Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Noyabr 20, 2020 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

Савол: Қайнонам фолбин. Лекин ўғиллари рухсат бермагани учун яширинча фолбинга қатнаб туради. Кўп жанжал қилади, қарғанади. Фарзандим йўқ, ҳали туғилмаган фарзандимни ҳам қарғаган. Келин бўлганимга 8 ой бўлди. Битта жойда ўтиргим келмайди. Гаплашгим келмайди. Нима қилсам бўлади?

Жавоб: Қайнонангиз одамларга ёлғон гапириб, фолбинлик қилмаса, уни фолбин демаслик керак. Агар ҳақиқатан фолбин бўлса, бу катта мусибат. Унга гапи ўтадиган кишилар насиҳат қилиб, бу йўлдан қайтаришлари керак. Фолбинлик қилмаса-да, фолбинга боришининг ўзи ҳам катта гуноҳ ҳисобланади. Сизнинг гапингизни олмаслиги аниқ. Бошқа гапи ўтадиган, диёнатли кишилар насиҳат қилишлари лозим. Ўғилларига ҳам айтсангиз бўлади.

Сиз ҳали энди оилавий ҳаётни бошлабсиз, ҳали ҳаёт олдинда. Яхши гапириб, хизматларини қилинг. Зеро, ўша аёл сизни никоҳига олган эрни боқиб тарбиялаган, вояга етказган. Эрнинг қариндошлари, хусусан, ота-онасини ҳурмат қилиш – эрни ҳурмат қилишдир. Ҳар бир бизга ёқмаган кишини четга суриб қўйишга ҳаққимиз йўқ. Шояд яхши муомалангиз, хизматингиз сабаб муҳаббат қўйиб, бу йўлларидан қайтсалар. Чунки фолбинлик ёки фолбинга қатнашнинг охири войдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан фолбинларга бориш ва уларга ишонишдан қайтаришга оид кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

“Ким фолбинга ёки башоратчига борса ва унинг айтган гапини тасдиқласа, Муҳаммадга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди” (Имом Термизий ривояти).

Яна бир ҳадисда Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда у зот: “Улар ҳеч ким эмас”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, уларнинг айтган гаплари гоҳида тўғри чиқади”, дейишди. Расулуллоҳ: “Жинлар рост гапни ўғирлаб олиб, фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фолбин эса, унга юзта ёлғонни қўшиб гапиради”, деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий ривояти). Валлоҳу аълам.

Савол: Тишларим қийшиқлиги ҳамда қозиқ тишим лабимдан билиниб тургани учун тишларимга сим (брикет) қўйдириб тўғрилатганман. Ҳадисларда тиш орасини кенгайтирганлар лаънатланган. Шубҳага тушдим. Нотўғри иш қилдимми?

Жавоб: Нотўғри иш қилмагансиз. Тўғри, Пайғамбаримиз алайҳиссалом инсон хилқатини ўзгартиришдан қайтарганлар. Лекин у қайтариқ соғлом аъзони зийнат учун ўзгартириш ҳақида. Носоғлом аъзони тузатиш, ўз ҳолатига келтириш учун қилинган даво чоралари ман қилинган иш эмас. Чунки шариатда айбни кетказиш жоиз.

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда: “Килоб уруши куни Аржафа ибн Асъад розийаллоҳу анҳунинг бурни кесилди. У ўзига кумушдан бурун ясаб олди. Аммо у сасиб кетди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам амр қилдилар ва у ўзига тилладан бурун ясаб олди”, дейилган.

Аммо бор чиройга яна чирой қўшиш мақсадида турли амалиётлар қўллаш ножоиз. Валлоҳу аълам.

Савол: Намозни якунлаб, салом бергандан кейин: “Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ. Аллоҳумма антас салом…” дейиладиган дуо ҳар бир фарздан кейин ўқиладими ёки суннат намозлардан кейин ҳам айтиладими?

Жавоб: Ҳар бир фарз намозидан кейин “Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ. Аллоҳумма антас салам ва минкас салам табаарокта йа Зал Жалаали вал икром” дуосини айтиш суннат. Фарздан кейин суннат намози бўлса ҳам, бўлмаса ҳам фарқи йўқ. Суннат намозларидан кейин бу дуони айтиш суннат эмас.

