Жиноятчини эмас, жиноятни таг-туги билан йўқотиш зарур
Одамларда дин, айниқса, Ислом ҳақида нотўғри тушунча шаклланиб қолган. Уларнинг кўпчилиги, дин бу кишиларнинг эркинликларини бўғиб ташлайдиган, шафқатсиз жазога тортадиган таълимот деб ўйлашади. Бундай тушунчалар кўпроқ Ислом ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмасликдан келиб чиқади.
Келинг, гуноҳ қилган кишиларга нисбатан жазо қўллашда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай йўл тутганларига эътибор берайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гуноҳга қўл урган кишиларни жазолашдан ҳеч қандай роҳат олмаганлар. Аксинча, бор кучлари билан жазо қўлламаслик чораларини ахтарар эдилар.
Ҳадиси шарифда: “Имконингиз борича мусулмон кишини жазолашдан узоқ бўлинг, агар бунинг чораси бўлса, уни қўйиб юборинг. Зеро, ҳокимнинг адашиб қўйиб юборгани адашиб жазолашидан кўра яхшироқдир” (Имом Термизий ривояти), дейилган.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон инсонлар ортидан пойлаб, уларнинг айбларини қидирмаганлар. Номақбул ишлари учун жазо беришдан йироқ бўлганлар. Фақат жиноятни исбот қиладиган қатъий далиллар вужудга келган вазиятлардагина тегишли чора кўрардилар.
Набий алайҳиссалом: “Шариат жазо белгилаган жиноятларда бир-бирларингизнинг айбларингизни кечиринг. Агар бундай жиноят менга етиб келса, у ҳолда жазога тортиш вожиб бўлиб қолади” (Имом Абу Довуд ривояти) деганлар.
Имом Суютий раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни қуйидагича шарҳлаган: “Бағрикенглик қилинглар ва менга жиноятларнинг хабарини беришга шошманглар. Чунки уни билганимдан сўнг шариатдаги жазони қўллашга мажбур бўламан”.
Сафвон ибн Умайя розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир кишининг ўғрилиги ҳақида хабар берганида, у зот алайҳиссалом уни жазога ҳукм қиладилар. Шунда Сафвон: “Ё Расулуллоҳ! Мен бундай бўлишини истамагандим! (Келинг,) менинг ридойим унинг номидан садақа бўла қолсин!” деди. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қани энди, сен шу гапингни уни менинг олдимга олиб келишдан олдинроқ айтганингда!” дея жавоб берадилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Мана шу мурожаат нафақат Сафвонга, балки барча мусулмон умматига қаратилган огоҳлантириш бўлиб, ўта қалтис вазиятдан бошқа пайтда қозига жиноят ҳақида хабар бермаслик ва шаръий жазо қўлланадиган ҳолатни пайдо қилмаслик лозим.
Ҳаззал исмли саҳоба Маъиз розийаллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, ўз айбига, яъни зино қилганига иқрор бўлишга ундайди. Шунда у бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга зино қилиб қўйганини айтади. Оламларга раҳмат бўлган зот унинг иқрорини қабул қилмайдилар. Маъиз розийаллоҳу анҳу ўз иқрорида туриб олгач, Набий алайҳиссалом унга зино ҳадини қоим қилишга буюрадилар. Чунки Маъиз оилали бўлатуриб, зинога қўл урган эди. Бироқ Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳаззалга ва у орқали бутун инсониятга насиҳат қилишни унутмадилар: “Аллоҳга қасамки, эй Ҳаззал, агар сен унинг айбини либосинг билан беркитганингда, мана шу ишинг унга қилган ишинг (яъни, айбига иқрор бўлишга ундашинг)дан кўра яхшироқ эди” (Имом Абу Довуд ривояти).
Дарҳақиқат, Ислом жазоловчи эмас, балки меҳрибонлик, енгиллик ва бағрикенгликка асосланган диндир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳига отланиб турган пайтда Ҳотиб ибн Аби Балтаа розийаллоҳу анҳу маккаликларни бундан хабардор қилиш учун мактуб юборади. Бу билан Ҳотиб қўмондоннинг буйруғига хилоф қилади ва мусулмон қўшинини катта хатарга қўяди.
