
Савдо илмига амал қилиш тақводандир
Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ АБДУЛЛАЕВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум, домла! Динимиз одамлар ўртасидаги турли-туман муносабат ва муомалаларда ҳамиша адолат, инсоф ва ҳалоллик бўлишини талаб этади. Шулардан бири савдо-сотиқдир. Маъқул кўрсангиз, шу мавзуда суҳбатлашсак…
– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро савдо-сотиқ, олди-берди ўлчовларида ўзгалар ҳақига хиёнат қилмасликка буюрган. Бунга жуда диққат қилиш лозим. Чунки Раббимиз фазлу карами билан Ўзи ва бандаси ўртасидаги ҳақни кечиши мумкин. Аммо тенгсиз одиллигидан бир банданинг иккинчи бандага зулм билан ўтадиган ҳақини то ҳақдор кечмагунча кечмайди. Бу амрнинг нақадар жиддий эканига далил сифатида, ҳатто, Қуръони каримда Мутаффифун, яъни “Тарозидан уриб қолувчилар” номли сура нозил қилинган.
Мазкур сура бундай бошланади: «(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса, уриб қоладиган кимсалардир” (1–3-оятлар).
Аллоҳ таоло яна бундай огоҳлантиради: “Аллоҳ савдони ҳалол, рибони ҳаром қилди” (Бақара сураси, 275-оят). “Эй мўминлар! Бирингиз бирингизнинг молингизни ноҳақ йўллар билан еманг. Ўзганинг молини фақат рози бўлиб савдо қилиш билан олгач, ейишингиз мумкин” (Нисо сураси, 29-оят).
Тижоратчи фойда кўришга умид қилган ҳолда, зарар кўриш хавфини ҳам бўйнига олиб иш бошлайди. Ҳаракат қилиб, одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва бошқа хизматларни бажаради. Шунинг учун тижорат – ҳалол меҳнатдир.
– Пайғамбар алайҳиссалом ҳам, халифалари ҳам савдо билан шуғулланганлар. Қуръони каримда савдо илмини яхши билиб, амал қилишга чақириқлар тез-тез келишининг сабабларидан бири ҳам балки шудир?
– Савдо илми, умуман ҳалол тижоратга доир келган оятлар ҳамма ва ҳар замон учундир. Тарихга назар ташла-сак, нафақат Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам, балки у зотдан олдинги пайғамбарлар даврида ҳам бу илмга эътибор катта бўлган. Шуайб алайҳиссаломнинг қавми тарозу ва бошқа ўлчовларда бир-бирига хиёнат қилганлари учун Аллоҳ қилмишларига яраша бало юборди…
Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ушбу оятни ўқидим: “Эй одамлар, ердаги ҳалол, пок нарсалардан енглар” (Бақара сураси 168-оят). Шунда Саъд ибн Абу Ваққос туриб деди:
– Ё Расулуллоҳ! Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси қабул бўладиган киши қилсин.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бундай жавоб бердилар:
– Эй Саъд, луқмангни ҳалол-покиза қил, дуоси мустажоб киши бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасам, қорнига ҳаром луқма туширган банданинг амалини Аллоҳ қирқ кун қабул қилмайди. Ҳаромдан семирган банданинг жойи дўзахдадир» (Имом Табароний ривояти).
– Савдо-сотиқ инсонлар ўртасида фақат ўзаро мол айирбошлаш эмас, балки кишилар ахлоқини акс эттирувчи кўзгу ҳамдир. Савдода кишиларнинг тўғрисўзлиги, ваъдага вафодорлиги, омонатга содиқлиги каби кўплаб ахлоқий фазилатлар намоён бўлади…
– Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ростгўй, омонатдор тижоратчи пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир” (Имом Термизий ривояти). Ҳадиси шарифда айтилганидек, улуғ зотлар билан бир сафда туриш, ҳақиқатан, олий даража ҳисобланади. Чунки мазкур сифатларга эга тижоратчи савдода фожирлик, алдамчилик ва хиёнатга йўл қўймайди. Агар у тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, бу дунёда ҳасрат чекади, охиратда шарманда бўлади. Савдогар шариат кўрсатмасига биноан йўл тутса, унинг тижорати ибодат саналади ва баракали бўлади.
Улуғ зотларнинг биридан: “Обид устунроқми ёки омонатдор савдогарми?” деб сўралганида: “Омонатдор савдогар устун. Чунки молни сотиш ёки олиш пайтида шайтон уни тарозидан уриб қолишга, ёлғонга ундайди, у бунинг аксини қилиб, шайтондан устун келади”, деб жавоб берган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буғдойни ҳўллаб, ёмғир тегди деб сотаётган одамга: “Ёмғир теккан бўлса, нега ташқарисига чиқариб қўймай, ичига яширдинг? Ахир, одамлар молингни яхши-ёмонини билиб, кўриб, ундан кейин харид қилсинлар-да. Кимки бизни алдаса, у биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Шунингдек, бозорда ўзининг нордон анорини сотиш учун юзига ширин анорни кесиб, “кўргазмага” қўйиш, сигирни бир икки кун соғмасдан, елинини шишириб бозорга олиб чиқиш, маҳсулотни намлаш эвазига оғирлаштириш, савдогар билан харидор ўртасига тушиб, гўё яхши маҳсулот олиб бераман деб сотувчи билан тил бириктириб, яроқсиз молни харидорга алдов йўли билан сотиб улуш олиш каби ишлар ҳалол эмас.
– Бугунги кунда кўпчиликни қизиқтирган масалалар савдо-сотиққа тегишли бўлаётгани сир эмас. Бу борада вакиллик жамоатчилик орасида қандай тарғибот ишларини йўлга қўйган?
– Вилоят вакиллигимиз ходимлари, имомларимиз ҳам вақти-вақти билан туман ва шаҳар бозорларида ҳалоллик савдога барака келтириши, савдо илми ва қоидалари ҳақида тарғибот ишлари олиб боришмоқда. Маҳаллий сайтлар, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам долзарб мавзулар қаторида савдога оид мақолалар бериб боряпмиз. Имом-хатибларимиз халқимизнинг саволларига диний идора фатво ҳайъати фатволари, ҳанафий мазҳабимизнинг мўътабар асарлари асосида жавоблар бериб, савдо одобларини ҳам кенг тушунтириб келишяпти.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 8-сонидан