Бошқа дин вакиллари билан ҳамжиҳат яшаш: тажриба ва муаммолар
Давоми, бошланиши ўтган сонда
Ғайридинлардан бўлган бирор фуқаро ўзи билан бирор мусулмон шахс орасида юзага келган келишмовчиликдан мусулмонлар маҳкамасига даъво билан чиқса-ю, ҳақиқат у томонда бўлса, қози ҳеч бир тараддудсиз ғайридин фойдасига ҳукм қилар эди. Бу каби оламшумул воқеаларга тарих кўп бора гувоҳ бўлган. Натижада ғайридинларнинг айримлари мусулмон бўлар, хоҳлаганлари эса ўз динида бўлса-да, эркин, ҳур қолар эди. Мусулмонлар томонидан уларга нисбатан зулм ва тажовуз қилинишига, уларни обрўсизлантиришга асло йўл қўйилмас эди.
Имом Аҳмаднинг “Муснад”ларида Абу Умомадан қуйидаги ҳадиси шариф ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен Аллоҳ таолони ёлғиз деб билган, хулқда олижаноб, бағрикенг бўлган дин билан жўнатилдим”, дедилар».
Қуръони каримдан далиллар
Китоб ва суннатда бу масалаларга оид яна кўплаб далиллар мавжуд. Жумладан: “Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради” (Бақара сураси, 256-оят).
Бошқа оятларда:
– «Шунинг учун ҳам Бани Исроилга “Ким бир жонни ноҳақ дан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, гўё барча инсонларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса (ҳаётини сақлаб қолса) гўё барча инсонларни тирилтиргандек бўлади”, деб билдирдик» (Моида сураси, 32-оят);
– “Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига етказишларингизни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат билан ҳукм қилишни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ ўта эшитувчи ва кўрувчидир” (Нисо сураси, 58-оят);
– “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизларни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолатли бўлингки, ана шу иш тақвога энг яқин ишдир. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ўта хабардордир” (Моида сураси, 8-оят);
– “Аллоҳ сизлар билан диний уруш қилмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан қувиб чиқармаган қавмларга яхшилик қилишдан, уларга адолат кўрсатишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради” (Мумтаҳана сураси, 7-оят).
Ушбу ояти карималардан маълум бўлишича, Ислом шариати том маънода жамиятда адолатни талаб қилади. Одамларни диний эътиқоди ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳаммага бирдек айни талабнинг қўйилиши Исломнинг улуғворлигидир. Оятларни чуқурроқ ўргансак, бир инсоннинг ўлими ҳатто умумбашарият ўлими, ҳаётининг сақлаб қолиниши эса умумбашарият ҳаётини сақлаб қолинишига тенглаштирилмоқда. Бошқа динлардан фарқли ўлароқ, ушбу Қуръоний кўрсатмалар фақат мусулмонларгагина хос қилинмади.
Инсофли тарихчилар томонидан ёритилишича, мусулмонлар китоб ва суннати набавия келтирган нурли манҳажда яшаган даврлар ҳар томонлама тараққиёт даври бўлди. Бугунги кунда атайлаб Ислом динига боғланаётган халқаро террорчилик ва вайронкорликларни динимиз бутунлай қоралайди. Уларнинг ҳаммаси динимизга очиқ-ойдин туҳматдир.
Бугунги кунда дунё саҳнасига чиқаётган янги авлод орасида турфа жамоалар пайдо бўлди. Улар жамиятларни вайрон қилиш, мусулмон ва ғайридинлар орасига низо уруғини сочиш билан банд бўлмоқдалар. Афсуски, улар ҳар қандай ишга ҳам рухсат бераверадиган, ҳар қандай яхшиликдан кўз юмиб кетадиган, ҳар қандай қабиҳликни ҳам қилаверадиган экстремистик гуруҳлар бўлиб шаклланди.
Уларнинг асосий даъволаридан бири дин ва ақидада ўзларига мухолиф бўлган томонни душман деб, билишдир. Шунинг учун ҳам улардан кўпчилиги ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофир деб, уларнинг молу жонларини ўзларига ҳалол қилиб олмоқдалар.
Бугунги кунда мусулмон бўлмаганлар террорчиларнинг қилмишларини кўриб, гўё Ислом дини зўравонлик дини экан деб ўйламоқдалар. Турли экстремистик оқимларнинг бу кирдикорлари Қуръони карим оятларига мутлақо хилофдир. Яъни, улар инсоннинг молу мулки, иззат-нафси, қони, қўшничилик ҳақи ва ҳуррияти муҳофазасига қаратилган Ислом асосларига буткул хилоф иш қилмоқдалар.
“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан
Тоҳир ВОҲИДОВ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 17-сонидан