Мақолалар

Уйқудаги инсоннинг танаси чўзиладими?

Чоп этилди Noyabr 28, 2020 Уйқудаги инсоннинг танаси чўзиладими?da fikr bildirishni o'chirish

«Уйқуларингизни ором қилдик. Ке­чани (барча нарсани яшириб тура­диган) либос қилдик» (Наба сураси, 9–10-оятлар).

Уйқу – Аллоҳ таолонинг бандаларига ато этган буюк неъматларидан. Уйқуда инсоннинг идрок этувчи мияси ишлашдан тўхтаб, барча аъзолар, тўқималаргача ором олади. Асаблар тинчланади. Нафас олиш секинлашиб, томир уриши камаяди. Бу эса, бутун илоҳий ҳикмат билан танага роҳат ва қувват бахш этади.

Аксинча, уйқусизлик инсонларнинг ҳаётини издан чиқаради. Одам танаси муттасил очликка бир ойгача чидаши мумкин, аммо уйқусизликка уч-тўрт кундан ортиқ бардош беролмайди. Уй­қу сабабли гўё ўлгандек, ҳеч нарсани ҳис қилмай ётган одамга Аллоҳ таоло яна руҳини қайтариб уйғотади ва у олдингидек тўла-тўкис яшай бошлайди.

Бу ҳақда бошқа бир оятда бундай дейилган: «У тунда сизларни “вафот эттирадиган” (ухлатиб руҳингизни вақ­тинча оладиган), кундузи қилган ишларингизни биладиган зотдир. Сўнгра белгиланган муҳлат (умр) адо этилиши учун унда (кундузи) сизларни (яна) “тирилтирур” (уйғотур). Кейин Унга қайтиш (бор). Сўнгра сизларга қилган ишларингиз хабарини берур» (Анъом сураси, 60 оят).

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ уш­бу оят тафсирида бундай дейди: “Аллоҳ таоло мавжудотларни Ўзи хоҳлаганидай бошқаришининг хабарини берди. Дарҳақиқат, У жонларни таналардан олиш орқали “катта ўлим”га ҳукм қи­лади. “Кичик ўлим” эса – уйқудир”.

Шундай экан, бу нарсаларга қодир Зот инсонни қайта тирилтиришга ҳам, шубҳасиз, қодирдир! “Кичик ўлим”га кетиш олдидан имкон қадар таҳорат билан ётиш тавсия этилади.

Машойихларнинг айтишича, кимки, таҳоратли ҳолда ухласа, кечасини ибодат билан ўтказгандек бўлади. Чунки унинг руҳи осмонга кўтарилиб, ярат-ган Раббисига сажда қилишга изн берилади. Шунингдек, таҳоратли ҳолда ухлаган банданинг кўрган туши ростдир («Китобул авориф»).

Баро ибн Озиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ётоғинг­га кирмоқчи бўлсанг, худди намозга олгандек таҳорат қил! Кейин ўнг томонинг билан ётиб, бундай дегин: “Аллоҳумма асламту важҳий илайк ва фаввазту амрий илайк ва алжаъту зоҳрий илайк. Роғбатан ва роҳбатан илайк. Ла малжаъа ва ла манжа минка илла илайк. Аллоҳумма аманту бикитабикаллазий анзалта ва бинабиййикаллазий арсалта” (маъноси: “Ё Аллоҳ, Сендан умид қилиб, қўрққаним ҳолда юзимни (яъни, ўзимни) Сенга таслим қилдим. Ишларимни Сенга топширдим. Сенгагина суяндим. Паноҳ ва нажот фақат Ўзингдандир. Нозил қилган Китобингга ва Сен юборган Набиййинга имон келтирдим)» (Муттафақун алайҳ).

Оятдаги السُّبَاتُ [ас-субаат] калимаси “чўзилиш, узайиш” деган маъноларни ҳам англатади.1 Бу сўз мутлақ ҳаракатсиз ҳолатдаги уйқу ҳам дейилган. Шу боис қотиб ухлаб ётган киши “масбут”2 дейилади.

“Ас-субаат” калимаси “роҳат” маъносини ҳам англатади. Шу боис шанба куни السَبْتُ[ас-сабту] дейилиб, бу кунда инсон имкон қадар дам олади.

Аллоҳ таоло уйқуни яратиш билан Ўз ҳукмронлиги абадий ва барча хало­йиқлар Унинг измида эканининг хабарини берган. Зеро, У зот уйқу билан мутакаббирларни мағлуб этди, хорлади. Чунки улар турли чора ва сабаблар излашди, аммо уйқудан қутулишга имкон топишолмади.

Уйқу юкларнинг энг оғири, энг кучлисига ўхшайди. Мадомики, банда елкасидаги юкни қўймас экан, бу юк уни бир лаҳзага ҳам тарк этмайди ва силласи қурийди. Демак, уйқу неъмати бандаларнинг тафаккур қилиши учун нозик белгилардан биридир.

Оятдаги “либос” калимасидан мурод кўзлар либосидир. Кечанинг либосини кийган одам,3 яъни қоронғуликка кирган мўмин банда зиммасига фарз бўлган ибодат – намозга киядиган аврат либосидан соқит бўлолмайди. Чунки “тун либоси” иссиқ ва совуқдан келадиган заҳматнинг олдини олишда бизлар киядиган зарурий либосларимизнинг ўрнини босмайди. Бошқа бир тафсирда “либос” дейилишидан мурод тўсиш, ўраб олишдир. Худди кийим баданни тўсиб турганидек, қоронғулик ҳам ер юзини ўраб олади, дейилган.

Айрим муфассирлар Аллоҳ таоло бошқа бир оятда: «(У) тунни оромгоҳ қилиб қўйди”,4 деб айтганидек, “тунги либос – сокинлик”, дейди. Баъзи тафсирларда “ал-либас” калимасининг “оромгоҳ” деб таъвил қилинишига уйқунинг мукаммал сокинлик ва тўлиқ роҳат эканлиги сабаб дейилган.

Шундай экан, атрофимизни ўраб турган борлиқ, тун қоронғуси ҳам биз бандалар учун аслида улкан неъмат эканини асло унутмайлик! Неъмат- нинг шукрини адо этиш эса, унинг янада зиёда бўлишига олиб келади. Тунларимизни осуда қилган Раббимизга тасбeҳ айтиб, уйқуларимиз ҳам, бедорлигимиз ҳам ибодат бўлишини сўраймиз. 1 Бу оятда инсон ётиб, ухлаганида танаси бироз чўзилишига ишора бор. 2 “Масбут” – летергия, яъни узоқ уйқуга кетиш.

3 Бу ўринда тун қоронғусида ҳам аврати очиқ ҳол­да намоз ўқиш дуруст эмаслиги, балки либос намознинг ташқи шартларидан бири экани на­зарда тутилмоқда.
4 Анъом сураси, 96-оят.

Тафсир китоблари асосида Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 8-сонидан