Мақолалар

Саодат асрида ижтимоий адолат

Чоп этилди Noyabr 26, 2020 Саодат асрида ижтимоий адолатda fikr bildirishni o'chirish

Мадина ҳаётининг дастлабки даври

Бу янги ислом жамиятини барпо қилишнинг илк даври ҳисобланади. Маълумки, маҳаллий аҳоли бўлган ансорлар билан Маккадан келган муҳожирлар орасида зиддиятлар ҳам бўлиб турган. Ўз навбатида, маккалик муҳожир қабилалар орасида ҳам тортишув ва низолар содир бўларди. Мадиналик ҳукмрон қабилалардан ҳисобланган Авс ва Хазраж қабилалари орасидаги зиддиятлар эса, узоқ ўтмишга бориб тақалар эди.

Шу боис ҳам янги Ислом жамияти аъзолари бўлмиш ансор ва муҳожир саҳобаларни ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳида бирлаштириш зарурати туғилди. Бунинг устига, кун тартибида аҳолининг маълум қисмини ташкил қиладиган Мадина яҳудийлари масаласи ҳам бор бўлиб, уларнинг ҳам ўз эътиқодлари, бошқарув тизими, қалъа ва етарли қурол-аслаҳалари бўлган. Уларнинг Мадина ичкариси ва ташқарисида экин ерлари ҳамда савдо ишлари бор эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келиб, Ислом жамиятини қура бошлаганларида мазмун-моҳиятан уларга мухолиф бўлган янги жамоа пайдо бўлди. Улар мунофиқлар жамоаси бўлиб, зоҳиран имон-исломни даъво қилишса-да, қалбларида мусулмонларга нисбатан нафрат ва адоватлари кучли эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дастлаб ишни масжид қуришдан бошладилар ва бунга барча саҳобаларни тарғиб қилдилар. У зот бу билан турли этник гуруҳларга бўлиниб кетган араб қабилаларини бирлаштиришни ният қилдилар. Секин-аста улар орасида дўстлик, аҳиллик ва биродарлик ривожланиб, Масжиди Набавий улар орасидаги муаммо ва ечимлар маҳкамаси, диний асослар ва таълим-тарбияни ўрганадиган масканга айланиб қолди. Ансор ва муҳожир саҳобаларнинг барчаси ўзаро зиддиятларга барҳам бериб, у ерда улуғ Пайғамбар ва комил раҳбар атрофида жамланишди ҳамда у зот бошчиликларида ибодатларни адо этишарди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина ҳаётининг илк даврида давлат фуқароларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзида мужассам қилган юридик ҳужжат – “Саҳифа”ни туздилар. Бу нарса бугунги кун таъбири билан айтганда, диний, ирқий, мазҳабий ёки бошқа ҳар қандай эътибордан қатъи назар, мажбурият ва ҳуқуқлар тенглигига асосланган фуқаролик кодекси эди.

Бу дастур фуқароларни қўллаб-қувватлаш, кўмак бериш, эзгуликка ундаш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш, тинч-тотув ҳаёт кечириш ҳамда иллатлардан сақланишга қаратилган эди. Унга кўра, Ислом давлатининг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш барчанинг масъулияти этиб белгиланди. Жамият аъзолари орасида ўзаро тенглик, ижтимоий адолат ва тинч-тотув яшаш тамойиллари мустаҳкамланди.

Мазкур дастур, ҳеч бир истисносиз, жамиятнинг барча фуқаролари ҳақ-ҳуқуқ ва бурчларини эътироф қиладиган, башарият тарихида илк бор ёзилган дастур ҳисобланади. Унда фуқароларнинг барчаси сиёсий низомда тенг экани қарор топди. Улар давлатни муносиб ҳимоя қилиш мажбуриятини бажаргани ҳолда, ўзлари ҳам давлат ҳимоясида бўлишади.

Мадина аҳолисининг барчаси мазкур дастур бандларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларини кўргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига, яъни мазкур дастурга рози бўлишди. Ҳар бир фуқаро шаҳардан кўчиб кетиш ё у ерда яшаб қолиш ҳуқуқига эга бўлиб, бошқа ҳуқуқ ва имтиёзлардан ҳам тўлақонли фойдалана олиши мумкин бўлди.

Ўз навбатида, бошқаларга юклатилган мажбурият унинг ҳам масъулияти ҳисобланарди. Жамиятга тааллуқли бўлган ишлар якка шахсларга, якка шахсларга тааллуқли бўлган ишлар жамиятга ҳам дахлдор. Ҳеч ким ноҳақдан бирор зарар ё хавф-хатар кўриши мумкин эмасди.

Мазкур дастурнинг мазмун-моҳияти жамият аъзолари орасида тўлақонли адолат ўрнатиш эди. Бу адолат фуқароларнинг диний маросим ва ибодатларни эмин-эркин ўтказишларида, ҳуқуқ ва мажбуриятлари таъминланишида ҳамда жонию моли, ор-номуси ва шаъни ҳимоясида ёрқин намоён бўлар эди.

“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан
Тоҳир ВОҲИДОВ таржимаси

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 18-сонидан


Fatal error: Uncaught wfWAFStorageFileException: Unable to save temporary file for atomic writing. in /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php:35 Stack trace: #0 /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php(659): wfWAFStorageFile::atomicFilePutContents('/home/hidoyatu/...', '<?php exit('Acc...') #1 [internal function]: wfWAFStorageFile->saveConfig('livewaf') #2 {main} thrown in /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php on line 35