
Саҳифа воқеаси
Қурайш мушриклари кўрдиларким, имон келтирган мусулмонларнинг сони кундан-кунга кўпайгани турди. Бирмунчалари бўлса, Ҳабашистонга ҳижрат қилишиб, Нажоший ҳимоясида қарор топдилар. Муҳожирларни қайтариш учун юборган вакилларининг эса ғаразли ҳадялари ўзларига қайтариб берилди. Алар бу сафарларидин мақсадга етолмай, беобрў бўлишиб, ноумидлик билан қайтдилар.
Энди Қурайш раислари бу енгилишларига қарши ўзлари учун бир фойдали иш чиқариш қасдида бутун Қурайш уруғларидин қўшма бир улуғ мажлис чақирдилар. Бани Ҳошим, Бани Мутталлиб – бу икки уруғдин ўзга борлик Қурайш қабила бошлиқлари бу мажлисга ҳозир бўлдилар. Юқориги икки уруғ бўлсалар, Қурайш қабиласи ичида насаб жиҳатдин энг яқинроғи шулар эди. Абу Толибнинг ташвиқоти ила буларнинг [Абу Лаҳабдан бошқа] мўмин-мушриклари баробар бир бўлиб, жонлари борича Пайғамбаримизни ҳимоя қилишга ваъда беришган эди. Мана шунинг учун бу мажлисда қараладиган масала шулар устида бўлди. Мажлис очилгандин сўнгра Ислом динига қарши ҳар томондин кўп сўзлар ўтиб, энг охирида бу икки уруғга қарши қуйидаги моддалар қўйилиб, бир қаттиқ аҳднома тузилди:
1) алар билан савдо-тижорат қилмаслик;
2) аларга қиз бериб, қиз олмаслик;
3) маърака-мажлисларга улардин ҳеч кимни чақирмаслик;
4) бозордин ва бошқа жойлардин улар-га озиқ-овқат жинсидин ҳеч бир нарса олдирмаслик;
5) атрофдин келганларни уларга қўшмаслик;
6) алар билан қайси ҳолда бўлсин сўзлашмаслик.
Қисқаси, мусулмонлар ва ҳам уларни ҳимоя қилувчилар ҳақида ҳар қандай ёмонлик бўлса, аямасдин қилишлик бу аҳдномада бор эди.
Мана шу мазмунда аҳднома ёзишиб, Қурайш раислари тасдиқлашгандин кейин буни бузишга ҳеч ким йўл топмасин ва ҳам бу қилган аҳдимиз мустаҳкам бўлсин деб, аҳднома саҳифасини Байтуллоҳ ичига илиб қўйдилар. Шунинг билан мажлис тарқалди ва ҳам мусулмонларга ҳеч кўрилмаган улуғ бир бало бошланди. Алар бу аҳднома таъсиридин олдиларида оғир кунлар борлигини шу кундан бошлаб сездилар. Макка шаҳрининг турли томонида тарқоқ ҳолда ўлтиришган икки уруғ аҳли ўз ичларидаги мусулмонлари ила баробар, эҳтиёт юзасидин не кўргилик бўлса, бир жойда бўлайлик дейишиб, “Абу Толиб жилғаси” деган ўринга кўчишиб кирдилар. Пайғамбаримизни ўрталарида сақлаш учун барчалари бир маҳаллага тўпландилар. Шундоғ бўлиб, бу аҳднома сабабидин мусулмонларга келган оғирчилик, қаттиқ кунлар узилмай уч йилга чўзилди. Бу муддат ўтгунчалик жилға ичида қамалган ҳолда қолдилар. Мусулмонларнинг турмуш-ҳоллари кундан-кунга оғирлашиб, халқ билан ичкари-ташқари алоқалари узилди. Ҳар томонлама тирикчилик тўғрисида кўп қийналдилар.
Энди иш шу ҳолга етганда раҳмати илоҳий қўзғолиб, Қурайш раислари дин ушбу номлари ёзилган олти киши – Ҳишом ибн Амр, Зухайр ибн Аби Умайя, Мутъим ибн Адий, Нафвал ибн Абду Манноф, Абул Баҳтарий, Замъат ибн Асвад – бир кеча ўзаро ўтиришган мажлисларида бу аҳднома устидин сўз чиқди. Бировлари туриб айтдики:
– Бу қандоғ мурувватсизлик ишдур? Қурайшнинг икки уруғи очу зорликда қирилишга келди, шулар ичида ҳар қайсимизнинг қавму қариндош, оға-иниларимиз бордур. Агар Абул Ҳакамнинг бизга ўхшаш уларнинг орасида амма-холалари бўлса эди, илгариёқ аҳдномани ўзи бузишга бошлар эди, – деганида ҳаммаларининг хаёллари бузилди.
