Мақолалар

Орамиздан оқибат кўтарилмасин

Чоп этилди Noyabr 13, 2020 Орамиздан оқибат кўтарилмасинda fikr bildirishni o'chirish

Бугун не бўлдики, биргина оилани сақлаб қолиш учун озгина мурувватимизни аямоқдамиз. Аҳдимизга вафони насия қилмоқдамиз. Ақалли жигаримиз учун ҳам оқибатни унутмоқдамиз. Тарихга назар солсак, биргина меҳрни сақлаб қолиш учун ҳаётини хавфга қўйган зотларни учратамиз. Балки, шу сабаб улар дунё -охират саодатига эришишгандир. Балки шу боис умр, ризқ ва фарзандларида баракага етишишгандир.

Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу халифалиги даврида бир унутилмас воқеа содир бўлди. Зайд исмли одам туяси билан экинзорга кириб, туясини ўтлатди.

Бу орада экинзор эгаси келиб, рухсатисиз туяни ўтлатгани учун мусофирни айблай бошлади. Зайд тушунтиришга ҳарчанд уринмасин, боғ эгаси уни койишдан тўхтамади. Ҳатто туяни урди. Зайд ҳам аччиқ устида баҳсга киришди. Кейин ўзаро урушиб кетишди. Бир вақт Зайд ҳимояланаман деб, ўша одамни уриб, бехосдан ўлдириб қўйди, сўнг саросимага тушиб, воқеа еридан яширинди.

Марҳумнинг яқинлари қотилни тутишга муваффақ бўлишди, сўнг уни Мадинага, қозининг ҳузурига олиб боришди. Муҳокамада саҳобаи киром Абу Зарр Ғифорий розийаллоҳу анҳу ҳам ҳозир эди.

Қотил бўлган воқеани айтар экан, қотилликни қасддан қилмаганини сўзлади. Лекин қози унга ҳар икки ҳолатда ҳам айбдор экани, жонга-жон қасос олиниши, фақат марҳумнинг яқинлари афв этишса ёки дия қабул қилишсагина, жазодан қутулиши мумкинлигини тушунтирди.

Марҳумнинг яқинлари афв этишга ҳам, дия қабул қилишга ҳам рози бўлишмади. Қонга-қон, дея талабларида қаттиқ туриб олишди. Шунда маҳкум:

– Қози жаноблари! Менинг бетоб аёлим ва ёш болаларим бор. Аллоҳ ҳақи, муҳлат берсангиз, уларнинг олдига бориб видолашиб олай, сўнг Аллоҳ таолонинг ҳукми жорий бўлсин. Шунингдек, тижоратда шеригим бор. Ундан молимни олиб, аёлимга бериб келай, оиламнинг таъминотига ишлатсин. Шундан кейин Аллоҳнинг ҳукмини амалга оширсангиз,
– деб ёлворди. Қози:

– Қочиб кетмоқчимисан?! – деб сўраганда, Зайд:

– Аллоҳга қасам, йўқ! Белгиланган кунда, албатта, Парвардигорнинг ҳукмини амалга ошириш учун қайтиб келаман, – деб қатъият билдирди. Шунда қози фақат мусулмонлардан бир киши унга кафил бўлсагина, бориб келиши мумкинлигини айтди. Лекин ҳеч ким Зайд учун кафил бўлишни истамади. Сабаби, бирон кимса уни танимас, мабодо кетиб, сўнг вақтида қайтмаса, унинг ўрнига кафил жазоланиши лозим бўларди.

Ҳеч ким кафилликни зиммасига олмагач, қози ҳукмни амалга оширишга буйруқ берди. Шу вақт ҳозир бўлганларнинг орасидан кимнингдир: “Йўқ, эй қози”, деган эътирози эшитилди. Бу одам Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу эди. Саҳобаи киром:

– Қози жаноблари, бу кишига мен кафил бўламан. Қози ҳайрон қолиб: – Эй Абу Зарр, ахир уни танимайсан-ку?

– Қози жаноблари, у диндош биродарим. Гапидан рост сўзлаётганини сездим. Жиноятни қасддан қилмаганига ишонаман. Қочишга имконияти ҳам йўқ. Шунинг учун унга кафил бўламан. Бориб аёли ва болалари билан видолашиб келсин.

– Эй Абу Зарр, шуни билгинки, агар бу одам эртадан кейин аср вақтига Аллоҳнинг ҳукмини адо этиш учун етиб келмаса, унинг бадалига сени жазолаймиз.

Саҳобаи киром кафилликдан воз кечмади. Аллоҳ таолога суянди. Қози маҳкумга икки кунга муҳлат берди. Белгиланган муддатда етиб келмаса, жазони кафилида қўллашга буйруқ берди. Зайд халоскорига миннатдорчилик билдирар экан, саҳоба ундан қайтиб келиши учун Аллоҳнинг номига ваъда олди.

Орадан икки кун вақт ўтди. Аср вақти ҳам яқинлашди. Лекин қотилдан дарак йўқ… Ҳамма ҳавотирда. Барчанинг нигоҳи Абу Зарр Ғифорийга қадалган.

Мана, асрга ҳам азон айтилди. Лекин Зайддан ҳануз дарак йўқ. Ҳукмни Абу Заррда қўллашдан ўзга чора қолмади. Ҳозир бўлганлар саҳобани койий бошлади: “Унга ишонмаслик керак эди?” “Ахир у гуноҳкор бўлса?” … Абу Зарр Ғифорий:

– Аллоҳга қасам, унинг гуноҳкор эканини сезмадим. Кафил бўлганимга афсусланмайман. Ҳатто унинг бадалига мени қатл этсангиз ҳам, Аллоҳнинг ҳузурига надоматсиз бораман.

Қози ноилож Абу Заррни олиб кетишларига рухсат берди. Энди ҳукмни ижро этиш қолди холос… Шу вақт узоқдан Зайднинг от чоптириб келаётигани кўринди. Узоқдан бўлса ҳам, овозининг борича ижрони тўхтатишларини айтарди. Зайднинг қайтганидан ҳамма хайратда. Сабаби, буни ҳеч ким кутмаган эди. Зайд:

– Абу Заррни қўйиб юборинглар. Мана мен. Ҳукмни ижро этинг. Қози:

– Сени қочиб кетдинг, деб ўйладик. Қайтиб келишга ва ўлимга юз тутишга сени нима ундади?

– Абу Заррга берган аҳдим. Унга Аллоҳ таолони гувоҳ қилган эдим. Одамлар: “Кишилар орасидан вафо қолмабди?!” деб ўйламасликлари учун қочиш ва қайтиб келмасликдан қўрқдим.

Шундан сўнг қози Абу Заррдан кафил бўлгани сабабини сўради. Абу Зарр:

– Аллоҳга қасам, кафил бўлувчи одам топилмай, одамларнинг: “Кишилар орасидан яхшилик кўтарилибди?!” деб айтишларидан қўрқдим. Марҳумнинг аҳли ортиқ жим туролишмади:

– Жаноб қози, биз ҳам Зайднинг гуноҳидан ўтдик. Қози уларнинг бирдан кечириб юборишгани сабабини сўради. Улар:

– Биз одамларнинг: “Кишилар ортиқ бир-бирларини кечирмай қўйишди”, деб ўйлаб қолишларидан қўрқдик, – дейишди.

Омонат дунёда ўзаро ҳамжиҳат яшаш айни бахт эмасми?!

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 13-сонидан