Мақолалар

Аллоҳ Холиқдир

Чоп этилди Noyabr 26, 2020 Аллоҳ Холиқдирda fikr bildirishni o'chirish

Бир ҳикоя мени ажаблантирди. Унда айтилишича, кунларнинг бирида бир гуруҳ солиҳ кишилар кемада сафарга чиқишди. Намоз вақти кирганида азон ва такбир айтиб, жамоат бўлиб намоз ўқишар эди. Ўша ерда бир киши уларни кузатар экан, қилаётган хатти-ҳаракатларидан (яъни, намоз ўқишларидан) ҳайрон бўлди. У бунинг сабабини сўраш учун солиҳ кишилар яқинига келиб: “Нима қиляпсизлар?” деди. Улардан бири:

  • Намоз ўқияпмиз, – деб жавоб қилди.

– Нима учун намоз ўқийсизлар?

– Бизни Яратиб, ризқлантирган ва намозга буюрган Зот – Аллоҳ учун ўқиймиз.

– Мен бу борлиқнинг илоҳи борлигига ишонмайман, – деди бояги киши.

– Нега бундай дейсан? Аллоҳга қасамки, У осмонлару ернинг ва ундаги барча нарсанинг Холиқи – Яратувчисидир. Борлиқдаги барча нарса Аллоҳнинг махлуқотларидир.

– Бунга далил-исботинг борми?

– Биз билан бирга уламоларимизнинг мажлисларига қатнашсанг, ўзинг истаган далилларни эшитасан.

– Маъқул.

Маълум муддатдан сўнг кема манзилга етиб келди. Улар бир олимнинг олдига боришди ва мазкур жамоат билан ҳалиги киши ўртасида бўлган воқеани олимга сўзлаб беришди. Сўнг олим уларнинг олдига бир соатдан кейин келишини айтди.

Ҳалиги одамлар олимнинг қайтишига лаззатли таомлар-у, мазали мевалардан иборат чиройли зиёфат уюштиришди. Аммо олим негадир айтилган вақтдан яна бир соатга кечикиб келди.

Аллоҳ таолонинг мавжудлигини инкор этаётган киши олимдан:

– Эй улуғ олим, нима учун келишилган вақтдан кечикиб келдингиз? –деб сўради.

Олим:

– Мен бир ғаройиб иш билан машғул бўлиб қолдим, – деб жавоб қилди.

– У қандай иш экан?

– Йўлда кетаётиб, соҳилда ҳеч кимнинг ёрдамисиз ёғоч-тахталарнинг йиғилиб, улкан бир кемага айланиб қолганини кўрдим. Сўнг ўша кема соҳилдаги нарсаларни ўзининг устига юклади-да, ҳеч қандай бошқарувчисиз денгизнинг ўртасига қараб сузиб кетди. Бу ишларга ҳайрон бўлиб қолганимдан сизларнинг олдингизга келишга кечикиб кетдим.

– Мен бу гапларга ишонмайман. Қандай қилиб жонсиз ёғоч-тахталарнинг ўзи бирор инсоннинг ёрдамисиз шунча ишни бажариши мумкин?!

– Субҳоналлоҳ! Ахир сен ҳозиргина коинот, ундаги Ой, Қуёш, юлдузлар ва улардан бошқа барча нарсаларни ўз-ўзидан пайдо бўлгани ҳамда бир низомда бир-бирлари билан тўқнашиб кетмай юришларини даъво қилаётган эдинг. Энди эса оддийгина бир кеманинг ўз-ўзидан пайдо бўлиб, сузиб кетганини инкор этасан?!

Шундаги бояги одам ўзининг хатосини англаб етди ва:

– Эй олим, бўлди, мен Аллоҳга имон келтирдим, – деб мусулмон бўлди.

Қиссадан олинадиган сабоқлар:

– Албатта, мусулмон киши Ислом неъматидан насибадор бўлгани учун шукрлар айтиши лозим;

– Аллоҳни инкор қилаётган кишига нисбатан дарҳол қўполлик қилмаслик, балки унга чиройли услуб билан ҳақиқатни англатиш яхши натижа беришини ёдда тутиш;

– Албатта, олим киши инсонларга ҳақиқатни англатишда донолик ва фаросат билан иш тутмоғи лозим.Чунки бунда кимга қандай далил ёки мисол келтиришни билиш ўта муҳим;

– Ўзидаги хатони кўрган киши айбини тан олиб, дарҳол тавба қилиши ва Ҳақ йўлга қайтиши лозимдир.

Нуриддин Мансур тайёрлади