Аллоҳ йўлида дўстлашиш – нажот
Инсонлар бир-бирлари билан биродардирлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар…” (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминлар бир-бирлари билан оға-инидирлар”, дея лутф қилганлар.
Бу дўстлик Аллоҳ йўлида яхши кўриш билан ўз ифодасини топади. Зеро, инсонлар бир-бирларини Аллоҳ учун ардоқласалар, бу дунё ва охират яхшиликларига эга бўладилар. Қуръони каримда: “У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар”, дейилган (Зухруф сураси, 67-оят).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло соя бўлмайдиган қиёмат кунида етти тоифа кишини Ўзининг сояси остида соялантиради. Улар: адолатли бошлиқ, Раббисининг ибодатида ўсган йигит, қалби масжид билан боғланган киши, Аллоҳнинг розилигида бир-бирларини яхши кўриб жамланган ва ажрашган икки киши, чиройли ва мансабдор аёл зинога чақирганда, мен Аллоҳдан қўрқаман деган киши, ўнг қўли қилган эҳсонини чап қўли билмайдиган киши, ёлғиз ҳолида Аллоҳни эслаб кўз ёш тўкадиган киши”.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи: “Дўстларни кўпайтиринглар. Мўмин дўстлар қиёмат кунида бир-бирларини шафоат қиладилар”, деганлар.
Аллоҳ таоло барчамизнинг дўстлигимизни фақат Ўзининг йўлида бўлишини таъминласин. Дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларга шерик бўлишни насиб этсин.
Абдувоҳид Исоқов,
Наманган шаҳридаги “Мирёқуббой-Мирҳакимбой” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 7-сонидан