Бир куни юқорида номлари ёзилганлардин Ҳишом ибн Амр Зухайр ибн Аби Умайя олдига келди. Бу киши эрса, Пайғамбаримизнинг аммалари Отиканинг ўғли эди. Анда Ҳишом:
– Эй Зухайр, Бани Ҳошим сенинг ўз тоғаларингдур. Алар шу очу яланғочликда, хор-зорлик ила халққа аралашмасдин, жилға ичида қамалиб ётсалар, энди сен шулар ҳолини кўриб туриб, еб-ичиб юришга қандоғ чидайсан? – деди. – Қасам ила айта оламанки, агар Абул Ҳакамнинг тоғалари бўлиб, шу ҳолга тушсалар, ҳеч вақт бу ишга розилик бериб турмас эди. Сенинг қараб туришингни ажаб кўраман, – деганида:
– Эй Ҳишом, бу ишда ёлғиз манинг қўлимдин нима келур? Агар бирор киши менга қўшилса эди, Худо ҳаққи, бу аҳдномани бузишга бошлар эдим, – деди. Анда Ҳишом:
– Андоғ бўлса, сенга бир йўлдош топ-дим, у ҳам бўлса ўзимман, – деди. Буни англаши билан Зухайр яна бир киши топишга буюрди. Энди иш шу билан бошлангани турди. Сўнгра Ҳишом у ердин чиқиб, Мутъим ибн Адий олдига келиб:
– Эй Мутъим, Абдуманоф наслидин икки уруғ ҳалок бўлишига сен розими? Ул раҳмсизларнинг кўнгли учун шундоғ жабру зулм устида қараб турдингму? Агар бошқалар ҳақида иш шу ҳолга етган бўлса эди, сизлардин илгарироқ бу аҳдни ташлар эдилар, – деди. Бу сўздин Мутъим қаттиқ таъсирланди.
– Мен ёлғиз киши бу аҳдни бузишга қандоғ журъат қиламан? – деганида:
– Ёлғиз эмассан, – деди.
– Ким эди ул?
– Мен иккинчи бўлиб, сенга бу ишда ёрдурман. Учинчи ҳам топиб қўйдим.
– У ким эди? – деб сўради.
– Зухайр ибн Аби Умайя.
– Ҳой, андоғ бўлса, тўртинчи бир киши топар эсанг, бу ишнинг вужудга чиқишида шак йўқдур, – деди. Сўнгра Ҳишом, Замъат ибн Асвад қошига келиб, юқоридагиларга дегандек сўзлар билан бунинг ҳам ҳамиятини қўзғади.
– Бу ишда биздан бошқа кимлар бор? – деб сўраганида юқоридагиларни кўрсатди. Абул Баҳтарийга ҳам айтди.
Шундоғ бўлиб, бу олти одам бир кеча яширин равишда Макка шаҳрининг юқориси Ҳажун деган жойда шу масала устида йиғилишдилар ва ҳам шу мажлисда Саҳифа аҳдномасини бузишда иттифоқ ила баробар туришга қаттиқ ваъда беришиб, тарқадилар. Бу масалани қўзғаш учун сўз чиқаришни Зухайр ибн Аби Умайя ўз устига олди.
Қурайш раисларининг одатларича, эрталаб Байтуллоҳ олдига йиғилдилар. Шу чоғда Зухайр ибн Аби Умайя эгнига олий либослар кийган ҳолда келиб, Байтуллоҳни етти айланиб, тавоф қилди. Сўнгра туриб, баланд овоз ила қичқириб:
– Эй аҳли Макка! Биз бунда ўз роҳатимиз ила еб-ичиб, фароғатда ётсак, Қурайшнинг икки уруғи – Бани Ҳошим, Бани Мутталиб – булар очу зорликка қолиб, қирилишга яқинлашган бўлсалар, биз йироқдин аларнинг ачинарли ҳолларига томоша қилиб турсак, бу қандоғ кўнглиқоралик, раҳмсизликдур! Улуғ Аллоҳ таоло оти ила онт ичаманки, ул зулм-хиёнаткорлик қора Саҳифа аҳдномасини йиртиб парчалаб ташламагунча, турган ўрнимдин ўлтурмайман! – деди. Анда Каъбанинг бир тарафида ўлтирган Абу Жаҳл сўзни эшитиши билан ўрнидан сакраб туриб:
– Бу Саҳифа ҳеч қачон йиртилмайди, аҳднома шартлари ҳеч вақт бузилмайди, бу сўзни бекор айтурсан, – деб шовқин солди. Бунга қарши Замъат ибн Асвад туриб:
– Сен бекор айтурсан! Буни бузмагунча қўймаймиз, анинг туришига рози эмасмиз! – деди. Бу икковини қувватлаб, Мутъим ибн Адий:
– Сизларнинг сўзинглар тўғридур, бошқалар хато сўзлади. Безормиз бундай аҳдномадан ва ҳам унинг ичида ёзилган шартларидин, – деди. Энг охирида Ҳишом ибн Амр ҳам уларнинг сўзларини қувватлаб чиқди. Қурайш раисларидин бўлган бу олти нафар одам тарафидин қилинган бу ҳужумни кўриб, Абу Жаҳл ҳайронлик ила:
– Ҳой, бу иш бу жойдин бошқа бир ўринда илгариёқ тайёрланган экан. Йўқ эрса, олти одамнинг сўзи бир ўқдек отилмас эди, – деб сукутга мажбур бўлди.
