Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Noyabr 18, 2020 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

Савол: Баъзи танишларимиз жума куни билан табриклаш жоизмас, чунки жума билан табриклаш бидъат, Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалар бир-бирларини жума билан табриклашмаган, дейишмоқда. Шу гап тўғрими? Жума билан табрикламаслик керакми?

Жавоб: Мўмин-мусулмонлар ўзаро бир-бирларига соғлик-саломатлик тилаб, жума куни билан табриклашлари мубоҳ (савоб ҳам, гуноҳ ҳам бўлмайдиган) амаллардандир. Чунки жума куни билан табриклаш шариатнинг умумий мақсадига мувофиқ келади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Одамларга ширин сўз бўлинг” (Бақара сураси 83-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифда бундай деганлар:

“Яхши гап садақадир” (Муттафақун алайҳ).

Жума куни билан табриклаш бир қанча асрлардан бери мусулмонлар орасида одат тусига айланиб, шу сабабли мусулмонлар бир-бирларини хурсанд қилиб келмоқдалар. Абдуллоҳ Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

“Мусулмонлар яхши кўрган нарса – Аллоҳ таоло наздида ҳам яхшидир, мусулмонлар ёмон кўрган нарса – Аллоҳ таоло наздида ҳам ёмондир” (Имом Ҳоким ривояти).

Қолаверса, жума куни кунларнинг энг яхшиси экани кўплаб ҳадисларда таъкидланган:

“Қуёш чиққан кунларнинг энг яхшиси жумадир! У куни Одам яралган, у куни жаннатга киритилган, у куни жаннатдан чиқарилган, қиёмат ҳам жума кунидадир” (Имом Муслим ривояти).

Жума куни мусулмонларнинг ҳафта ичидаги байрамлари ҳисобланади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар:

“Албатта бу (жума куни) байрам кунидир. Аллоҳ уни мусулмонлар учун (байрам) қилган. Шундай экан, ким жумага етса, ғусл қилсин. Агар унда хушбўйлик бўлса, ундан сепиб олсин ва мисвокни лозим тутинглар” (Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу ҳам жума кунини ҳафталик байрам экани ҳақида бундай деганлар:

“Аллоҳга ҳамд бўлсинки, жума ва Арафа кунлари биз мусулмонларга байрам қилиб берилди” (Имом Табарий “Жомиъул баён”да ривоят қилган).

Демак, байрамларда табриклаш мумкин бўлганидан кейин жума кунида ҳам табриклаш ва муборакбод этиш мумкин ва жоиздир. Чунки юқоридаги ҳадислар билан жума куни ҳам байрам экани очиқ-ойдин маълум бўлмоқда. Шунга биноан, бу кунни байрамона кайфиятда, хушбўйликларни сепиб, хурсандчилик билан, ибодатларни адо этиб, ўзаро бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўраб, яхши тилакларни билдириб ўтказишимиз айни муддао бўлади. Жума куни сизга баракотли, муборак бўлсин, дейиш ҳам яхши тилаклар жумласидандир.

Албатта, бу табриклаш ихтиёрий бўлиб, уни вожиб ёки суннат демаймиз. Бу амални тарк қилган киши гуноҳкор ҳам бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Савол: Бундан бир неча йил аввал дадам оламдан ўтган эди. Яқинда қабристонга боргандим, дадамнинг қабри устида турли хил ўсимликлар ўсиб, бир қарашда қабр қаровсиздек аҳволга келиб қолибди. Қабр устида ўсиб турган ўсимликларга тегмаслик керак, саловат айтиб туради, ўсимлик қуригандан кейин олиб ташлаш керак деб эшитганим учун тозалашга қўлим бормади. Қабрни қаровсиздек қолдиришни ҳам истамаяпман. Нима қилсам тўғри бўлади?

Жавоб: Қабрнинг устидаги кўкариб турган ўтлар юлинмайди. Чунки ҳар бир тирик мавжудот, жумладан, майсалар ҳам тасбеҳ айтади. Бундан маййитга фойда бўлиши умид қилинади. Бу ҳақда Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва: “Албатта, икковлари азобланмоқдалар. Катта нарса учун азабланаётганлари йўқ. Ҳа! Улардан бири чақимчилик қилиб юрар эди. Бошқаси бўлса, сийдигидан покланмас эди”, дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Сийдигидан сақланмас эди», деганлар. Сўнгра бир ҳўл шохни олиб, иккига бўлиб ҳар бирини биттадан қабрга санчиб қўйдиларда: «Шоядки, иккови қуригунча у иккисидан (азоб) енгиллатиб турилса», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривоят қилишган).

Қабрни тартибга солиш учун қуриган майсаларни олиб ташлаш, қабрни лой билан суваб қўйиш жоиз. Қабрларга тириклар учун фойдали бўлган нарсалар ишлатилмайди, масалан, темир, пишиқ ғишт, тахта ва ҳоказо. Жуда зарур бўлгандагина ишлатиш мумкин. Қабрга, белги бўлиб туриши учун, одам кўтара оладиган катталикдаги тош қўйиш мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 15-сонидан