Мақолалар

Муроқаба мақоми

Чоп этилди Noyabr 23, 2020 Муроқаба мақомиda fikr bildirishni o'chirish

«Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатиб турувчидир» (Нисо сураси, 1-оят).

“Муроқаба” луғатда “пойлаш”, “кузатиш” деган маъноларни англатади. Руҳий тарбия илмида Аллоҳ таолонинг кўриб турганини тафаккур этиш “муроқаба” дейилади.

Олимлар муроқабани қуйидагича таърифлашган: “Муроқаба” банда Аллоҳ таоло унинг ташию ичини билиб турганини билиши ва ишонишидир”.

“Жаброил ҳадиси” номи билан машҳур бўлган ҳадисда Жаброил алайҳиссалом имон, Ислом ҳақида сўраб бўлиб: “Эҳсон нима?” деб савол берди. Набий алайҳиссалом: “Аллоҳга У зотни кўриб турганингдек ибодат қилишинг. Агар Сен Уни кўрмасанг-да, У сени кўриб туради”, деб жавоб бердилар.

Биз намоз, рўза, ҳаж ва Қуръон тиловатига ўхшаш амалларни ибодат деб ўрганганмиз. Ибодатнинг маъноси луғатда “қуллик”, “бандалик” маъноларини англатади. Истилоҳда намоз, рўза каби амаллар билан бирга ҳар бир ишда Аллоҳга бандалик қилиш тушунилади. Демак, шариатга биноан қилинган барча иш, амал ибодат ҳисобланар экан.

Ҳадисдаги “ибодат қилишинг” деганда барча ишларни Аллоҳ азза ва жаллани кўриб тургандек қилишинг, деб тушунишимиз керак.

Шайх Абу Али Даққоқ: «Ҳадисдаги “Агар Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилишингдир” муроқабага ишора”, деган».

Уламолар Аллоҳни кўриб тургандек ҳолда бўлишни “мушоҳада”, дейишади. Бу муроқабадан бир поғона устун. Агар мушоҳада қила олмаса, ҳеч бўлмаса муроқаба қилсин.

Жаририй бундай дейди: “Ким ўзи ва Аллоҳ ўртасида тақво ва муроқаба асосида ҳукм қилмаса, кашф ва мушоҳадага эриша олмайди”.

Демак, мушоҳада мақомига муроқаба орқали етилади.

Зуннун Мисрий айтади: “Муроқабанинг аломати Аллоҳ афзал кўрган нарсани афзал билиш, Аллоҳ улуғлаган нарсани улуғлаш, Аллоҳ кичик санаган нарсани кичик санашдир”.

Абдуллоҳ ибн Динор ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу Макка сари йўлга тушди. Тун охирида бир жойда тўхтади. Тоғ томондан бир чўпон тушиб келди. Умар розийаллоҳу анҳу унга:

– Эй чўпон, менга қўйларингдан бирини сотасанми, – деди. У:

– Қўйлар меникимас. Мен қулман, – деди. Умар:

– Хўжайинингга “бўри еб кетди”, деб қўявер, – деди. Чўпон:

– “Аллоҳ қаерда қолади?”, – деди.

Ҳазрат Умар йиғлаб юборди. Эрталаб уни топди. Сотиб олиб, озод қилди ва:

– Сени шу бир оғиз сўз дунёда озод қилди. У сени охиратда ҳам озод қилишини умид қиламан, – деди.

Ражо инсонни тоат томон ҳаракатлантиради. Хавф гуноҳлардан узоқ қилади. Муроқаба эса ҳақиқат йўлига бошлайди (“Насрул Обозий”).

Абу Усмон айтади: Абу Ҳафс менга: “Агар одамлар билан ўтирсанг, қалбинг ва нафсингга воиз бўл. Уларнинг атрофингда жам бўлиши сени ғурурга кетказмасин”, деди.

Воситий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибодатларнинг афзали вақтнинг риоясини қилишдир. У – чегарадан чиқмаслик, Аллоҳдан бошқага муроқаба қилмаслик”.

Чегара деганда шариат қайтариқларидан қайтиш, буйруқларига итоат этиш тушунилади. Аллоҳдан бошқага муроқаба биздаги “одамлар нима дейди”га ўхшайди. Муроқаба мақомидаги инсонга фақат Аллоҳ азза ва жалланинг маломати ёки мақтовини ҳисобга олади. Мақтагани томон чопади, қайтарганидан қочади. Агар муроқаба мақомида турсак, жамиятдаги иллатларга ҳам чек қўйган бўлардик.

“Рисолатул Қушайрия”, “Руҳий тарбия” китоблари асосида
Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 17-сонидан