Сўраган эдингиз…
Савол: Ёшим 34 да. Бир йилдан бери намоз ўқияпман. Аввалги намозларимни қандай адо қиламан? Бир танишим суннат намозлар ўрнига ракатлари тўғри келадиган фарзларнинг қазосини ўқиб юришни тавсия қилди. Шундай қилиш тўғрими?
Жавоб: Қазо намозлари бор одам таъкидланган суннат намозларни ўқийверади. “Суннатларни тарк қилиб, ўрнига ракати тўғри келадиган қазо намозларини ўқиш керак”лиги ҳақида бирор кўрсатма йўқ. Балки фиқҳий манбаларимизда бунинг аксини учратишимиз мумкин. Масалан, “Фатовои Ҳиндийя” китобида бундай дейилади: “Ўқилмай қолдирилган намозларнинг қазосини ўқиш нафл намозлар билан машғул бўлишдан кўра яхшироқ ва муҳимроқдир. Лекин машҳур суннат намозлари, зуҳо, таҳажжуд намозлари ва хабарларда зикр қилинган, машҳур суралар ва машҳур зикрлар билан ўқиладиган намозлар бундан мустасно (яъни, улар ўқилаверади). Ўқилмай қолдирилган намозлар қазо ниятида, нафл намозлар эса нафл ниятида ўқилади”.
“Қазо намозларини ўқишга белгилаб қўйилган вақт йўқ. Фақат намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтлар: қуёш чиқаётган, тиккага келган ва ботаётганида ўқиб бўлмайди. Қазо намози жамоат бўлиб ўқилса, жаҳрий намоз жаҳрий, махфий намоз махфий ўқилади (“Фатовои Ҳиндийя”).
Қазо намозларга ният қилганда уларнинг энг аввалги ёки энг кейингиси қазосини ўқишни ният қилдим дейиш тавсия этилади. Масалан, бомдод намозининг ниятида: “Қазо бўлган энг аввалги бомдод намозининг фарзини ўқишни ният қилдим, юзимни қиблага қаратган ҳолда, холисан лиллоҳи таоло, Аллоҳу акбар”. Валлоҳу аълам.
Савол: Яқинда шом намозидан кейин касал кўргани борган эдим. Беморнинг яқинлари шомдан сўнг касал кўрилмайди, деб мени беморнинг олдига қўйишмади. Шу тўғрими?
Жавоб: Шомдан кейин ҳам беморларни зиёрат қилса бўлади. Бунга қуйидаги ҳадис очиқ-ойдин далил ҳисобланади:
Ҳазрат Али розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Ким эрталаб касал кўргани борса, у билан бирга етмиш минг фаришта бирга боради ва кун ботгунича у учун истиғфор айтади. У жаннатда хурмо мевалари билан мукофотланади. Кун ботганидан кейин касал кўргани борган киши билан ҳам етмиш минг фаришта бирга боради ва тонг отгунча унга истиғфор айтади ҳамда у жаннатда хурмо мевалари билан мукофотланади” (Имом Абу Довуд ривояти).
Демак, кечаю кундуз беморларни зиёрат қилиш мумкин. Муҳими, беморга малол келадиган вақтда зиёрат қилмаса бўлди. Валлоҳу аълам!
Савол: Инсон жунублик сабабли ювиниб бўлгач, бироз вақт ўтганидан кейин маний чиқса, яна ювиниш шарт бўладими?
Жавоб: Жунуб киши бавл қилмасдан ёки ухламасдан туриб, ғусл қилса ва намоз ўқиса, сўнгра манийнинг қолгани чиқса, Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад наздида қайтадан ғусл қилади. Лекин шу намозни қайта ўқимайди. Жунуб киши бавл қилган, ё ухлаган, ё бироз юрганидан кейин ғусл қилса ва сўнгра манийнинг қолгани чиқса, унга ғусл вожиб бўлмайди (“Фатовои Ҳиндийя”, “Заҳира”, “Табйинул ҳақоиқ”). Валлоҳу аълам!
Савол: Диний китобларда “инсон фитрати” деган сўзларга дуч келаман. “Фитрат” деганда нима тушунилади?
Жавоб: “Фитрат” сўзи луғатда софлик, бирор нарсанинг бошқа нарсага аралашмаган, асл ҳолатида турганлик маъноларини англатади. Инсон фитрати бу – банда ўзининг яратилган эканини ва унинг Яратувчиси борлигини билишга лаёқатли табиатидир. Аллоҳ таоло айтади: “Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!)” (Рум сураси, 30-оят).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар бир туғилган (гўдак) Ислом фитратида туғилади. Уни ота-онаси яҳудий қилади ё насроний қилади ё мажусий қилади…” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, Аллоҳ таоло инсон табиатини тавҳидга мос равишда бунёд этган. Қай бир инсон ўзининг азалий соф табиатини асраб қола олган бўлса, мўмин-мусулмон бўлади. Кимки ўз табиатини соф ҳолда сақлай олмаган бўлса, кофир, мушрикка айланади.
Савол: Ғусл вожиб бўлган ҳолатда тирноқ ва тукларни олиб бўлмайди, деб эшитдим. Шу тўғрими?
Жавоб: Ғусл вожиб бўлган ҳолатда қўлтиқ ёки киндик ости тукларини тозалаш ва тирноқ олиш макруҳдир. Бу ишларни ғусл қилганидан сўнг бажариш керак (“Фатовои Ҳиндийя”). Валлоҳу аълам!
Савол: Билмасдан овоз чиқариб ўқиган намозларнинг қазосини ўқиш керакми?
Жавоб: Ёлғиз намоз ўқийдиган киши бомдод, шом ва хуфтон намозларининг қироатини истаса, овоз чиқариб ўқийди, истаса, ичида қироат қилади. Овоз чиқариб қироат қилгани афзалдир. Бу намозлар жамоат бўлиб адо қилинганда овоз чиқариб ўқиш вожиб бўлади. Пешин ва аср намозларини ёлғиз ўқувчи ҳам, жамоат бўлиб ўқилганда ҳам овоз чиқармасдан ўқиши вожиб.
Овоз чиқармасдан ўқиладиган намозлар овоз чиқариб ўқилса ёки бомдод, шом ва хуфтон намозлари жамоат бўлиб адо қилинганда, овоз чиқармасдан ўқилса, бу хато саждаи саҳв билан тўғриланади ва бу намоз қайта ўқилмайди. Лекин бундай хато қилганда саждаи саҳв қилмасдан намозини тугатса, намозда вожибни тарк қилиш бўлгани учун нуқсонли бўлади. Ана шундай намозларни қайта ўқиш мустаҳабдир (“Мухтасарул виқоя”, “Фатовои Ҳиндийя”). Валлоҳу аълам.
Савол: Витр намозида қунут дуоси ёдимдан чиқиб, саждага кетибман. Намозим бузиладими ёки саждаи саҳв қилсам, намозим комил бўладими?
Жавоб: Намозингиз бузилмайди, намознинг охирида саждаи саҳв қилиш билан дуруст бўлади. Бу ҳақда “Фатовои Ҳиндийя” китобида бундай дейилади: “Витрда қунут дуосини ўқиш намознинг вожибларидан. Уни тарк қилиш саждаи саҳвни вожиб қилади. Рукудан бош кўтариши билан қунутни тарк қилган ҳисобланади”. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 18-сонидан