Қуръон шифодир
Барчамизни яратган Зот бундай марҳамат қилади: “Айтинг: «(Ушбу Қуръон) имон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир»” (Фуссилат сураси 44-оят). “(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим (кофир) ларга фақат зиённи орттирур” (Исро сураси 82-оят). “Эй одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди (Юнус сураси, 57-оят)”.
Дарҳақиқат, Қуръон қалбий, жисмий, дунёвий, ухровий барча касалликлар учун шифодир. Аммо ҳар ким ҳам Қуръон билан шифо топишга, улашишга муваффақ бўлавермайди. Ибн Қаййум раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: “Бир вақтлар Маккада пайтим бир хасталик билан оғридим. Мен на шифокор, на дори топа олдим. Ўзимни Фотиҳа сураси билан даволардим. Унинг ҳайратда қолдирувчи таъсирини кўрдим. Озгина Замзам сувига Фотиҳани такрор-такрор ўқиб дам солиб, шу сувни ичардим. Шу зайл шифо топдим. Кейинчалик ҳам шу усулда бир неча хасталикдан даволандим. Бирон жойи оғришидан шикоят қилганларга ҳам шу усулни тавсия қилардим. Улар ҳам тезда шифо топишарди” (“Зодул маод” (4/178), “Жавобул кофий” 21-саҳифа).
Хаста киши сидқидилдан, имон ва ихлос ила, шунга ишонган, эътиқод қилган ҳолда, шартларини жойига қўйиб Қуръон билан даволанса, шифо топади. Аллоҳнинг тоғларга тушса парчалайдиган, ерга тушса ёрадиган Каломига касалликлар қарши тура олармиди?! Қандай қалб ва тан хасталиги бўлса, Қуръонда шифосига доир ишора бор. Буни эса Аллоҳ йўл берган, Каломини англашни насиб этган киши топиб, фойдалана олади. Шунинг учун саъй-ҳаракат билан бирга, амал ва ихлосни комил қилган ҳолда барча дардларимизга Аллоҳдан шифо сўрайлик.
Муродиллахон НУРИДДИНОВ,
Қамаши туманидаги “Қоратепа” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 13-сонидан