Қуръон шифодир
Барчамизни яратган Зот бундай марҳамат қилади: «Айтинг: “(Ушбу Қуръон) имон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир”» (Фуссилат сураси, 44-оят).
Бошқа бир ояти каримада: “(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим (кофир)ларга фақат зиённи орттирур” (Исро сураси, 82-оят).
Юнус сурасининг 57-оятида эса: “Эй одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди”.
Дарҳақиқат, Қуръон қалбий, жисмий, дунёвий, ухровий барча касалликлар учун шифодир. Аммо ҳар ким ҳам Қуръон билан шифо топишга муваффақ бўлавермайди.
Уламолардан бири бундай дейди: “Бир вақтлар Маккада пайтим хаста бўлиб қолдим. Мен на шифокор, на дори топа олмадим. Ўзимни Фотиҳа сураси билан даволардим. Унинг ҳайратда қолдирувчи таъсирини кўрдим. Озгина Замзам сувига Фотиҳани такрортакрор ўқиб дам солиб, шу сувни ичардим. Шу зайл шифо топдим. Сўнг ҳам шу усулда бир неча хасталикдан даволандим. Бирон жойи оғришидан шикоят қилганларга ҳам шу усулни тавсия қилардим. Улар ҳам тезда шифо топишарди” (“Зодул маод” ( 4/178), “Жавобул кофий” 21-саҳифа).
Хаста киши сидқидилдан, имон ва ихлос ила, шунга ишонган, эътиқод қилган ҳолда, шартларини жойига қўйиб Қуръон билан даволанса, шифо топади. Тоғларга тушса, парчалайдиган, ерга тушса, ёрадиган Аллоҳнинг каломига касалликлар қарши тура олармиди?! Қандай қалб ва тан хасталиги бўлса, Қуръонда шифосига доир ишора бор. Буни эса Аллоҳ йўл берган, Каломини англаш неъмати билан ризқланган киши топиб, фойдалана олади.
Яна бир гап. Қуръон ўқувчининг таъсири ва амали заиф бўлса, шифо ниятида ўқиладиган оят, зикр, дуолар кўзланган мақсадга етказмайди. Шунингдек, шифо топишга моне тўсиқлар (ишонмаслик, ихлос қилмаслик, бенамозлик ва ҳоказо) ҳам. Шунинг учун саъйҳаракат билан бирга, амал ва ихлосни комил қилган ҳолда барча дардларимизга Аллоҳдан шифо сўрайлик.
Муродиллахон НУРИДДИНОВ,
Қамаши туманидаги “Қоратепа” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 19-сонидан