Мақолалар

Ризқ эшигини беркитманг

Чоп этилди Noyabr 20, 2020 Ризқ эшигини беркитмангda fikr bildirishni o'chirish

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг бир ҳикматини шарҳларкан, ушбу ҳадисни келтирадилар: Ойша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ бирингизга бирор жиҳатдан ризқни(нг келишини) сабаб қилса, ўзи учун ўша нарса ўзгармагунча тарк қилмасин”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Бу ҳадисдан банда ўзига ризқ топиш учун сабаб бўлиб турган нарса (касб)ни то у фойда бермай қолгунича тарк қилмаслиги зарур деган маъно тушунилади.

Мусулмон инсон ўзига ризқ келиб турган эшикни ёпиб, бошқа эшикка ўзини уришга шошилмайди. Бир ҳунарни қўйиб, иккинчисига ўтавермайди. Ўзига ризқ келишига сабаб бўлаётган ишга меҳр қўяди, ихлос қилади ва барака топади.

Уламолар: “Бир нарсага уч марта уриниб, фойда кўрмаган одам бошқа ишга уринса бўлади”, дейишган.

Таниқли ёзувчи Тоҳир Малик бундай деган: “Иқтидор, лаёқатнинг ҳам исрофи бор. Кимгадир Аллоҳ таоло математик бўлиш лаёқатини бердими, энди у шу иқтидорини камолга етказсин. Бой бўламан деб бозорга чиқиб кетмасин. Акс ҳолда у мана шу Аллоҳ берган иқтидорни исроф қилган бўлади. Чунки Аллоҳ бу иқтидорни ҳаммага ҳам бермаган”.

Раҳматли Шайхимиз ҳозирги даврнинг кўпгина муаммолари ушбу таълимотларга амал қилмаслик оқибатида келиб чиқаётгани, осон йўл билан кўпроқ бойлик орттириш илинжида ишини ташлаб, қарз олиб “бизнесмен” бўлишга интилган, иши юришмай, баттар қарзга ботиб, фоиз тўлаб юрувчилар кўпайганини куюнчаклик билан таъкидлаган эдилар.

Азизлар, неча йил таълим олиб, малака ошириб, ўзимиз яхши билган ҳалол касбга меҳр қўяйлик. Астойдил сўрасак, Аллоҳ баракасини беради, иншоаллоҳ!

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 16-сонидан