Абу Толиб бу ишнинг натижасини кутиб бир четда ўтирган эди, анинг олдига Пайғамбаримиз келиб дедиларким:
– Биродарим Жаброил шундоғ айтур: “Аларнинг Байтуллоҳ ичига осган аҳднома хатларини, Аллоҳ исмидин бошқа ҳарфларини “араза” (“арза”) деган ёғоч қурти тамом еб битирибдур”. Абу Толиб бу сўзни эшитиши ҳамон сўз бўлиб турган мажлис устига келиб:
– Эй Қурайш халқи, шу ҳозирда қариндошим ўғли Муҳаммад: бу Саҳифанинг Аллоҳ ҳарфлари ёзилган жойидин бошқа ерларини бутунлай араза қурти еб қўйди, дейдур. Энди ишимиз осонлашди, бориб кўрайлик: Агар Муҳаммад дегани тўғри чиқса, бу аҳднома шу кундин бошлаб бузилгани бўлсин. Агар сўзи тўғри чиқмай қолса, анда ўз қўлим билан Муҳаммадни ушлаб, сизларга топширай, – деди.
Сўнгра Мутъим ибн Адий саҳифани олиб, йиртиб ташлаш учун ўрнидин тур-ди. Келиб қараса, хат бошига ёзилган “Бисмикаллоҳумма” ёзуви бор жойдин бошқасини қурт еб қўйибдур, ёлғизгина шу ҳарфларнинг ўрни осилганича турибдур.1 Бу қандоғ улуғ қудратдурким, Саҳифа аҳдномасини бузишга киришган бу олти киши ичида бирортаси бўлсин, ҳали Исломни қабул қилмаган эди! Балки барчалари бу аҳдномани тузишга қатнашган Қурайш раислари эдилар. Аллоҳнинг иродаси бўлиб эди, аларнинг ўз қўллари билан ёзиб, бузилмаслик учун Байтуллоҳ ичига осишган аҳдномаларини яна ўзларига йиртказди ва ҳам бу Саҳифада икки турли мўъжиза кўрсатди. Бири – Пайғамбаримизнинг берган хабарлари тўғри чиқишидур. Иккинчиси шуки, араза қурти ноҳақ, зулм сўзлар ёзилган жойларини бутунлай еб, “Бисмикаллоҳумма” ёзилган жойларнинг ўзигина қолишидур.
Мана шунчалик ошкора мўъжизани кўриб турсалар ҳам, яна уларнинг тошдек қотган кўнгиллари юмшамади. Шунинг билан ҳар ҳолда Саҳифа балоси мусулмонлар бошларидин кўтарилиб, қамалиб ётган жилға ичидин ташқарига чиқдилар. Бу воқеа эрса, тарихий китобларда улуғ бир воқеалардин саналур. Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Толиб юқориги олти нафар одамнинг бу ҳақда қилган хизматларини тақдирлаб, бу неъматнинг шукронаси учун араблар одатича узун бир қасида шеърини айтган, аларни таъриф-тавсиф қилгандилар, бу шеърлари [“Қасидаи Ламийя” номи билан] сийрат китобларида машҳурдир. Бу воқеадин кейин мусулмонлар яна халққа аралашиб, тирикчилик алоқасида бўлдилар. Пайғамбаримиз ҳам секинлик билан халқни ҳақ динга даъват қилишда давом этдилар. Қурайш мушриклари буни тўсишга бошқа ҳеч чора топишолмай, атроф арабларидин келган кишиларни мумкин қадар Пайғамбаримиз билан кўриштирмаслик йўлига киришдилар.
1 Ибн Исҳоқ,. Ас-Сийра, 2/147; Ибн Ҳишом. Ас-Сийратун-набавийя, 2/221.
Алихонтўра Соғунийнинг
“Тарихи Муҳаммадий” асаридан
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 8-сонидан