Ҳидоят йўлларидан бири
Аллоҳ таоло бандаларини дунё ҳаётида доимо тинч-тотув ва аҳилликда ҳаёт кечиришга буюрган ва уни ҳидоятга эришиш йўлларидан бири қилиб қўйган. Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бирбирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор Зотдир» (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Ислом дини инсониятга нафақат диндошларига, балки бошқа дин вакилларига нисбатан ҳам бағрикенглик билан муносабатда бўлишни тарғиб этади. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари адолат билан ҳал этиб берилган. Динимизда бирор элат ёки миллатнинг манфаатига адолатсизлик ёки зулм қилинмаган. Асрлар давомида бу анъаналарга амал қилиб келган мусулмонлар ораларида яшайдиган ажнабий аҳли зиммалар (мусулмон диёрларида уларнинг ҳимояси остида яшайдиган ўзга дин вакиллари)га ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди. Албатта, бу исломий бағрикенгликнинг амалий татбиғи эди. Зеро, Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар» (Мумтаҳана сураси, 8-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа дин ва эътиқод вакилларига бағрикенглик қилиш, уларнинг эътиқодларини камситмаслик, ҳақларига риоя қилишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳам шунга чақирар эдилар. Муборак ҳадисларнинг бирида: “Ким аҳли зиммага бирор зарар етказса, қиёмат куни унинг хусуматчиси бўламан” (Имом Аҳмад ривояти).
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу борада бутун инсониятга ҳақиқий ибрат-намуна эдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилиб келганларида биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан ўзаро тинчлик аҳдномасини тузиш бўлди. Шак-шубҳасиз, бу битимда ҳар икки томоннинг ҳам манфаатлари кўзланган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли китоблар билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилардилар. Мадинага Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганида, уларни масжидга тушириб зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар.
Жамиятнинг тараққиёти ва фаровонлигида миллатлараро, динлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳим аҳамият касб этади. Шукрлар бўлсинки, мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзларининг динларига эмин-эркин эътиқод қилиб, тинч-омон, аҳилиноқ яшаб келмоқдалар. Ҳукуматимиз тинчлик ва осойишталик омили бўлган бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу ғоя эзгулик йўлида нафақат диндорлар, балки жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутади. Бағрикенглик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод Ватан қуришнинг муҳим шартидир. Аллоҳ таоло Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини бардавом ва барқарор қилсин! Омин!
Мухторжон ШАРОФУДДИНОВ,
Марҳамат тумани бош имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 17-сонидан