РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ – ЮКСАК БАЛОҒАТ ВА ФАСОҲАТ СОҲИБИ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фасоҳатли (аниқ ва равон) нутқ соҳиби ҳамда фикрини равшан ва очиқ ифодалаб берувчи зот эдилар.
У зотга Аллоҳ таоло пурмаъно сўзлар, хислатли ҳикматлар, балоғатли1 ваъз-насиҳатлар билан хитоб қилиш истеъдоди, муҳкам (аниқ, ишонарли, қатъий) далиллар билан узил-кесил ҳукм чиқариш маҳоратини ато қилган эди. Пайғамбар алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: «Мен уммий (ўқиш-ёзишни ўрганмаган) пайғамбар – Муҳаммадман (буни уч марта айтганлар), мендан кейин бирорта пайғамбар бўлмайди. Менга каломнинг бошию охири2 ва жавомелари3 ато қилинди».4
Бошқа бир ривоятда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда туриб: «Эй инсонлар! Менга пурмаъно сўзлар ва уларнинг хотималари ато этилиб, мен учун жуда мухтасар қилинди», деганлар.5
Бир куни ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Эй Аллоҳнинг Набийси, қандай қилиб сиз орамизда бўлатуриб, фасоҳат билан сўзлайдиган бўлдингиз, ҳолбуки ҳеч қаерга чиқмаган бўлсангиз? (Яъни, ўқиш-ёзишни ўрганиш учун бирор кишининг ҳузурига қатнамаган бўлсангиз)», деб сўраганида, у зот: «Исмоил алайҳиссаломнинг (сўзлашган фасоҳатли) тили унутилиб кетган эди. Жаброил алайҳиссалом ана шу тилни менга олиб келди, мен уни ёдлаб олдим», деб жавоб берганлар.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг бирор муаллимдан дарс олмай туриб, шундай фасоҳату балоғат билан сўзлашлари Аллоҳ таолонинг у зотга берган улкан неъматидир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларини, сийратларини ўрганиб чиққан жуда кўп олимлар бу ҳақиқатни эътироф этганлар. Пайғамбар алайҳиссалом гапирганларида ҳар бир сўзни аниқ-тиниқ талаффуз билан дона-дона қилиб гапирардилар. Сўзлари худди маржонга терилган дурлар каби эди.
Жоҳиз раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг каломларини тавсифлаб, шундай дейди: «Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг каломларини тингловчида у зотга нисбатан муҳаббат уйғотадиган даражада зийнатлаб қўйди. Каломларида ҳайбат бўлиши билан бирга, эшитган одам ҳаловат ҳам топарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу даражада тушунарли, дона-дона қилиб сўзлардиларки, айтадиган гапларини қайта такрорлашга ҳожат қолмасди. Ул зотнинг ибора ва жумлаларидан бирон-бир сўз тушиб қолмас, гапиришда тутилиб қолиш ҳолатлари кузатилмас, келтирган ҳужжат-далиллари бефойда кетмас, сўзларини эшитиб турган бирор-бир нотиқ у зотга қарши фикр билдириб, гапларини бўла олмас эди. Фақат рост сўзлар билангина ҳужжат келтирардилар. Инсонлар ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг каломларидан кўра манфаати кўпроқ, ишончлироқ бирор-бир каломни эшитмаганлар».
Ҳазрат Али розийаллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг фасоҳатларини: «Мен араблардан қандайдир ажойиб, нодир сўз эшитган бўлсам, фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман. Мен Расулуллоҳнинг: «Маата ҳатфа анфиҳи»7 деганларини эшитганман. Бундай сўзни илгари бирор арабдан эшитмаган эдим», деб тавсифлайдилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг каломлари шу даражада равшан ва очиқ-ойдин эдики, унда бирор-бир ортиқчалик ҳам, камчилик ҳам бўлмасди, ҳатто ёнларидаги кишилар гапларини ёдлаб оладиган даражада тушунарли гапирардилар.
Ойша онамиз розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизларга ўхшаб шошилиб гапирмасдилар, балки шундай очиқ-ойдин ва дона-дона қилиб гапирардиларки, у зот билан бирга ўтирган киши гапларини бемалол ёдлаб оларди».
