Бир гигиеник қоида
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом қиблада балғамни кўриб қолиб, уни қўллари билан сидириб ташладилар. У зотнинг буни ёқтирмаганлари кўринди (ёки буни ёқтирмаганлари ва бунинг у зотга оғир ботгани кўринди). Шунда: “Бирортангиз намозида турган бўлса, Раббисига муножот қилаётган бўлади (ёки Рабби у билан қибласининг ўртасида бўлади). Ҳаргиз қибласига туфламасин. Балки, сўл томони ёки оёғи остига (туфласин)”, дедилар».
Ислом поклик, мусулмонларнинг туйғуларини ҳурмат қилувчи, ўнг томонни ҳурматловчи, ибодат ўринларни улуғловчи, шунингдек, ўзгаларга озор етказишни қораловчи диндир.
Тупуриш, балғам ташлаш ўзгаларга озор етказувчи ишлардан. Гоҳида мўмин туфлашга мажбур бўлади ёки эҳтиёж сезади. Шунинг учун шариат кишилар эҳтиёжларининг тўғри ечим ва оқилона тадбир асосида амалга оширишга кўрсатма беради.
Ушбу ҳадис масжид девори ёки меҳробга туфлаш ёки тупуриш ҳақида хос бўлса-да, бошқа ҳадислар мутлақ келган.
Аввало, масжид, унинг атрофи, намоз ерлари, уй, мактаб, ҳатто уйимиздаги холони ҳам тоза тутишга буюрилганмиз. Лекин шуни ёдда тутиш керакки, гарчи кимсасиз ер бўлса-да, уни ифлос қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Абу Зарр Ғифорий розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Масжидга туфлаб, уни кўммаслик умматимнинг энг ёмон ишларидандир”, деб огоҳлантирганлар. Имом Молик розияллоҳу анҳу: “Масжид ташқарисида туфлашнинг зарари йўқ. Қибла муқаддас гўша бўлгани учун меҳроб деворлари ва унинг атрофига туфлаш ёмонликдир”, деб айтган.
Саҳобаи киромлар ҳам ушбу ҳадиси шарифга нафақат ибодат ерларида, балки барча жойларда амал қилишган. Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу ҳатто намозда бўлмаган ҳолатида ҳам туфлашни ёмон кўрган.
Тупуришдан нафақат ўзгаларга озор етади, балки туфукда микроблар, инфекциялар мавжуддир. У соғлом одамга тегса, касаллик юқтириши мумкин.
Айрим сабаблар билан киши мажбур бўлса, одамлар кўзидан яшириб, сўл томони ёки ўз оёғи остига тупуриши, сўнг уни кўмиб юбориши лозим. Мана шунда ёмонлик кетказилади. Туфук кўмиб юборилса, гуноҳ бўлмайди. Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Туфук кўмилмаса, у хатодир. Кўмилса, ундай эмас”. Имом Нававий икки ҳадис орасини жамлаб: “Биринчиси оммага хос, иккинчи ҳадис киши ёлғиз бўлганида”, деб изоҳлаган.
Аллоҳ барчамизга гўзал амалларда бардавом бўлишга тавфиқ берсин.
Манбалар асосида Сора Ҳусайн қизи тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 13-сонидан