Қачон зиёрат қилгансиз?
Халқимизда “Бирор юртни яхшироқ билмоқчи бўлсанг, унинг бозорини ва мозорини зиёрат қил”, деган нақл бор. Дарҳақиқат, бозорлар юртнинг нечоғли фаровон ёки абгор эканини кўрсатса, қабристонлар бу ўлка аҳлининг маънавий дунёси, аждодлар меросига муносабатини ифода этади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қабрларни зиёрат қилиб туринглар, чунки у ўлимни эслатади”, деганлар (Бешовларидан фақат Имом Бухорий ривоят қилмаган).
Юртимизда улуғ аллома ва мутафаккирларнинг муборак хоки абадий қўним топган қадамжоларни ободонлаштириш анъанага айланган. Халқимиз бу дунёдан ўтган яқинларининг қабрларини озода ва покиза сақлаш, ёнатрофини обод қилишга алоҳида эътибор беради. Зеро, қабр инсоннинг охирги манзили бўлиб, тирикларга ҳаёт неъматлари учун шукр қилиб яшаш, уларни қадрлаш, охиратни ёд этиш заруратини мудом эслатиб туради. Шу маънода, кексаларимиз ва уламоларнинг қабрларни обод ва кўркам сақлаш ҳақидаги даъватлари ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмаган.
Афсуски, қабристонларга муносабат ҳамма жойда бир хил эмас. Қабристон учун ажратилган ердан бир қарич бўлса ҳам ўзлаштириб олишга, қабр тепасида чорва боқишга, шу тариқа энг сокин жойни оёқости қилишга жазм қиладиганлар бор. Ваҳоланки, Ислом таълимоти бўйича кишининг ўлигига етказилган озор унга тириклигида етказилган озор билан баробардир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Маййитнинг суягини синдириш худди тириклигида синдириш кабидир”, дея маййитларнинг ҳурматини жойига қўйиш лозимлиги, айниқса, қабрлар масаласида жуда эҳтиёт бўлиш муҳимлигини таъкидлаганлар. Аянчлиси, баъзилар ўзининг ўтиб кетган отаонаси ёки бошқа яқинларининг қабрларини ободонлаштириш уёқда турсин, ҳатто зиёрат ҳам қилмайди. Қабристонга қадам қўяр экансиз, айрим қабрларнинг чакалак босиб ётиши дилингизни хира қилади.
Ойша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга Жаброил келиб: “Раббинг сени аҳли Бақиъга келиб, истиғфор айтишингга амр қилди”, деб айтди», деганлари келтирилган. Демак, Бақиъга бориб, зиёрат қилиб, у ердагиларнинг гуноҳларини кечиришини сўрашни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилган. Энди сизу биз ўзимизга савол берайлик: охирги марта қачон ўтганларимизнинг қабрларини зиёрат қилдик?!
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 19-сонидан