
Олтин ўгитлар
Ҳаёт икки оятда мужассам:
1. «Бас, сизларга Мен (тараф)дан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас» (Тоҳо сураси, 123-оят).
2. «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, унинг учун танг (бахтсиз)турмуш бўлиши муқаррар» (Тоҳо сураси, 124-оят).
Ушбу икки оят ҳаёт формуласидир. Инсонга улардан бирини танлаш ихтиёри берилган.
* * *
Абдулазиз Торофий бундай дейди: “Одамлар гуноҳлари сабабли бир-бирларидан фарқланишади. Шунингдек, гуноҳлар сабабли қалблар бир-бирини ёмон кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай огоҳлантирганлар: “Муҳаммаднинг жони измида бўлган Зотга қасам, икки киши ўзаро дўстлашса, улардан бирининг гуноҳи сабаб ораларига совуқчилик тушади”.
* * *
Абдулазиз Торофий яна айтади: “Шарафли кишилар бўлар-бўлмас нарсаларга ғазабланаверишмайди. Шунингдек, улар устида жанжалашишмайди. Кимнинг қалби буюк ишларга боғланган бўлса, фақат ўшалар билан банд бўлади. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу бундай дейди: “Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ўн йил хизмат қилдим. Менга бирон марта “уф” демадилар” (Имом Бухорий ривояти).
* * *
Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ айтади: «“Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин!” (Луқмон сураси, 14-оят). Ким беш вақт намозни адо этса, Аллоҳ таолога шукр қилибди. Ким намоздан сўнг ота-онасини дуо қилса, иккисига раҳмат айтибди».
* * *
Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: “Афв Аллоҳ таолонинг исмларидан биридир. Парвардигор афв этишни хуш кўради. Шунингдек, бандалари ҳам бир-бирларини афв этишларини яхши кўради. Агар улар бир-бирларини афв этишса, Аллоҳ таоло ҳам уларга афви ила муомала қилади”.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 7-сонидан