Мақолалар

Рофеъ ибн Худайж

Чоп этилди Noyabr 20, 2020 Рофеъ ибн Худайжda fikr bildirishni o'chirish

Набий алайҳиссаломнинг мадрасаларини битирган ориф бу йигит фиқҳ ва балоғатда ибратга айланди. Буюк муаллимнинг фойдали, ҳикматли таълими сабаб зуҳд ва имонда катталар эришмаган даражага етишди.

Рофеъ ибн Худайж ибн Рофеъ Aнсорий, Aвсий, Ҳорисий. Ҳижратдан олдин, 12 йилда Мадинада туғилди. Ислом ва имонда вояга етди. Моҳир чавандоз. Набавий ҳадис ровийларидан. Куняси: Aбу Aбдуллоҳ. Баъзилар уни Aбу Рофеъ, деб аташган. Айримлар эса Aбу Худайж Aнсорий, дейишади. Отаси: Худайж ибн Рофеъ ибн Зайд ибн Aдий. Онаси: Ҳалима бинти Масъуд ибн Синон ибн Омир. Фарзандлари: Саҳл, Абдураҳмон, Рифоа, Убайдуллоҳ, Зиёд, Ойша, Умму Абдуллоҳ, Абдуллоҳ, Иброҳим, Ҳабоба, Усайд, Амома, Абдулҳамид.

Бадр ғазотида қатнашиш истагида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат этди. Aммо ёши кичиклиги сабабли жангдан қолди.

Уҳуд куни ҳам бир неча ёш саҳобалар жангда қатнашиш истагини билдиришди. Набий алайҳиссалом уларга рухсат бермадилар. Рад жавобини олганлар қаторида Самура ибн Жундаб розийаллоҳу анҳу ҳам бор эди. Aммо бу сафар Рофеъ ибн Худайж розийаллоҳу анҳуга рухсат тегди. Бундан хабар топган Самура ибн Жундаб розийаллоҳу анҳу Мурай ибн Синонга: “Отажон! Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рофеъга Уҳудга боришга изн берибдилар. Aхир мен курашда Рофеъни енгиб қўяман-ку!” деди. Шундан кейин Мурай ибн Синон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Эй Aллоҳнинг расули, ўғлимни жангга чиқишдан қайтариб, Рофеъга рухсат берибсиз. Ўғлим уни курашда енга олади”, деди. Набий алайҳиссалом иккисига қараб: “Қани кураш тушинглар-чи”, дедилар. Чиндан ҳам Самура ибн Жундуб Рофеъни енгди. Шундан сўнг Набий алайҳиссалом иккисига ҳам рухсат бердилар.

Уҳуд кунида Рофеъга ўқ тегди. Бу ҳолни кўриб Набий алайҳиссалом: “Истасанг, ўқни суғуриб ол, тиғи қолсин. Қиёмат куни шаҳидлигингга гувоҳлик берай», дедилар. Рофеъ ўқни суғуриб олди. Тиғи эса баданида қолди.

Уҳуддан кейин ҳам Рофеъ розийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнларида, Ғазот ва сарияларда иштирок этди. У жуда шижоатли эди. Доимо солиҳ амалларда пешқадам бўлишга ва ибодатни маҳкам тутишга ва илм талаб этишга қизиқарди.

Умрининг аксар қисмини дин йўлида машаққат чекиш билан ўтказди. Шунга қарамай меҳнат қилишни яхши кўрарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илмда пешқадам саҳобаларидан бўлиши билан бирга деҳқончилик қиларди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида кўпроқ вақт ўтказгиси келарди. У зот алайҳиссаломнинг хулқлари билан хулқланиб, таълимларини олди ва ҳаётига татбиқ этди.

Саид Ибн Масаййаб айтади: Рофеъ ибн Худайжнинг Ҳавла бинти Муҳаммад ибн Маслама исмли аёли бўларди. Ёши катталиги ёки бошқа бир сабабми, Рофеъ уни талоқ қилмоқчи бўлди. Шунда хотини: “Талоқ қилма, мен учун қандай тақсимот қилсанг, ўшанга розиман» деб айтди. Мана шундан кейин Нисо сураси 128-ояти ояти нозил бўлди: “Қайси бир хотин эридан (унга нисбатан) кўнгилсизлик ёки воз кечишдан қўрқса, иккаласи ўрталарини ислоҳ қилиб олишларида уларга гуноҳ йўқдир. Сулҳ (ажралишдан) яхшироқдир”.

