Ўзини бой санаб, туғёнга кетган кимсанинг ҳалокати
“(Эй Муҳаммад, бутун борлиқни) яратган Зот Раббингиз номи билан ўқинг! У инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамли Зотдир. У қалам билан (ёзишни) ўргатган Зотдир. У инсонга билмаган нарсаларини ўргатди. Дарҳақиқат, инсон ҳаддидан ошар. (Бунга) сабаб ўзини бой – беҳожат санашидир. (Эй инсон,) албатта, қайтишинг Раббинг ҳузуригадир. (Эй инсон,) кўрдингми, тўсаётган кимсани. Бандани намоз ўқиганда?! Кўрдингми – агар у (намоз ўқувчи) ўзи Тўғри йўлда бўлса. Ёки (ўзгаларни) тақвога (Аллоҳдан қўрқишга) буюрса?! Кўрдингми, агар у (намоздан) тўсувчи кимса (ҳақни) инкор этса ва (у имон келтиришдан) юз ўгирса. Албатта Аллоҳ (унинг бу қилмишларини) кўриб туришини билмасми?! Йўқ! Қасамки, агар у (бу йўлидан) қайтмаса, албатта, Биз унинг пешона сочидан тутамиз. Ўша ёлғончи, адашган (кимсанинг) пешона сочидан (тутиб жаҳаннамга отурмиз)! Бас, у ўзининг жамоасини (ёрдамга) чақираверсин! Биз эса азоб фаришталарини чақиражакмиз! Йўқ! (Эй Муҳаммад,) Сиз унга итоат этманг ва (ёлғиз) Аллоҳга сажда (ибодат) қилиб, (Унга) яқин бўлинг! (Алақ сураси)
“(Эй Муҳаммад, бутун борлиқни) яратган Зот Раббингиз номи билан ўқинг!” Яъни, сизга нозил этилган Қуръонни Раббингиз исми билан бошлаб ўқинг. Шунингдек, барча сураларни ўқиш олдидан тасмияни айтинг.
“У инсонни …яратди”, яъни Одам боласини. “Лахта қондан” яъни, ивиган қондан яратди. “Инсон” дан мурод одамзотни шарафга муяссар этишдир.
“Ўқинг! Раббингиз эса карамли Зотдир”. Имом Калбий раҳимаҳуллоҳ: “Яъни, бандаларининг билимсизликларига ҳалим Зотдир. Уларнинг уқубатларини тезлатмади. Балки неъматларини келтириш билан Ўзининг Карамига далолат этмоқда”, дейди.
“У қалам билан (ёзишни) ўргатган Зотдир”. Ушбу оятда 3 та масала бор. Биринчиси: хат ва ёзув. Яъни, инсонга қалам билан ёзишни ўргатди. Саид Қатода розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Қалам Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан. Агар у бўлмаганида дин барпо, ҳаёт ислоҳ бўлмасди. Шу сабаб Аллоҳ таоло бандаларига билмаган нарсаларини ўргатганини айтиб, карамининг буюк эканини айтмоқда. Уларни билимсизлик зулматидан илм нурига олиб чиқмоқда. Шу билан бирга, ёзиш илмининг фазлига ишора қилмоқда. Сабаби, ёзишда фақат Аллоҳнинг Ўзига аён буюк манфаатлар мавжуд.
“У инсонга билмаган нарсаларини ўргатди”. Оятдаги “инсон” лафзи билан Одам алайҳиссалом назарда тутилмоқда. Унга Парвардигор барча нарсанинг исмини ўргатди.
“Дарҳақиқат, инсон ҳаддидан ошар. (Бунга) сабаб ўзини бой – беҳожат санашидир”. Ушбу ояти карима Абу Жаҳл ҳақида нозил этилган. Сабаби, у Набий алайҳиссаломнинг намоз ўқишларига қаршилик қилди. Кейин Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга масжидда намозни адо этиб, Рабби исми билан ўқишларига буюрди.
