жуда зарур эҳтиёж бўлсагина, интернетдан фойдаланиш одобларига қатъий риоя этишини тушунтириб, ижозат бериш мумкин.
Юсуф Хос Ҳожиб айтганларидек: “Ишга шошиб киришма, сабр қил, эҳтиёт бўл, шошилиб қилинган ишнинг охири вой бўлади. Шошилиб қилинган ишлар нечоғлик ярамас бўлади. Шошқалоқлик барча адашган кишилар ишидир”.
Ҳасанбой КЕНЖАЕВ,
Хоразм вилояти бош имом-хатиби ўринбосари
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 13-сонидан