Имом Муслим ва бошқа муҳаддислар томонидан Савбон розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон намозларидан фориғ бўлсалар (яъни, тугатсалар) уч марта истиғфор айтар эдилар, кейин “Аллоҳумма антас салам ва минкас салам табарокта йа Зал Жалаали вал икром” дер эдилар».

Ойша онамиздан нақл қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (фарз намозининг охирида) салом берганларидан кейин фақат: “Эй Аллоҳ! Сен саломсан, салом сендандир, Сен муборак бўлдинг, эй жалол ва икром эгаси!” дейдиган миқдорича ўтирардилар» (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти). Валлоҳу аълам.

Савол: Масжидимиз уч томонидан қабристон билан ўралган. Баъзи танишларим қабристон ичида жойлашган масжидда намоз ўқиб бўлмайди, деб жамоат намозига, масжидга чиқишмайди. Уларни шу ишлари тўғрими? Қабристонга қўшни масжидда намоз ўқиб бўлмайдими?

Жавоб: Агар масжид деворлар билан ўралган ёки бошқа бирор тўсиқ бўлиб, қабристон ташқарида қолган бўлса, намоз ўқиш макруҳ бўлмайди. Бу ҳолатда бемалол намоз ўқиш мумкин. Аммо ўртада бирор тўсиқ бўлмаса, намоз ўқиш макруҳ бўлади. Бу ҳақда мўътабар фиқҳ китобларимизда бундай дейилади: “Агар қабристонда намоз учун жой тайёрланган бўлиб, у жойда қабр ҳам, нажосат ҳам бўлмаса, намоз ўқишнинг бирор зарари йўқдир” (“Раддул муҳтор”).

“Уламолар қабрга қараб намоз ўқиш макруҳлиги тўғрисида сўз юритиб, баъзилари: “Макруҳлик сабаби бу ишда яҳудийларга ўхшашлик бор”, деганлар. Баъзилари: “Қабристонда маййитлар суяги бор бўлиб, улар нопок ва нажосатдир”, деганлар. Уламолар айтган бу макруҳлик – намоз ўқиётган билан қабристон ўртасида девор ёки бирор тўсиқ бўлмаган ҳолатда бўлади. Агар девор ёки тўсиқ бўлса, намоз ўқиш макруҳ эмас. Девор ажратувчи бўлади. Агар намоз ўқувчи билан қабрлар ўртасида бирор тўсиқ бўлмаса, жамоат масжидларида қабр тарафга юзланиш макруҳ бўлади” (“Ал-Муҳийт ал-Бурҳоний”).

Замондош олимларимиз томонидан ёзилган мўътабар манбаларда ҳам ушбу масалага қуйидагича хулоса қилинган. Ҳанафийлар: “Қабристонда агар қабр намоз ўқиётган киши олдида бўлиб, намозхон хушу билан намоз ўқиётганида (яъни, кўзи сажда жойига қараганда ҳам) кўзи қабрга тушадиган даражада бўлса (яъни, бирор тўсиқ бўлмаса), намоз ўқиш макруҳ ҳисобланади”. Агар қабр намозхоннинг тепаси, усти ёки остида бўлса, бу ҳолда кароҳият йўқдир. Бу худди нажосат ва нопок нарсалардан холи, намоз учун тайёрлаб қўйилган жойда намоз ўқиш макруҳ бўлмагани кабидир”, деганлар (“Ал-фиқҳул исламийю ва адиллатуҳу”, “Ал-фиқҳу алал мазаҳибил арбаъа”).

Хулоса қилиб айтганда, қабристонга қўшни масжидларда намоз ўқиш жоиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари бунга энг катта далилдир. Чунки ушбу масжид ҳам қадимдан «Бақиъ» қабристони билан ёнма-ён жойлашган. Расули акрам алайҳиссаломнинг муборак қабрлари ҳам масжид билан туташ. Шунга қарамай, ҳозирга қадар бирорта уламо «Масжиди Набавий»да намоз ўқиб бўлмайди, деб даъво қилгани йўқ. Қолаверса, шариатимизда қабристон атрофига масжид қуришдан қайтармаган. Фақат қабрни улуғлаб, унга сажда қилишдан қайтаришган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 16-сонидан