“Дарҳақиқат, инсон” (Абу Жаҳл) “ҳаддидан ошар”, яъни, исён қилишда хаддидан ошди. У ўзини бой санади . Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: “Ушбу ояти карима нозил бўлиб, у ҳақда мушриклар эшитишганда Абу Жаҳл келиб, деди: “Эй Муҳаммад, сен бой кимса туғёнга кетди, деб ўйлайсанми? У ҳолда бизга Макка тоғларини тиллага айлантириб бер. Ана ўша тиллалардан олиб, туғёнга кетиб, динимизни ташлаб, сенинг динингга кирамиз”, деди. Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом келиб: “Эй Муҳаммад, уларга танлаш имкониятини беринг. Исташса, тилакларини амалга оширамиз. Шундан кейин ҳам Исломни қабул қилишмаса, оқибатлари дастурхон аҳли каби бўлади”, деди. Набий алайҳиссалом қавмнинг бу таклифни қабул қилмасликларини билдилар. Уларга раҳм қилиб, мана шу ишни тўхтатдилар”. Бир ўринда: “Абу Жаҳл қариндош-уруғи, ходимлари ва мол-мулки билан ўзини бой санаган”, деб келинади. Имом Муқотил: “Абу Жаҳл бирон мол-мулк қўлга киритса, албатта, кийими, маркаби, таоми ва шароби устига яна янгиларини сотиб оларди. Мана шу унинг туғёнга кетишидир”, деган.
“(Эй инсон,) кўрдингми, тўсаётган кимсани. Бандани намоз ўқиганда?!” Абу Жаҳл: “Агар Муҳаммаднинг намоз ўқиётганини кўрсам, бўйнини эзаман”, деб айтади. Шундан кейин Аллоҳ таоло ушбу ояти карималарни нозил қилди.
“Кўрдингми – агар у (намоз ўқувчи) ўзи Тўғри йўлда бўлса. Ёки (ўзгаларни) тақвога (Аллоҳдан қўрқишга) буюрса?! Кўрдингми, агар у (намоздан) тўсувчи кимса (ҳақни) инкор этса ва (у имон келтиришдан) юз ўгирса. Албатта Аллоҳ (унинг бу қилмишларини) кўриб туришини билмасми?!” Яъни, Абу Жаҳл Аллоҳ таолонинг Китобини ёлғонга чиқарди. Имондан юз ўгирди.
“Йўқ! Қасамки, агар у (бу йўлидан) қайтмаса, албатта, Биз унинг пешона сочидан тутамиз”. Яъни: “Эй Муҳаммад алайҳиссалом, агар Абу Жаҳл сизга азият беришдан тўхтамас экан, Биз унинг пешонасидан тутиб, хор қиламиз”. Бир ўринда оятнинг тафсири бундай келган: “Қиёмат кунида унинг пешонасидан олиб, оёқлари билан ўраб, дўзахга отамиз. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи каби: “Пешона сочи ва оёқларидан тутилурлар (ва жаҳаннамга ташланурлар)” (Раҳмон сураси, 41-оят).
“Ўша ёлғончи, адашган (кимсанинг) пешона сочидан (тутиб жаҳаннамга отурмиз)!” Абу Жаҳлнинг ёлғончилиги унинг сўзидадир. Хатокорлиги амалидадир.
“Бас, у ўзининг жамоасини (ёрдамга) чақираверсин!” Яъни, ҳамтовоқлари ва қариндош-уруғини чақирсин ва улар билан ҳимоялансин. “Биз эса азоб фаришталарини чақиражакмиз!” Яъни, забония фаришталарини. “Забония деб номланишларига сабаб улар қўллари каби оёқларини ҳам ишлата олишади”, деб айтилади.
“Йўқ! (Эй Муҳаммад,) Сиз унга итоат этманг ва (ёлғиз) Аллоҳга сажда (ибодат) қилиб, (Унга) яқин бўлинг!” Иш Абу Жаҳл ўйлагандек эмас. “Сиз унга итоат этманг”. Яъни, намозни ташлашга сизни ундаса, унга итоат этманг. “Ва (ёлғиз) Аллоҳга сажда (ибодат) қилиб” Аллоҳ учун намоз ўқинг. “(Унга) яқин бўлинг!” Парвардигорга тоат ва ибодат билан яқин бўлинг. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Банданинг Аллоҳга энг яқин ва Унга энг севимли вақти Аллоҳ таолога сажда қилиб, пешонаси ерда бўлган вақтидир”.
“Тафсири Қуртубий” асосида
Юлдуз КОМИЛ тайёрлади
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 15-сонидан