Мақолалар

Агар пашша идишга тушса…

Чоп этилди Noyabr 30, 2020 Агар пашша идишга тушса…da fikr bildirishni o'chirish

Илм ривожланиб, мусулмон олимлари ҳадиси шарифлар ва улардаги илмий мўъжизаларга эътибор қарата бош­лашди. Ҳадиси шарифлардаги илмий мўъжизаларнинг кашф бўлишида ғарб олимларининг ҳам ўрни катта. Улар илмий мўъжизаларни кашф қилишганидан кейин мусулмон олимлари бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида 1400 йил аввал хабар берилгани тўғрисида далиллар келтиришди. Мазкур мўъжизаларга гувоҳ бўлган бошқа дин вакиллари Исломни қабул қилишмоқда.

Ана шундай ҳадислардан бири Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Агар сизлардан бирингизнинг идишига пашша тушса, унинг ҳамма (жусса)сини (таом ёки ичимликка) ботириб, сўнг олиб ташласин. Зеро, пашшанинг бир қанотида шифо бўлса, иккинчисида заҳар бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

Пашшалар одатда бактерия, айниқса, ичтерлама (безгак) бактерияларини ташувчи ҳашаротлардан ҳисобланади. Шу боис воқеликка қаралса, пашша тушган таом ёки ичимликни тўкиб ташлаш керак бўлади. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса аксинча, пашшани таом ё ичимликка қайта ботириб, сўнг олиб ташлашни буюряптилар.

Буни қандай тушуниш мумкин?

Бу саволга ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан жавоб бериш мумкин. Назарий жавоб шундан иборатки, тиббиёт ходимларидан бири айтади: “Агар пашшада бактерияга қарши восита бўлмаганида, у танасига ёпишиб олган бактериялар таъсирида ҳалок бўлган ва ер юзида қирилиб битган бўларди”.

Жавобнинг амалий қисмига келадиган бўлсак, қадимги халқларнинг ари ёки чаён чаққан ерга пашшани суркаш орқали ижобий натижага эришганлари манбаларда қайд этилган.

Искандария университетининг тиббиёт факультети устози доктор Амин Ризо пашша ҳақидаги ҳадис ҳақида мақола ёзиб, қадимги табобат манбаларида турли касалликларни даволашда пашшадан фойдаланишга оид қўлланмалар мавжудлигини таъкидлайди.

Шунингдек, Биринчи жаҳон уруши пайтида яраланган аскарларнинг жароҳатлари жуда тез бита бошлаган. Ҳолбуки, уларга шифохоналардагидек етарлича дори-дармон ва меҳрибонлик кўрсатишнинг имкони йўқ эди. Чунки ярадор аскарлар очиқ майдонда даволанишар, натижада уларнинг жароҳатларини пашшалар тинмай “зиёрат” қилиб туришарди.

1922 йил Ҳиндистондаги ўлатнинг сабаблари ҳақида узоқ изланишлар олиб борган доктор Бирил бактерияларга ҳужум қилиб, уларни қириб юборувчи митти мавжудот борлигини эълон қилди. Айнан ўша мавжудот ичбуруғнинг сўнишида асосий омил эканини исботлади. Улар мазкур дарддан тузалаётган беморларнинг ахлатларида мавжуд эди. Пашшалар ахлатга қўниб, ундаги антибактерия­ларни қудуқларга элтган, ундан сув ичган одамлар эса соғая бошлаган. Чунки сув орқали уларнинг организмига кирган антибактериялар улардаги ичбуруғ бактерияларини куйдириб, қоракуяга айлантириб қўяр эди. Шундай қилиб, бактерияли касалликларга қарши курашишда пашшанинг аҳами­яти катта экани кашф бўлди.

Доктор Муҳаммад Комил Абдусамад айтади: «Замонавий илм-фан ҳадисдаги “ботириш” сирини исботлади. Албатта, пашшанинг бир қанотида ўзгача хусусият бўлиб, у билан ҳар томонга бактерияларни ташийди. Шунга биноан, қачон пашша ичимлик ёки таомга тушадиган бўлса, унга ўзидаги заҳарли бектерияларни сочади. Бу бакте­рияларга қарши восита ҳам пашшанинг ўзида бўлиб, қанотларидан бирига яқин жойлашган қорнида ёпишиб туради. Шундай қилиб, заҳар бор ерда унинг давоси ҳам бўлади. Шунинг учун пашшани тўлиқ ботириб, сўнг олиб ташлаш ундан тушган заҳарли микроб, бактерияларнинг таъсирини кесиш ва йўқ қилишга кифоя қилади. Пашшанинг бактерия қирувчиси (антибактерия) деб аталувчи майда заррачаларни ажратиши илмий жиҳатдан исботланди.

Демак, таом ёки ичимликка пашша тушса, ўша “антибактерия”ларни “ишга солиш” учун пашшани яна ботириб олиш вожиб бўлади. Ана шунда пашшадан биринчи дафъада тушган заҳарли микроб (вирус)лар уни (иккинчи) ботириш натижасида ажралган “антибактерия”лар томонидан қириб, йўқ қилинади.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларидаги ҳақиқат яна бир бор юзага чиқди. Бу эса, ўз навбатида, Аллоҳ таолонинг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида нозил қилган мана бу сўзини тасдиқлайди: «У (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаводан нутқ қилмас» (Нажм сураси, 3-оят).

Шак-шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётдаги кўплаб муаммоларнинг ечимларини бизларга тақдим қилганлар. Фақат улардан тўлиқ воқиф эмасмиз. Бунинг учун у зотнинг меросларини ихлос билан ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этиш ва бошқаларга ҳам ўргатишимиз лозим.

Манбалар асосида Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 8-сонидан