Асл бойлик нимада?
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қачон биронтангиз мол-дунё ва хилқатда ўзидан афзалроқ кишини кўрса, ўзидан афзалроқ (одам)га эмас, ўзидан пастроғига қарасин” (Имом Бухорий ривояти).
“Қачон биронтангиз молдунё ва хилқатда ўзидан афзалроқ кишини кўрса…” Яъни, агар киши ўзи истамаган ҳолда мол-дунё ва суратда ўзидан афзалроқ инсонга назари тушса ва таъсирланса, шу заҳоти у ушбу жиҳатларда ўзидан пастроқ одамлар кўплигини ўйласин. Шундагина у Аллоҳ таоло берган неъматларнинг қадрига етади, шукр қилади.
Ушбу ҳадис мўминни доим мамнунлик ҳиссида яшаши учун энг гўзал кўрсатмадир. Бунга амал қилган киши ҳасад ва нафрат иллатлардан фориғ бўлади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ҳақиқий бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, балки нафснинг тўқлигидадир”, деганлар.
Аллоҳ таоло бир бандасига берган неъматини бошқа бандасига бермаслиги мумкин. Шунинг учун дунё неъматларида ўзидан юқорига қараганда инсон доимо фақирлик ва маҳрумликни ҳис этиб яшайди. Аксинча ўзидан қуйироқ одамга назар солса, камбағал эканига қарамай, ўзини бой ва мамнун ҳис этади. Бу фақат мол-дунёгга эмас, балки жисм ва сийрат каби барча неъматларга тегишли.
Баъзида киши ўзидан кўра бой ва афзалроқ одамни кўрса, шошиб қолади. Бундай вазиятда зудлик билан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг буйруқларини бажариши лозим. Мол-дунё ва ҳуснда ўзидан пастроқ инсонга назар солсин. Парвардигор берган неъматларга ҳамд айтсин.
Яна бир ривоятда: “Ўзингиздан юқорироққа эмас, балки пастроқ кишига назар солинг. Мана шу Аллоҳнинг неъматларини паст санамаслигингиз учун яхшироқдир”, дея таълим берилган. Демак, Парвардигорнинг неъматларига эътиборсизлик Аллоҳ таолога куфр қилиш билан тенг. Куфр эса дунё ва охират ҳалокатига сабаб бўлади.
Қуръони каримда бундай дейилади: “Аллоҳ бир шаҳарни (яъни, Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқи кенгу мўл келиб турар эди. Бас, у (аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ унга (аҳолисига) бу “ҳунарлари” сабабли очлик ва хавф либоси (балоси)ни тортиб қўйди” (Наҳл сураси, 112). Уламолар оятдаги: “очлик ва хавф либоси (балоси) ни ношукрликлари сабаб очлик ва хавф бириктирилиб қўйилди, деб тафсир қилишган.
Куфр шукрнинг зидди бўлиб, неъматни тўсувчи, камситувчи, поймол қилувчидир. Шукр эса қалбни неъмат берувчи Зотга нисбатан ҳамду санога тўлдирувчи, инъомини эъзозлаб, унга рози бўлишни ифодаловчи ҳужжатдир. “Эй имон келтирганлар, Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, Унга шукр қилинглар” (Бақара сураси, 172 оят), “Агар Аллоҳга ибодат этувчи бўлсангизлар, Унинг неъматларига шукр қилинглар” (Наҳл сураси, 114-оят).
Шукр сабр билан бошланиб розилик билан тугайди. Кимки дунё неъматларида ўзидан қуйироқ даражадаги кишига қараса, шукрни сақлаб қолади, ўзида мавжуд талайгина мўл-кўлликни англаб етади. “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар” (Иброҳим сураси, 34-оят).
Таъкидлаш жоизки, дунё неъматларида юқорига солинган назар эгасини ўша даражага етиб олиш учун бор имкониятини сарфлашига ундайди. Лекин ҳеч қачон уддасидан чиқолмайди. Сабаби, ҳар сафар етаман деганда, ундан ҳам неъматларда афзалроқ кишига дуч келаверади. Исломнинг асоси бўлган шукр ва сабр орасини ўзидан тўсиб қўяди. Орзусига етишолмайди. Бутун умрини ҳасад, нафрат, хирс ва тамъада ўтказади.
Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллламдан ривояти фикримизни қувватлайди. Амр ибн Шуайб отасидан, у киши бобоси Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бундай деганларини эшитдим: “Икки хислат борки, кимда улар бўлса, Аллоҳ таоло уни (даргоҳида) шокир ва сабрли (банда) деб ёзиб қўяди. Кимда улар бўлмаса, Аллоҳ уни (даргоҳида) шокир ҳам, сабрли ҳам деб ёзмайди. Ким динида ўзидан юқорироққа қараса ва унга эргашса, шунингдек, ким дунёида ўзидан пастга қараса ва ундан кўра афзал қилгани учун Аллоҳ таолога ҳамд айтса, Парвардигор уни (даргоҳида) собир ва шокир (банда) деб ёзиб қўяди. Энди кимда ким динида ўзидан қуйироқ кишига назар солса ва дунёсида ўзидан юқорироққа қараса, сўнг ўзида йўқ нарсалар учун афсус чекса Аллоҳ уни (даргоҳида) шокир ва собир банда деб ёзмайди”.
Демак, ушбу суннатга амал қилишимиз бизга ўзимиздаги неъматларга қаноат ва розиликка ундайди. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини унутмайлик: “Агар унга эргашсангизлар ҳидоят топасизлар” (Нур сураси, 54-оят).
Манбалар асосида Китоб туманидаги “Ҳазрат Али” жоме масжиди имом ноиби
Ғулом қори БОЙҚОБИЛОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 15-сонидан