Яна Ойша онамиз розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай гапирардиларки, сўзларининг ҳарфларини санамоқчи бўлган киши санашга улгурарди».
Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор гапни гапирсалар, (агар эҳтиёж бўлса) уни уч марта такрорлардилар».
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни «Сиздан фасоҳатлироқ кишини кўрмадик», деб мақтаганларида, ул зот: «Аллоҳ таоло мени лаҳҳонлардан8 қилмади, Аллоҳ таоло мен учун энг яхши калом бўлмиш китоби – Қуръони каримни танлади», деб жавоб берганлар.9
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фасоҳат билан сўзлашни мақтардилар. Жумлаларнинг маъносини бузиб, қўпол гапиришдан қайтарардилар. Шунинг учун Аббос розийаллоҳу анҳу: «Гўзаллик нима?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тил», деб жавоб ерганлар.10
Бошқа бир ривоятда Аббос розийаллоҳу анҳу: «Кишидаги гўзаллик нима?» деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тилининг фасоҳатлилиги», деб жавоб бериб, «Равон гапирадиган кишига Аллоҳ таоло раҳматини ёғдирсин!» деб дуо қилдилар.11
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фасоҳатлари шу даражада эдики, ҳар бир қавмга ўша қавмнинг тилига хос фасоҳат билан хитоб қилар, ўша қавмнинг шевасида гаплашар ҳамда уларнинг тилларига оид балоғат масалалари бўйича баҳслаша олар эдилар. Бу ҳолатни кузатган саҳобалар кўпинча у зотдан бошқа шевада айтган гапларини шарҳлаб, изоҳлаб беришларини сўрашарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Қурайш, Ансор, Ҳижоз ва Нажд халқи билан қилган суҳбатлари Хазрамавт ва Яман подшоҳлари билан бўладиган суҳбатларига сира ўхшамас эди (яъни, ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам подшоҳлар билан бўлган суҳбатларида ўша подшоҳларнинг тили, фасоҳати ва балоғатида гаплашардилар. Улар билан гаплашишда қўллайдиган сўзлари Қурайш ва ансорларга нисбатан ишлатадиган сўзларидан фарқ қиларди. Шу ўринда сўзлашув услублари фарқли эканини билдириш мақсадида араб тилидаги сўзларни ўзбек ёзувида ифодалаб, ёнида изоҳини келтириб ўтдик).
1 “Балоғат” сўзи вояга етиш, етуклик маъноларини билдиради. Балоғат билан сўзлаш ҳар бир ҳолатнинг вазиятига мос сўзларни топиб, сўзамоллик ила апиришдир. Юқоридаги жумлада «балоғатли ваъзнасиҳатлар» деб савияси баланд панду насиҳатлар назарда тутилган (валлоҳу аълам).
2 Фасоҳат ва балоғат билан гапириш, маъноларнинг сиру асрорлари, хислатли ҳикматлар, гўзал иборалар қўллаш қобилияти.
3 Кўп маъноларни ўз ичига олувчи қисқа жумлалар.
4 Имом Аҳмад «Муснад»ида ривоятқилган. Бошқа муҳаддислар ҳам ривоят қилган.
5 Ҳофиз Ибн Касир бу ҳадиснинг санадини Абу Яълога боғлаган.
6 Бу ҳадисни Абу Нуъайм «Асбаҳон тарихи» китобида ривоят қилган. Шунингдек, «Мавоҳиб» китобининг шарҳида ҳам зикр қилинган.
7 Ҳеч бир ташқи таъсирсиз вафот этган кишига нисбатан қўлланиладиган бу ибора араб тилида юксак фасоҳат намунасидир.
8 Нотўғри, ғализ гапирувчи, грамматик қоидаларга риоя қилмайдиган киши.
9 «Жомиъуссағир» китобида ҳадис ривояти имом Дайламийга нисбат берилган.
10 Имом Ҳоким ривояти.
11 Аскарий ривояти. Мазкур икки ривоятдан биринчисида Аббос розийаллоҳу анҳу умумий қилиб сўрадилар, кейингисида эса хос қилиб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иккала саволга ҳам жавоблари тил ҳақида бўлди.
Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг «Икки олам сарвари» китобидан
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 16-сонидан