Тақвонинг вожиблиги
Ислом дини дастлабки давриданоқ инсонларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва фақат У Зотдан қўрқишга чақирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада уммат учун мукаммал ўрнак бўлдилар.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони каримни нозил қилишида жуда кўп ҳикматлар бор. Ушбу ҳикматлардан бири инсонлар дунё ва охират саодатига эришиш учун тақво билан сифатланмоғидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «(Биз уни) қинғир жойи бўлмаган араб тилидаги Қуръон ҳолида (нозил қилдик). Шояд (Аллоҳдан) қўрқсалар» (Зумар сураси, 28-оят).
Баъзи уламолардан тақво ҳақида сўралганида, улар бундай жавоб беришган: “Тақво бу гуноҳи кабираларни қилмаслик ва кичик гуноҳларни тарк этишдир”.
Тақвонинг фазилати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, тақводор бўлгин, инсонларнинг энг обиди бўласан”, деганлар.
Бу борада ояти каримада: «Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй оқиллар!» (Бақара сураси, 197-оят), дейилган.
«… Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тақвонинг ҳақиқатини баён қилиб берганлар.
Нўъмон ибн Башир розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Дарҳақиқат, ҳалол нарсалар очиқ-ойдиндир. Ҳаром нарсалар ҳам очиқ-ойдиндир. У иккисининг ўртасида эса шубҳали нарсалар ҳам борки, кўпчилик уларни билмайди. Ким шундай шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилса, динини ва обрўсини покиза асраб қолади. Аммо ким шубҳали нарсаларга ўралашиб қолса, ҳаромга ҳам тушиб қолади. Бунинг мисоли бировнинг қўрғони атрофида подасини ўтлатиб юрган чўпонга ўхшайди-ки, у сал эътиборсиз бўлса, қўйлари ўша қўрғонга кириб кетади. Огоҳ бўлинг, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўрғони бўлади. Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг қўрғони унинг ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт бор, агар у соғлом бўлса, бутун жасад ҳам соғ-саломат бўлади. Агар у айниса, бутун жасад ҳам бузилади. Огоҳ бўлинг, ўша нарса қалбдир”» (Муттафақун алайҳ).
Мусулмон кишига Аллоҳнинг ҳадларига яқинлашмаслик вожиб бўлади. Чунки Аллоҳнинг ҳадларига яқинлашиш ҳаромга тушиб қолишга олиб келади. Аллоҳ таоло бу борада бундай дейди: «Бу Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳудуд (чегара)ларидир. Улардан (ошиб) тажовуз қилмангиз! Кимки Аллоҳнинг ҳудудидан тажовуз қилса, ана ўшаларгина золимлардир» (Бақара сураси, 229-оят).
Ҳасан розийаллоҳу анҳу ерга тушган садақа хурмосидан бир донасини оғзига солганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг оғзидан ўша хурмони чиқариб ташлашга буюрганлар ва “Биз садақа емаймиз”, деганлар. У зот, ҳатто гўдак набираларини ҳам тақво қилишга ўргатар эдилар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мен уйга қайтганимда, тўшагимда тушиб ётган хурмони кўрдим. Уни ейиш учун оламан-да, садақа бўлса-чи, деган ўй билан яна уни ташлаб юбораман”.
Ҳақиқатан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда барча мусулмонлар учун буюк ўрнак-намуна бор.
Абу Бакр розийаллоҳу анҳунинг тақвоси борасида бир қанча ривоятлар бор. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги энг тақводор киши ҳисобланади. Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳунинг бир қули бор эди. У ишлаб, бир нарсалар топиб келар эди. Бир кеча у таом олиб келди. У киши ундан бир луқма тановул қилди. Қул унга: “Сенга нима бўлди? Ҳар кеча мендан сўрар эдинг. Бу кеча сўрамадинг?” деди. “Бунга мени очлик мажбур қилди. Буни қаердан топдинг?” деб сўради Абу Бакр розийаллоҳу анҳу.
“Жоҳилият даврида бир қавмнинг олдидан ўтиб, уларга дам солган эдим. Ўшанда улар менга бирор нарса беришни ваъда қилишган эди. Бугун уларнинг олдиларидан ўтиб кетаётсам, тўй бўлаётган экан. Ўша ваъда қилган нарсаларини беришди”, деди қул. Абу Бакр розийаллоҳу анҳу: “Мени ҳалок қилай дебсан-ку!” деди ва қўлини ҳалқумига тиқиб, қусишга урина бошлади. У нарса чиқмай, туриб олди. Унга: “Бу нарса фақат сув билан чиқади”, дейилди. У бир жомда сув келтирди-да, ундан ичиб, қусишга уринди. Охири у нарсани чиқариб ташлади. Шунда унга: “Аллоҳ раҳмингни есин, бир луқмани деб шунчалик қиласанми?!” дейилди. У эса: “Агар бу жоним билан қўшилиб чиқадиган бўлганида, албатта, чиқарар эдим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳаромдан ўсган ҳар бир жасадга олов ҳақлидир”, деганларини эшитганман. Ушбу луқмадан жасадимда бирор ўсиш бўлиб қолмасин, деб қўрқдим”, деди (“Ҳулятул авлиё”).
Мўмин банда доимо ҳалолдан касб қилиши ва шубҳали нарсалардан йироқ юриши лозим. Шунда унинг дини саломат, шаъни улуғ бўлади. Акс ҳолда, шубҳали нарса секин-аста уни ҳаромга етаклайди. Аллоҳ таоло барчамизни тақводор бандаларидан қилсин!
Самариддин АҲМЕДОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
“Тиллар кафедраси” ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 18-сонидан