Сўраган эдингиз…
Савол: Мен касбим тақозосига кўра юртимиз бўйлаб тез-тез сафарга чиқиб тураман. Йўл-йўлакай масжидларга кирганимда айрим кишиларнинг суннат намозларда рукудан қайтаётиб қиём (қавма)да тик турмасдан саждага кетишига, саждаларни тез-тез қилиб, намоз ўқиётганига гувоҳ бўламан. Шошилиб намоз ўқишнинг ҳукми қандай?
Жавоб: Аввало, зийрак муштарийга, мусулмонларни хатодан қайтариш мақсадида савол йўллаганингиз учун ташаккур.
Набий алайҳиссалом намозни шошиб ўқишдан бизларни қайтарганлар. Намоздан муҳим ва улуғ ибодат йўқ. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Намозни баркамол адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур» (Анкабут сураси, 45-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонлар орасида энг ёмон ўғри намозни ўғирлайдиган кишидир”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, намозни қандай ўғирлайди?” дейишди. У зот: “Руку ва саждаларни мукаммал қилмайди”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳузайфа ибн Ямон розийаллоҳу анҳу бир кишининг намозни шошиб ўқиётганини кўриб: “Қачондан бери намоз ўқийсиз?” дедилар. “Қирқ йилдан бери”, деди у. “Демак, қирқ йилдан бери намоз ўқимабсиз”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Намоз мўминнинг меърожидир. Шунинг учун намозни ихлос билан, арконларини мукаммал қилиб, хушу ва хузу билан ўқиш лозим.
Савол: Мен ҳар доим йиллик ҳижрий–қамарий тақвимдаги вақтларга қараб намозларимни адо этаман. Айрим ойларда шом билан хуфтон намози орасидаги вақт бир соат, айрим ойларда эса бир соату қирқ дақиқани ташкил этади. Нега шундай?
Жавоб: Маълумки, намоз вақтлари қуёшнинг ерга нисбатан ҳолатига қараб белгиланган. “Ал-баҳрур роиқ” китобида бундай дейилади: “Шом намозининг вақти қуёш ботганидан то қизил шафақ йўқолгунигачадир”.
Баъзи уламолар шафақни қуёш ботгач, уфқда пайдо бўладиган қизиллик деган бўлсалар, баъзилари оқлик дейишган. Уфқдаги қизиллик шафақ эканига фатво берилган. Шунга биноан қуёш ботганидан сўнг уфқдаги қизиллик тўлиқ йўқ бўлмагунича хуфтон намозини ўқиб бўлмайди. Шафақнинг йўқолиш вақти эса йилнинг фаслларига қараб ўзгариб туради.
Йиллик ҳижрий-қамарий тақвим нашрга тайёрланаётганда (тақвимдаги намоз вақтлари ЎзР ФА Астрономия институти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади) шулар инобатга олинади. Айрим ойларда шом билан хуфтон намози ораси бир соату ўн ёки йигирма дақиқани ташкил қилса, айрим ойларда бир соату қирқ дақиқагача етади. Хуфтон намозини доим шомдан кейин бир соат ўтгач ўқиш тўғри бўлмайди, балки қизил шафақ тўлиқ йўқолгач, кейин ўқиш керак.
Савол: Техника асрида яшаяпмиз. Бугун кўпчилигимиз ўзи ювар кир ювиш машиналаридан фойдаланамиз. Унга пок ва нопок кийимлар аралаш солинади. Шу тарзда ювилган кийимлар пок бўладими?
Жавоб: Нопок кийимлар замонавий ўзи ювар кир ювиш машиналарида ювилса, шубҳасиз, пок бўлади.
Уламоларимиз нажосатларни иккига – кўринадиган ва кўринмайдиган турга ажратишган. Кўринадиган нажосатларни поклаш тўғрисида “Фатавои ҳиндия” китобида бундай дейилади: “Кўринадиган нажосатни поклаш айни (ўзи)ни кетказиш, агар (ранги, ҳиди) йўқоладиган нарса бўлса, уларни кетказиш билан бўлади”(“Муҳит”).
Агар бир марта ювганда нажосатнинг айни (яъни, ўзи) кетса, у теккан нарса тоза бўлади. Агар уч марта ювилганда ҳам кетмаса, нажосат кетгунча ювилади” (“Сирожия”).
Асмо розийаллоҳу анҳо айтади: «Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Бирортамиз кийимида ҳайз кўрса (яъни, кийимига нажосат тегса), қандай қилади?” деди. У зот алайҳиссалом: “Уни (яъни, айни нажосатни) кетказасиз, кейин сув билан ишқалаб ювасиз. Сўнгра у кийимда намоз ўқийсиз» (Имом Бухорий ривояти).
Кўринмайдиган нажосатни поклаш тартиби бундай: “Бирор нарсага асари (яъни, ҳиди ёки ранги) кўринмайдиган нажосат тегса, уни уч марта ювиб, уч марта сиқиш билан у нарса тоза бўлади…” (“Мухтасарул виқоя”).
Замонавий кир ювиш машиналарида ювилган нарсаларнинг ҳукми ҳақида Мисрнинг “Дарул-ифто” фатво ҳайъати қуйидагича хулоса қилган: “…Кийимларни ўзи ювар кир ювиш машиналарида ювиш – бошқа ювиш усулларидан кўра анча мукаммалдир. Чунки унда дастлаб бир неча марта ювиш билан нажосатнинг айни – таъми, ранги ва ҳиди йўқолади. Кейинги (тўртинчи ва бешинчи) ювишлардан сўнг сиқилиб, тоза бўлади.
Таъкидлаш жоизки, юқорида айтилган ҳукмлар тўлиқ ўзи ювар кир ювиш машиналарига тегишли, ярим ўзи ювар ёки оддий кир ювиш машиналарига тегишли эмас.
Савол: Ижтимоий тармоқлар, айниқса, телеграм орқали танишларимдан “Ушбу хабарни ўн кишига жўнатинг. Тез орада хушхабар эшитасиз ёки даромад топасиз” каби СМСлар келиб туради. Бундай маълумотларни тарқатиш жоизми?
Жавоб: Мўмин киши ақлли, фаросатли бўлади. Ҳар қандай хабарни ўқигач, аввало, унинг рост ёки ёлғонлигини аниқлаб олади. Асоссиз хабарларни тарқатиш жоиз эмас.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Доимо рост гапиринг. Зеро, ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши рост гапиришда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида у “сиддиқ” деб ёзиб қўйилади. Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” деб ёзиб қўйилади», дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Ҳадиси шарифда: “Эшитган нарсасини гапиравериш кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу айтадилар: “Ёлғондан эҳтиёт бўлинг. Чунки ёлғон имондан четлатувчидир”.
Беҳуда хабарлар тарқатиб ё ўқиб вақтни зое қилгандан кўра, Қуръони карим тиловати, зикр, тасбеҳ ва дуолар билан машғул бўлиш лозим.
Манбалар асосида
Толибжон НИЗОМ тайёрлади
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 7-сонидан