Ҳаёт – амалларимиз акс-садоси
Бир одам ўғли билан тоғ ён-бағридаги ўрмонда кетаркан, ўғли қоқилиб тушди ва жон аччиғида: “Ааҳҳҳ!” деб юборди. Қаршидаги тоғдан унга: “Ааҳҳҳ!” деган акс-садо келди.
Бола ҳайрон бўлиб:
– Сен кимсан? – деди.
– Сен кимсан? – деган жавоб келди тоғ томондан.
Боланинг жаҳли чиқиб, кўринмаётган кимсага бақирди:
– Қўрқоқ экансан!
– Қўрқоқ экансан! – деган садо қайталанди.
Бола отасига юзланиб сўради:
– Бу қанақаси, отажон?!
Отаси унга:
– Ўғлим, сен эшит ва ўрган, – деди. Сўнг тоққа юзланди:
– Сенга шайдомаанн!
– Сенга шайдомаанн! – тоғдан садо қайтди.
– Сен пурвиқорсан!
– Сен пурвиқорсан!
Бола ҳайратланиб, нима гаплигини билолмай оғзини очиб қолди. Отаси эса унга тушунтира бошлади:
– Буни акс-садо дейишади. Аммо аслида бу ҳаётнинг ўзидир. Чунки ҳаётга сен нима тутсанг, шуни қайтаради. Ҳаёт ҳаракатларимизнинг ойнаси. Қанча кўп севилишни истасанг, шунча сев, қанча шафқат истасанг, шунча шафқатли бўл, ҳурмат истасанг, ҳурмат қил, агар одамларнинг сабрли бўлишини истасанг, аввало, ўзинг сабр қилишни ўрган!
Аслида бу қоидалар ҳаётимизнинг ҳар бир дами учун аҳамиятлидир. Чунки ҳаёт шунчаки бир тасодиф эмас, қилган ишларимизнинг акс-садосидир.
Абдуллатиф АБДУЛЛАЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 14-сонидан