Ҳазрат Али розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мен билан Зубайр ва Миқдод ибн Асвадни унинг изидан юбордилар… Шундан сўнг биз мактубни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келтирдик. Маълум бўлишича, унда қуйидагилар ёзилган эди: “Ҳотиб ибн Аби Балтаадан қурайшликларга…” хатнинг давомида Расулуллоҳнинг режалари ҳақида уларга маълумот берилганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мактуб мазмунидан хабар топгач, Ҳотиб ибн Аби Балтаага қараб: “Бу нимаси, эй Ҳотиб?” дедилар.
– Мени айблашга шошилманг, эй Аллоҳнинг элчиси! Қасамки, Аллоҳ ва Расулига имон келтирганман. Мен динимдан қайтмадим, уни алмаштирганим ҳам йўқ. Гап шундаки, мен қурайшликлар орасида яшаган бўлсам-да, улардан бири эмасман. Маккада менинг хотиним ва бола-чақам – оилам бор. Аммо у ерда оиламни ҳимоя қиладиган бирор қариндошим йўқ. Ёнингиздаги муҳожирларнинг эса Маккада оиласи ва молини ҳимоя қиладиган қариндошлари бор. Шундай қилсам, эвазига қурайшликлар оиламни ҳимоя қилишар деб ўйладим, – деди Ҳотиб розийаллоҳу анҳу.
Буни эшитган ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, рухсат беринг, калласини танасидан жудо қилай. Албатта, у Аллоҳ ва Расулига хиёнат қилди ва мунофиқ бўлди!” деди. Шунда Набий алайҳиссалом унга қараб: «Дарҳақиқат, у Бадр жангида қатнашган, қаердан биласан, балки Аллоҳ таоло бу жанг иштирокчиларига қарата: “Истаганингизни қилаверинг, Мен сизларни кечирдим!” дегандир, дея жавоб қайтардилар» (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўринларида бошқа биров бўлганида Ҳотиб ибн Аби Балтаанинг узрини қабул қилмаган бўларди.
Адолатга кўра, Ҳотиб жазога лойиқ эди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бу вазиятга кенгроқ назар солиб, жиноятчининг ким эканига эътибор қаратди. Унинг ўтмиши қандай? Илгари шунга ўхшаш бирорта ишга қўл урганми? Уни бу ишга қўл уришга нима мажбур қилди?
Раҳмдиллик инсонни тўғридан-тўғри жазолашга эмас, балки уни оғир вазиятдан чиқариб олиш чораларини ахтаришга ундайди. Албатта, адолат юқори мақомга эга, лекин раҳм-шафқатнинг даражаси ундан-да юқори. Бу икки фазилатнинг ўртасидаги фарқ Аллоҳ таолонинг ушбу каломи тиловат қилинганида янада равшан бўлади:
«Агар Аллоҳ одамларни улар қилган гуноҳлари билан жазоласа эди, (ер) устида бирон жониворни қўймаган бўлур эди. Лекин У Зот уларни (жазолашни) белгиланган муддатгача (яъни, қиёмат кунигача) қолдирур. Бас, қачон ўша муддат келгач (уларнинг ҳар бирига қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларининг мукофот-жазоларини берур). Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчи Зотдир» (Фотир сураси, 45-оят).
Адолат ва меҳрибонлик ўртасидаги тафовут мана бу оят маъносидан ҳам ойдинлашади: «(Эй инсонлар) сизларга бирор мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса – гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур» (Шўро сураси, 30-оят).
Биз кўпинча гуноҳкор жазога тортилиши муқаррар деб ўйлаймиз. Бутун оламларнинг Раббиси бўлган Зот эса тавба қилиб, ҳақ йўлга қайтишлари учун уларга имкон беради. Ўз навбатида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бутун ҳаётлари давомида ана шу йўлни тутганлар. Ҳолбуки, ҳеч ким Аллоҳнинг шариатини жорий қилишда у зотга тенг келолмайди.
Ҳа, динимизни ўрганиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари билан яқиндан танишиш керак. Шунда Исломнинг нақадар бағрикенг эканига амин бўламиз. Биз кўпинча Набий алайҳиссаломнинг хулқларига лол қоламиз-у, аммо ибрат олишни унутиб қўямиз. Бугун мусулмонлар орасида бағрикенглик, раҳм-шафқат, кечиримлилик, ўзгаларнинг айбини беркитиш каби набавий сифатлар камайишига йўл қўймаслик чораларини кўриш лозим.
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 18-сонидан