Мақолалар

Сабр мақоми

Чоп этилди Noyabr 13, 2020 Сабр мақомиda fikr bildirishni o'chirish

(Эй, Муҳаммад!) Сабр қилинг. Сабр қилишингиз эса фақат Аллоҳ (ёрдами) билангина мумкиндир” (Наҳл сураси, 127-оят).

“Сабр” сўзи луғатда “тангликда ўзини тутиб туриш” маъносини билдиради.

Уламолар сабрни қуйидагича таърифлашган:

Саййид Журжоний: “Сабр дардни Аллоҳдан бошқага шикоят қилмаслик”, деган.

Ибн Ато: “Сабр бало вақтида одоб ила туришдир”, деб таърифлаган.

Зуннун Мисрий айтади: “Сабр Аллоҳдан ёрдам сўрашдир”.

Хаввос ҳам юқоридаги таърифларни тўлдирган ҳолда сабр ҳақида қуйидагича фикр билдирадилар: “Сабр Китоб ва суннат ҳукмларида собит туришликдир”.

Аллоҳ таоло сабрнинг фазилати ҳақида бундай марҳамат қилади:

“Шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхши кишилардир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар” (Бақара сураси, 177-оят).

Суҳайб ибн Синондан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминнинг иши ажаб-­да. Унинг ишларининг бари яхшиликдир. Бу мўмин кишидан ўзгада бўлмайди. Унга хурсандчилик етса, шукр қилади, унга яхшилик бўлади. Агар унга бирор қайғу етса, сабр қилади, унга яна яхшилик бўлади” (Имом Муслим ривояти).

Сабр асосан уч турга бўлинади:

1. Аллоҳнинг тоатига сабр қилиш.

2. Маъсиятлардан тийилиш.

3. Мусибатларга сабр қилиш.

Аллоҳнинг тоатига сабр қилиш: Шариатни маҳкам ушлаб, молий, баданий ва қалбий ибодатларда доимо матонатли бўлиш, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш, балою синовлар келганда ҳам сабр билан туришдир. Аллоҳ таоло нажот топувчилар ҳақида бундай дейди:

“Асрга қасамки, (ҳар бир) инсон зиён (бахтсизлик)дадир! Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина (бундан мустаснодирлар) (Аср сураси, 1-3-оятлар).

Маъсиятларга сабр қилиш: нафснинг инжиқлиги, ҳақ йўлдан оғишга бўлган курашлари ҳамда шайтоннинг фасод ва ёмонликлар томон чорловига қарши жаҳд қилишдир. Ким қаттиқ ҳаракат қилса, нафсини поклаб, унинг васвасаларини қайтарса, албатта, ҳидоятга етишади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод (жидду жаҳд) қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз” (Анкабут сураси, 69-оят).

Мусибатларга сабр қилиш: Аллоҳ таоло бандаларини дунёда турли балолар билан синайди. Мўмин киши бу синовларга бўйсуниш, ризо ва қалбда сурур билан сабр қилади. Чунки бу қийинчиликлар унинг гуноҳларини ювиб туришини билади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам:
“Мўмин кишига етган қийинчилик, хасталик, ташвиш, маҳзунлик, азият, ғам, ҳатто бирор тикан кирса ҳам, албатта, Аллоҳ мана шу сабабидан ўша банданинг бирор хатосини ўчиради”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Уламолар сабрни тўрт қисмга бўлишган:

1. Фарз. Ҳаром ва ман қилинган нарсаларга сабр қилиш.

2. Нафл. Макруҳ (ёқимсиз) нарсаларга сабр қилиш.

3. Ҳаром. Шариат ман қилган сабрни қилиш ҳаром. Мисол учун маҳрам аёлларига биров тажовуз қилса, рашк қилмай, сабр қилиб туриш ҳаромдир.

4. Макруҳ. Шариат макруҳ санаган томондан келган озорга сабр қилиш макруҳдир.

Уламолар сабрни даражаларга ҳам бўладилар:

Авомнинг даражаси: қалбни тоатларни қилишга ва гуноҳлардан қайтишга тутиб туриш.

Хосларнинг даражаси: нафсни риёзат ва мужоҳидатларда ушлаб туриш, ҳолларнинг йўлида қийинчиликларга солиш ва пардани кўтаришга ҳаракат қилиш.

Хослар хосининг даражаси: Руҳни мушоҳада ва муояна ҳузурида тутиш.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф сабр ҳақида:

“Сабр деганда биров томонидан қилинган зулмга жавоб бермай, жим туриш тушунилиб қолган. Аслида бу сабр эмас, қўрқоқликдир. Сабр – имон-эътиқод, дину диёнат йўлидаги қийинчиликларга сабр қилиш, Аллоҳ таолонинг амрини бажариш, қайтарганларидан қайтишга нафсни мажбур қилиб чидатишдир”.

Сабр анбиёлар сифати, Аллоҳ танлаганларнинг зийнати, яхшиликлар калити ҳисобланади. Шунингдек, Аллоҳга етишмоқчи бўлган кишининг йўли ҳам сабрдан иборат. Банда Аллоҳ томон даражалардан кўтарилиб борар экан, албатта, ҳамма даражанинг ўзига яраша сабр қиладиган томонлари бўлади. Сабр камолотнинг ўзидир.

Манбалар асосида Тошкент ислом иститути талабаси
Иброҳим ИСҲОҚОВ тайёрлади

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 13-сонидан