Мақолалар

Каззоблик касофати

Чоп этилди Noyabr 1, 2020 Каззоблик касофатиda fikr bildirishni o'chirish

Ямомадаги Бани Ҳанифа қабиласидан Мусайлама Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келган элчилар сафида эди. Ўша дамда саҳобаларнинг Пайғамбаримизга кўрсатган эҳтиромидан ҳайратга тушган, Ямомага қайтгач, ўзини пайғамбар деб эълон қилиб юборган эди.

Бани ҳанифаликларнинг бир қисми унинг пайғамбарлигини қабул қилди. “Нега энди қурайшликлардан чиққан пайғамбар ямомаликлардан чиқмаслиги керак?” деганлар бўлди. Бир вақтлар ҳар бир қабиланинг ўз илоҳи бўлишига ишонган нодонлар ҳар қабилага битта пайғамбар бўлишига ҳам ишона бошлади.

Шундай кунларнинг бирида Мусайламанинг ёлғондан ясалган тегирмонига бир шайтоний сув қуйилди. Шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Ислом динини ўрганиб, Қуръондан бир қисм ёдлаб кетган Ражжол (ёки Раҳҳол) ибн Унфува халқ тўпланган жойга бориб бундай деди:

– Эй халойиқ! Менинг Ҳижозга бориб, Мадинада қолиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўп бор кўришганимни кўпчилик билади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга омонат гап айтганди. Билиб қўйинг – Мадинадаги пайғамбар мана шу Мусайламани ўзига шерик деб қабул қилиб, унга имон келтиришингизни буюрган. Бунга шоҳидлик бераман. Шундай экан, Мусайламага байъат қилишга чақираман… (Табарий. 11/276; Ибн Асир. 2/361).

Шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан Ямомага дин ва Қуръон таълимини ўргатишга юборилиб, бир муддат бу вазифани бажарган кишининг бу гапларига ким ҳам ишонмасди? Аммо у беш кунлик дунё ҳаёти, мол­дунёни деб имонини сотган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаси бўлиш шарафини бой берган, Аллоҳнинг Расулига бўҳтон тўқиб, абадий лаънатга лойиқ жирканч ишни амалга оширган эди. Ҳолбуки, икки олам Сарвари соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг номимдан ёлғон сўзламанг. Ким шундай қилса, ўзига жаҳаннамдан жой ҳозирлабди”, (Имом Бухорий ривояти) деганларини у яхши биларди.

Демак, унинг ёлғони янада чиркин, ҳеч кимнинг хаёлига келмайдиган даражада ёмон иш бўлганди. Бу ёлғон кишиларни имонидан айириб куфрга етаклайдиган, Мусайламадек каззоб кофирнинг пайғамбар эканига Набий алайҳиссалом гувоҳлик берди, деб ишонтирадиган ўта разил иш эди.

Ражжолнинг бу “шоҳид”лиги Мусайламанинг фитнасини алангалатди. Қисқа вақтда қирқ минг киши имонидан айрилиб, сохта пайғамбарга эргашди. Мадинада самимий мусулмон бўлиб кўринган, Ямомада ақл бовар қилмас даражада куфрга ундаган бир имонсизнинг ёлғони шу қадар катта зиён келтирганди.

Бу тарихий ҳодиса мисолида нега ёлғондан қайтарилганимизнинг ҳикматини кўриш мумкин. Динимиздаги ҳар бир чақириқ ҳам, қайтариқ ҳам бежиз эмаслигини англаймиз. Биргина ёлғон қирқ минг имоннинг кушандаси бўлган экан, бир гапни гапираётганда “аввал ўйла кейин сўйла” нақлига амал қилиш ҳар биримизнинг ёдимизда бўлмоғи лозим.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 19-сонидан