Қаноат мақоми
Абдуллоҳ ибн Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қаноат тугамайдиган хазинадир”, дедилар (“Рисолатул Қушайрия”).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, парҳезкор бўл, одамларнинг обидроғи бўласан. Қаноатли бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан. Ўзингга ёққанини одамлар учун ҳам яхши кўр, мўмин бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, муслим бўласан. Кулгини кўпайтирма. Чунки кулгининг кўпи қалбни ўлдиради”, дедилар (Имом Ибн Можа, Ибн Табароний, Ибн Байҳақий ривояти).
“Қаноат” луғатда тақсимланган нарсага рози бўлиш, Аллоҳдан бошқасидаги нарсадан умид қилмасликка айтилади.
Руҳий тарбия устозлари уни қуйидагича таърифлашган:
Бишр Хофий айтади: “Қаноат фақат мўминлар қалбидагина бўладиган мулкдир”.
Абу Сулаймон Дороний айтади: “Қаноат ризодан, вараъ зуҳддан бир манзил. Ризонинг аввали қаноат, зуҳднинг аввали вараъдир”.
Абу Абдуллоҳ ибн Хофиф қаноатни бундай таърифлаган: “Қаноат бой берилган нарсанинг ортидан қувмай, бори билан кун кечиришдир”.
Ҳаж сураси 58-оятида «…Аллоҳ уларни яхши ризқ билан ризқлантиради», деб марҳамат қилинади. Оятдаги “ризқ”ни баъзи уламолар қаноат деб тафсир қилган.
Яна бундай таъриф ҳам бор: “Қаноат одатий ҳаёт тарзи йўқолганда сокин бўлишдир”.
Муҳаммад ибн Али Термизий: “Қаноат тақсим қилинган ризққа нафснинг рози бўлишидир”, деган.
Аллоҳ таоло беш нарса устига бештани қўйган: азизлик тоатда, хорлик гуноҳ қилишда, ҳайбат бедорликда, ҳикмат кам ейишда, бойлик қаноатдадир.
Иброҳим Мористоний айтади: “Душманингдан қасос билан ўч олганингдек, дунёвий ҳирсингдан қаноат билан интиқом ол”.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлаймиз» (Наҳл сураси, 97-оят).
Аксарият муфассирлар дунёдаги яхши ҳаёт қаноатдир, дейишган.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: “Мўминларнинг яхшиси қаноатлиси, ёмони тамагиридир”, дедилар (Шиҳоб Қозоий, “Муснад”).
Қуръони каримда Сулаймон алайҳиссаломнинг бундай дуо қилгани зикр қилинади: “Менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган мулкни ҳадя эт” (Сод сураси, 35-оят). Абдулкарим Қушайрий оятни “қаноат мақомида бошқалардан ажралиб турай ва тақдирингга рози бўлай, деган маънодадир”, деб тафсир қилган.
Биз қаноатни мол-мулкка боғлаб тушуниб қолганмиз. Бу тушунча бироз тор. Инсонга берилган неъматнинг тури кўп. Турмуш ўртоқ, фарзанд, илм ва бошқалар. Бошқа бировдаги нарса бизникидан кўпроқ туюлади ва шундан қаноат девори емирила бошлайди. Шунда Аллоҳ таолонинг неъмат бериши ҳам, бермаслиги ҳам имтиҳон эканини ўйласак, нафсимиз хотиржам бўлади.
Қаноат солиҳлар сифатидир. Агар уларнинг чиройли кийиниб юрганини кўрсанг, алданма, у қаноат ниқобидир. Мана бу оят улар ҳақида: “Иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайди” (Бақара сураси, 273-оят). Улар ухлайди, лекин унга ғарқ бўлиб кетмайди. Ҳар кун еганлари мусибат. Бироқ маҳзун бўлишмайди (Ибнул Жавзий, “Латоиф”).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким кифоя қиладиган ризққа рози бўлса, аниқ нажот топади ва Аллоҳ уни берганига қаноатланадиган қилиб қўяди”, дедилар (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Банданинг Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида мартабаси кўтарилган сари синовлари ҳам ортиб бораверади. Шайтон васвасаси ҳам кишининг ҳолига қараб бўлади. У доим нозик жойдан тутиш пайида.
Қаноат мақоми билан сифатланиш барчамизга насиб этсин.
Манбалар асосида Абдуллоҳ ДЕҲҚОН тайёрлади
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 18-сонидан