Рофеъ розийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин ҳам шижоатидан воз кечмади. Дин йўлида жонбозлик кўрсатди. Халифалар даврида кўплаб ўлкаларнинг фатҳ этилишига ҳисса қўшди. Умар розийаллоҳу анҳу даврида, фатҳларнинг бирида қўшинга қўмондонлик қилди. Усмон розийаллоҳу анҳу даврида Ямомага волий бўлди. Ҳазрат Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу билан Сиффинда иштирок этди. Муовия ибн Абу Суфён замонида ва ундан кейин ҳам Мадинаи мунавварада фатво берди.

Ҳазрат Усмон ибн Аффон қамал қилинган Дар куни, қаттиқ чанқоқликдан шикоят қилди. Буни кўрган Рофеъ ибн Худайж ўрнидан шиддат билан турди. У билан ўғиллари Абдуллоҳ ва Убайдуллоҳ ҳамда Асбахонни фатҳ қилишганда асир олинган ғуломлари туришди. Рофеъ қуроллангач, қолганлар ҳам қуролланишди. Рофеъ: “Аллоҳга қасам, токи Усмон розийаллоҳу анҳуга сув келтириб бермагунимгача асло ортимга қайтмасман”, деб айтди… Ушбу ҳодисада Набий алайҳиссаломнинг халифаларига ёрдам бериш учун Рофеънинг ҳақ ва адолат билан туришида буюк бир ибрат намоён бўлди.

Айтиб ўтганимиздек, Рофеъ ибн Ҳудайж саҳобаларнинг фақиҳ ва муҳаддисларидан бири бўлган. У ҳадисларни таҳлил ва тафсир қилишда билим ва тажрибага эга эди. Ибн Саъд раҳимаҳуллоҳ “Табақот” асарида бундай келтиради: “Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Саид Худрий, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Жобир ибн Абдуллоҳ, Рофеъ ибн Худайж, Салама ибн Акваъ, Абу Воқид Лайсий ва улар каби саҳобалар Мадинада фатво беришарди”.

Рофеъ розийаллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан тўғридан-тўғри ҳамда амакиси Зуҳайр ибн Рофеъдан ҳадис ривоят қилди. Рофеъ ибн Худайж розийаллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Aлбатта, Иброҳим алайҳиссалом Маккани (уруш ва гуноҳ ишлардан) ҳаром этди. Мен эса ушбу икки тепалик орасини (Мадинани) ҳаром қилдим”, дедилар».

Бу кишидан Башир ибн Ясор, Ҳанзала ибн Қайс, Соиб ибн Язид, Ато ибн Абу Рабоҳ, Мужоҳид ибн Жабр, Нофеъ мавло ибн Умар, ўғли Рифоа ва бошқалар ҳадис ривоят қилишди.

Имом Заҳабий “Сияр” китобида Рофеъ ибн Худайж розийаллоҳу анҳу ҳақида бундай деган: “Имом Бухорий ва Муслим у кишидан 78 та ҳадис ривоят қилди”. Шунингдек, Рофеъ розийаллоҳу анҳу Муҳаммад ибн Сирин, Aто ибн Aбу Рабоҳ, Товус ибн Кайсон, Мужоҳид ва Шаъбий каби илмда тенгсиз тобеинларнинг устозидир.

Рофеъ ибн Худайж Уҳуд куни баданида қолган ўқ тиғи билан Марвон ибн Aбдулмалик давригача яшади. Сўнг Мадинаи мунавварада ҳижратнинг 74 ёки 75 йили, 86 ёшида вафот этди. Унинг жанозасида Ибн Умар розийаллоҳу анҳу иштирок этди.

Манбалар асосида Тошкент ислом институти талабаси
Робия МАННОБЖОНОВА тайёрлади

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 16-сонидан