Мақолалар

Зинодан ҳам оғирроқ гуноҳ

Чоп этилди Noyabr 26, 2020 Зинодан ҳам оғирроқ гуноҳda fikr bildirishni o'chirish

Гуноҳлар орасида шундайлари борки, уларни Аллоҳ таоло Қуръони каримда жуда ёмон ташбеҳ билан зикр қилган. Бундай мудҳиш гуноҳнинг жазоси ҳам, шубҳасиз, даҳшатлидир.

«…(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз­ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли Зотдир» (Ҳужурот сураси,12-оят).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «“Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?” деб сўрашди. Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”, дедилар. Шунда: “Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?” дейишди. Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, айтганинг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб жавоб бердилар» (Абу Довуд ривояти).

Одатда ғийбатчилар инсоннинг айбу камчиликлари ҳақида гапира туриб: «Бу ғийбат эмас, бор гапни айтяпман”, дейишади.  Бу даъво ва тушунчалари тўғри эмаслигини айнан мазкур ҳадиси шарифдан билиб оламиз.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга чиқиб, баланд овозда: “Эй тилидагина имон келтирган, қалбига имон кирмаган қавмлар (яъни, мунофиқлар)! Мусулмонларга азият берманглар, уларни (аввалги ишлари сабабидан) уялтириб, шарманда қилманглар, уларнинг яширин ишлари (яъни, айблари) пайидан тушманглар! Чунки мусулмон биродарининг айби пайидан тушган кимсанинг айби пайидан Аллоҳ таоло тушади. Аллоҳ таоло кимнинг айби пайидан тушса, уни шарманда (расво) қилади, агар у уйининг ичида (яшириниб ётган) бўлса ҳам”, дедилар.

Бу ҳадисдан одамларнинг айбларини баён қилиш ўта ёмон иш экани, унга қай даражада оғир жазо тайёрлаб қўйилгани маълум бўлади. Зеро, Расулуллоҳ замонларида мусулмонларга озор етказиб, ҳамиша уларни маломат қилиб айблайдиганлар асосан мунофиқлар эди. Шунинг учун у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу гапни фақат мунофиқларга қарата айтдилар. Замонамиз кўзгусига холисона назар солиб кўринг. Улар бир мажлисга тўпланишлари билан бошқаларнинг айбини очишади, ҳатто бу иш уларнинг кўнгилочар машғулотига айланиб қолган.

Ғийбат зинодан оғирроқдир. Чунки зино қилишда фақат Раҳмонга қарши чиқиш, исён қилиш бор. Ғийбатда эса Аллоҳ таолога мухолафат қилиш ҳам, ғийбат қилинган кишига озор бериш ҳам бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ғийбат зинодан оғирроқ”, дедилар. Қандай қилиб?” деб сўрашган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Киши зино қилгач, тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Ғийбатчи эса то ўша (ғийбат қилинган) дўсти кечирмагунича кечирилмайди”, дедилар.

Ғийбат қилувчи золим, ғийбат қилинган эса мазлумдир. Шундай экан, барчамиз мана шу иллатдан жуда эҳтиёт бўлишимиз, сақланишимиз керак.

Ўткир ҲАКИМОВ,
Яккасарой тумани бош имом-хатиби,
«Усмон ибн Мазъун» жоме масжиди имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 18-сонидан