
Ҳамма нарса омонатдир
Абу Ҳузайфа ибн Ямон розийаллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга иккита ҳадис айтиб бердилар. Бирини кўрдим, бошқасини кутиб юрибман. У зот бизга бундай деганлар: “Омонатдорлик (дастлаб) кишилар қалбининг тубига тушади. Кейин уни Қуръондан ўрганишди, кейин эса суннатдан ўрганишди”.
У зот бизга омонатнинг кўтарилиши ҳақида ҳам сўзлаб, бундай дедилар: “Киши бир уйқуга кетадию, қалбидан омонотдорлик суғуриб олинади ва куйган доғдек изи қолади. Кейин яна уйқуга кетади-ю, яна суғуриб олинади ва қаваргандек изи қолади, худди оёғингга тушириб юборган чўғингдек. Пўрсилдоқ бўлиб шишганини кўрасан-у, лекин ўзи ичида ҳеч нима бўлмайди. Одамлар олди-сотди қилишади. Лекин ҳеч ким омонатни адо қилай демайди. Ҳатто “Бани фалонда бир омонатдор киши бор экан”, дейишади. Бир киши ҳақида: “Қандай ақлли!”, “Қандай зийрак!”, “Қандай басавлат!” дейишади, ҳолбуки, унинг қалбида хардал уруғича имон бўлмайди.
Шундай замон бўлдики, қай бирингиз билан савдо-сотиқ қилаётганимга парво қилмас эдим. Мусулмон бўлса, уни (хиёнатдан) Ислом қайтарди. Аммо бугун фалончи ва фалончилардан бошқа ҳеч ким билан савдо-сотиқ қилмаяпман”».
Набий алайҳиссалом сўзлаб берган икки ҳадис ҳам омонатдорлик тўғрисида бўлиб, биринчиси, омонатнинг зоҳир бўлиши, бошқаси эса орадан кўтарилиши ҳақидадир. Яъни, омонатдорлик дастлаб одамларнинг фитратида бор бўлгани, кейин уни шариатдан ҳам ўрганишгани назарда тутилган. Абу Ҳузайфа розийаллоҳу анҳу “бирини кўрдим” деганда шуни назарда тутган.
“Омонатдорлик”. Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсон сақлашга буюрилган барча нарса омонатдир. Қуръони каримда “таклиф” омонат деб номланди: «Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик…» (Аҳзоб сураси, 72-оят).
“(Дастлаб) кишиларнинг қалбининг тубига тушади”. Яъни, Аллоҳ таоло омонат адо этилиши учун уни қалбларнинг негизига туширди.
“Кишиларнинг” лафзи фақат эркаклар учун хосланмади. Балки аёлларни ҳам ўз ичига олади. Фақат ҳадисларда эркаклар номини зикр этиш кўпроқ учрайди.
“У зот бизга унинг кўтарилиши ҳақида ҳам сўзлаб, бундай дедилар”. “Кўтарилиши”дан мурод омонатнинг кетиши ёки омонат эгаларининг кетишлари, яъни, вафот топишларидир. Ҳатто ишончли одамни топиш мушкул бўлиб қолади”.
“Киши бир уйқуга кетади-ю, қалбидан омонотдорлик суғуриб олинади”. Ушбу жумлада хоҳ тунги, хоҳ кундузги уйқудан қатъи назар, омонатнинг қалбдан тезлик билан кўтарилиши айтилмоқда.
“Ва куйган доғдек изи қолади”. Кичик, арзимас бир из. Яъни, омонат кетиб, ундан кичик, арзимас бир из қолади.
“Ва қаваргандек изи қолади”. Болта ва шунга ўхшаш асбоблар билан иш қилгандан сўнг қўлнинг териси қавариб қолади.
“Пўрсилдоқ бўлиб шишганини кўрасан-у”. Яра шишиб етилади ва ўзида сув тўплайди. Ушбу ўхшатишларни мисол келтиришдан мақсад омонатни бирма-бир кўтарилиб кетишидир.
“Одамлар олди-сотди қилишади”. Яъни, олди-сотди билан шуғулланишади. “Лекин ҳеч ким омонатни адо қилай демайди”. Бу ерда омонатнинг озлиги, сўнг ниҳоят оз фурсатда бутунлай кўтарилиб кетиши баён этилмоқда.
“Ҳолбуки, унинг қалбида хардал уруғича имон бўлмайди”. Хардал ўсимлик уруғи бўлиб, у жуда кичиклиги учун зарбулмасал қилинади. Ҳадисда хардал уруғи кичикликни ифодалаш учун келтирилмоқда.
“Бир замон бўлдики”. Ровий ушбу сўзлари билан Исломнинг илк даврини, яъни имон қалбларда мустаҳкам ўрнашган замонни назарда тутмоқда.
“Аммо бугун фалончи ва фалончилардан бошқа ҳеч ким билан савдо-сотиқ қилмаяпман”, яъни, бугунги кун ушбу ҳадиснинг зоҳир бўлиш вақтини англатмоқда. Мен фақат диёнати ва омонатдорлиги учун маълум бир кишиларгагина ишонаман. (Ҳузайфа розийаллоҳу анҳу ҳижратнинг 36 йили, Усмон розийаллоҳу анҳунинг вафотидан озгинадан сўнг оламдан ўтган. Яъни, у қалбдан омонат суғурилиб олинадиган замоннинг бир қисмида яшаб ўтди).
Ушбу ҳадиси шариф омонатни сақлаш ва эҳтиётлаш лозимлигига далил. Зеро, омонатдорлик инсониятга берилган ва қалбнинг тубига жойланган энг буюк ахлоқлардан биридир.
Ҳадиси шарифда илм пайғамбарлик белгиларидан деб келтирилди. Сабаби, Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларига омонатнинг кўтарилишини сўзлаб бердилар. Ҳатто асҳоблардан баъзилари ўша замоннинг бир қисмига гувоҳ бўлишди. Абу Ҳузайфа розийаллоҳу анҳу шулар жумласидан. Шунингдек, тобеин, таба тобеинлар ҳам ўша замонларни кўпини кўришди.
Ибн Баттол раҳимаҳуллоҳ: “Ушбу ҳадис пайғамбарлик белгиларидан. Чунки унда одамларнинг мол-мулкларини фасод бўлиши ва охир замонда омонатнинг озайиб кетишининг хабари келган. Зеро, ҳали келмаган замонни фақат ваҳий орқали билишгина мумкин”, дейилган.
Манбалар асосида Андижон шаҳридаги
“Имом ал-Бухорий” жоме масжиди
имом-хатиби Олимжон РАҲИМОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 8-сонидан